Тиббиёт 01.02.2019 396

ДЎХТИРНИНГ ЭЪТИБОРСИЗЛИГИ БЕМОР ЎЛИМИГА САБАБ БЎЛСА...

Қонун ва бурч

ДЎХТИРНИНГ ЭЪТИБОРСИЗЛИГИ БЕМОР ЎЛИМИГА САБАБ БЎЛСА...

Иссиқ жоннинг иситмаси бор, дейдилар. Шундай пайтда дарҳол жонимизга шифокорлар ора киради. Уларнинг илиқ муомаласи, пухта ташхиси ва даво чоралари ҳаёт йўлимиз равон кечишида муҳим ўрин тутади. Бордию, бунинг акси бўлса, Гиппократ қасамини ичиб, ҳар бир беморга ёрдам беришга ваъда берган дўхтир аҳдида турмаса, ўз вазифасига совуққонлик билан қараса-чи, унда дардингни кимга айтасан?!

Маълумки, Конституциянинг 13-моддасига мувофиқ инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Ўз навбатида Жиноят кодексининг 116-моддасида касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Хусусан, шахснинг ўз касбига нисбатан бепарволиги ёки инсофсизлик билан муносабатда бўлиши туфайли касб юзасидан ўз вазифаларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Қонун ёки махсус қоидаларга мувофиқ касалга ёрдам кўрсатиши шарт бўлган шахснинг узрли сабабсиз шундай ёрдам кўрсатмаганлиги баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Юқорида назарда тутилган қилмишлар эҳтиётсизлик орқасида одам ўлишига сабаб бўлганда эса икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.

Шахснинг касб юзасидан ўз вазифаларини бажармаслиги ёхуд лозим даражада бажармаслиги, фақат бир мартагина содир этилган ҳаракат ёки ҳаракатсизликда намоён бўлиб қолмай, балки узоқ муддат давомида қилинган ҳаракатсизликда ёки қатор ҳаракатларни лозим даражада адо этмасликда акс этиши, ўз   навбатида жиноят қасддан ёки эҳтиётсизликдан  содир этилиши мумкин.

Врач қонунга мувофиқ ёхуд махсус қоидаларга кўра тиббий ёрдамга муҳтож фуқарога ёрдам бериши зарур бўлса, лекин узрли сабабларсиз ёрдам кўрсатмагани оқибатида беморнинг баданига ўртача оғир ёки оғир шикаст етишига олиб келса, жиноий жавобгарликка тортилади.

Қонунга мувофиқ тиббиёт ва фармацевтика ходимлари фуқароларга йўлда, кўчада, бошқа жамоат жойларида ва уйда биринчи тиббий ёрдам кўрсатишга мажбурдирлар. Бу тоифага врачлар, акушерлар ва бошқа тиббиёт ходимлари киради.

Махсус қоидалар билан зиммаларига муайян шароитларда касалларга ёрдам кўрсатиш мажбурияти юклатилган шахслар ҳам жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин. Мазкур шахслар тоифасига милиция, ёнғиндан муҳофаза қилиш, қутқарув хизмати ходимлари ва бошқалар киради.

Агар айбдорнинг қилмишлари одамлар ўлимига олиб келса ёки бошқа оғир оқибатлар келтириб чиқарса, айбдор шахснинг қилмиши Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 116-моддасининг тўртинчи қисми квалификация қилинади. Яъни беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.

Одамларнинг ўлимига олиб келса, деганда, икки ёки ундан ортиқ кишининг ўлими тушунилади.   Бошқа оғир оқибатлар деганда эса икки ёки ундан ортиқ шахсга оғир тан жароҳати етказиш, кўп одамларга юқумли касаллик юқтириш киради.

Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик жинояти бўйича қуйидаги мисолларни келтириш мумкин.

Қамаши тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли Чим қишлоқ участка шифохонасида акушер-гинеколог бўлиб ишлаган Б.Каримова хизмат вазифасини бажараётган чоғида фуқаро С.Шодмонова умумий ҳолсизлик шикояти билан мурожаат қилган. Бемор тиббий текширувдан ўтказилиб, жарроҳлик амалиётини бажариш чоғида эса бачадон пастки сегменти тешилиши кўринишидаги ҳаёт учун хавфли оғир тан жароҳати етказилган. Шифокор бунга эътибор қаратмай, беморга уйига жавоб бериб юборган ва ўз вақтида ёрдам кўрсатилмагани оқибатида С.Шодмонова вафот этган.

Шунга кўра, жиноят ишлари бўйича Қамаши туман судининг ҳукмига асосан Б.Каримовага 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик ҳамда тиббиёт соҳаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 2 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Яна бир ҳолатда Нишон тумани тиббиёт бирлашмаси хирургия бўлими ординатор шифокори вазифасида ишлаб келган А.Муҳаммадиев йўл-транспорт ҳодисаси натижасида тан жароҳати олиб, шифохонага келган бемор С.Орзиевга аниқ ташхис қўймай, ўз вақтида шифохонага ётқизмаган. Зудлик билан плевра бўшлиғини дренажлаш операциясини ўтказиши зарур бўлгани ҳолда олинган жароҳатга тўғри баҳо бермаган. Бу эътиборсизлик ҳам бемор ўлими билан якун топган.

Жиноят ишлари бўйича Нишон тумани судининг 2018 йил 25 январдаги ҳукмига асосан А.Муҳаммадиевга шифокорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан 1 йил муддатга маҳрум қилиб, 2 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

М.Норходжаев эса вилоят 1-сонли асаб-руҳий касалликлар диспансерида орастабон вазифасида ишлаган. У ўз вазифаси ва мажбуриятларини етарли даражада бажармасдан, диспансерда "Д" ҳисобда туриб даволанаётган Р.Эшовни назоратсиз қолдиргани оқибатида бемор диспансер ҳовлисида жойлашган трансформатор устига чиқиши натижасида уни электр токи уриб, ҳаёт учун хавфли оғир тан жароҳати олган.

Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг 2018 йил 9 октябрдаги ажримига асосан гумон қилинувчи М.Норходжаевга нисбатан бўлган жиноят иши томонларнинг ярашганлиги муносабати билан тугатилган.

Шуни унутмаслик керакки, ҳар қандай инсон учун энг катта бойлик унинг саломатлигидир. У бу йўлда шифокорларга ишонаркан, тоби қочганда, мадад кутиб, саломатлиги тикланишидан умид қиларкан, ҳеч бир тиббиёт ходими зиммасидаги масъулиятни бирор сония бўлсин эсдан чиқармаслиги шарт.

Ҳамид БОБОҚУЛОВ,

жиноят ишлари бўйича вилоят суди судьяси