Қишлоқ хўжалиги 23.08.2019 80

ДАЛАДАН ДАСТУРХОНГАЧА...

Ярмарка

Яқиндагина мусулмон оламининг энг йирик байрамларидан бири - Қурбон ҳайитини кенг нишонладик. Мана, яна бир улуғ айём - мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллиги шодиёналари тобора яқинлашиб келмоқда.

Албатта, меҳмондўстликни, сахийлик ва очиққўлликни ўзгача қадрлайдиган ўзбек хонадонларида ҳеч бир байрам чиройли дастурхон безатишларсиз бўлмайди. Натижада байрамлар арафасида ҳар бир оилада озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб одатдагидан бироз ошади. Бу эса бозорларда нархлар тебранишига олиб келиши мумкин. Шундан келиб чиққан ҳолда, ҳар йили мамлакатимиздаги деҳқон бозорлари ва йирик савдо расталарида турли байрамлар олдидан арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркалари ўтказилиши анъана тусини олган.

Айни пайтда вилоятимизда ҳам "Даладан  дастурхонгача" шиори остида озиқ-овқат маҳсулотларининг арзонлаштирилган савдо ярмаркалари ташкил этилиб, бозор ва савдо расталарида деҳқонларнинг воситачисиз, ўзлари маҳсулотларини сотишларига шарт-шароит яратилаяпти.

Таъкидлаш жоиз, аксар деҳқон бозорларидаги савдо  расталарини асосан олиб сотарлар эгаллаб, улар деҳқондан олган маҳсулотини қарийб икки баробар қимматига пуллашади. Асл деҳқонларнинг ўзлари маҳсулотларини сотишса, бозор нарх-навоси қимматлашиб кетмаслиги, мўътадил ва ҳамёнбоп бўлиши эса кундай равшан.

Шу мақсадда "Даладан дастурхонгача" савдо ярмаркаларига маҳсулот етиштирувчиларнинг ўзлари таклиф этилиб, уларнинг бозорларда ажратилган нуқталарда бемалол савдо қилишлари учун барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқда.

Масалан, Чироқчи тумани Кўкдала қишлоғида яшовчи Шоҳжаҳон Ҳамроев оила аъзолари билан биргаликда ҳар йили кўп миқдорда картошка етиштиради. Унга Қарши шаҳридаги марказий деҳқон бозоридан раста ажратилиб, ўзи истаган барча қулайликлар яратиб берилди. Энди у маҳсулотини шу ерда чакана усулда сотмоқда. Нарх деҳқонга ҳам, истеъмолчига ҳам маъқул.

Умуман олганда, биргина Қарши шаҳридаги марказий деҳқон бозорида нархларнинг ошиб кетмаслиги учун  қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи 23 та фермер хўжалиги, 4 та паррандачилик ҳамда гўшт етиштирувчи тадбиркорлик субъектлари билан шартномалар  тузилган. Улар ўз маҳсулотларини тўғридан-тўғри бозорга келтириб сотмоқда. Натижада, расталарда озиқ-овқат маҳсулотларининг мўл-кўллиги таъминланаяпти.

Худди шунингдек, вилоятдаги барча йирик бозорлар ҳамда турғун савдо нуқталарида "Даладан дастурхонгача" шиори остида озиқ-овқат маҳсулотларининг арзонлаштирилган савдо ярмаркалари ўтказилмоқда.

Айни пайтда Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг вилоят бошқармаси, шаҳар ва туман бўлимлари томонидан хилма- хил, сара мевалар, қовун-тарвузлар, сабзавотлар, гўшт, сут, қатиқ, қаймоқ, тухум каби паррандачилик ва чорвачилик маҳсулотлари қўлдан-қўлга ўтмасдан, савдо нуқталарида бевосита етиштирувчи ва ишлаб чиқарувчиларнинг ўзлари томонидан сотилишини таъминлаш, нархлар асоссиз ошишига йўл қўймаслик борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Тўлқин ҚУРБОНОВ,

департаментнинг вилоят бошқармаси катта инспектори