Қишлоқ хўжалиги 05.02.2019 276

ДАЙКОН - ЭКСПОРТБОП МАҲСУЛОТ

Қишлоқ хўжалиги

ДАЙКОН - ЭКСПОРТБОП МАҲСУЛОТ

Нишон туманидаги "Истиқбол нишонаси" фермер хўжалиги   фаолияти ғаллачилик ва пахтачиликка асосланган. Бугунги кунда ушбу хўжалик 100 гектардан зиёд майдонни   тасарруф этиб келмоқда. Фермер Амир  Норқулов деҳқончиликда фақатгина асосий экинлар билан чекланиб қолмасликка ҳаракат қилмоқда. Ҳар йили ғалладан бўшайдиган майдонлардан унумли фойдаланишга эътибор қаратилади. Ўтган йили экин турини танлашда эса унинг экспортбоп бўлиши алоҳида ҳисобга олинганди. Хўжалик даласида биринчи марта дайкон ва аччиқ қалампир экилиб, мўл ҳосил олинди.

- Вилоятимиз қишлоқ хўжалиги учун бироз янгилик саналган дайкон сабзавоти кўпроқ хориж мамлакатлари, хусусан, Корея ва Японияда севиб истеъмол қилинади, - дейди фермер. - Яъни бу маҳсулотнинг бозори, харидори бор. Шуни мўлжал қилиб, бултур сентябрь  ойида махсус уруғлик олиб келиб, 20 гектар майдонга экдик. Агротехникаси у қадар қийин эмас. Совуққа ҳам чидамли. Тупроқ ва иқлим-шароитимизга мос келди. Парваришини тўғри ташкил этдик. Яқин-яқиндан бошлаб эса ҳосилини йиғиштириб олишга киришдик. Маҳсулотнинг бир қисмини ички бозорга ҳам чиқардик. Бир нечта машинага юклаб, пойтахтга жўнатдик. Катта миқдорда ғамлаб ҳам қўйдик. Яхши таклиф бўлса, экспортга йўналтиришни бошлаймиз. Агрофирмалар билан музокара олиб бораяпмиз.

Деҳқоннинг айтишича, дайкон кўринишидан редиска ва  турпни ҳам эслатади. Аммо меваси улардан йирик. Баъзан бир донаси оғирлиги 5-6 килограммга етиши мумкин. Шу боис гектаридан 70 тоннагача сархил маҳсулот олиш имконияти мавжуд.

Маълумотларга кўра, ушбу ўсимлик озиқ моддаларга бой бўлиб, таркибида С ва В витаминлари, оқсил, пектин мўл. Дайкон кам калорияли маҳсулот саналади. Эътиборга молик муҳим жиҳати, у тупроқдаги зарарли моддаларни ўзлаштирмайди. Бугунги кунда дайконни иссиқхона шароитида ҳам етиштирса бўлади.

Фермернинг сўзларига кўра, хўжаликда сифатли аччиқ қалампир етиштиришнинг ҳам уддасидан чиқилган. 20 гектар ерда парваришланган мазкур экиндан яхши ҳосил териб олинган. Ўзаро келишувга кўра, маҳсулот экспортчи корхонага етказиб берилган ва хориж бозорига йўналтирилган. Бироқ корхона деҳқон олдидаги мажбуриятларини тўлиқ бажармаган. Аччиқ қалампир учун тўловнинг бир қисми асоссиз равишда кечитирилмоқда. Натижада фермер теримчиларга ҳақ тўлай ва бошқа харажатларни қоплай олмаяпти. Ана шу ҳол ундаги ғайратга соя солмаса бўлгани.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Собир Нарзиев олган суратлар.