Жамият 12.02.2019 233

ДАРОМАДНИ КАМ КЎРСАТИБ, ОЗ МИҚДОРДА АЛИМЕНТ ТЎЛАШГА УРИНИШ ҚАЙСИ МЕЪЁРГА МОС КЕЛАДИ?

Ҳуқуқ ва бурч

ДАРОМАДНИ КАМ КЎРСАТИБ, ОЗ МИҚДОРДА АЛИМЕНТ

ТЎЛАШГА УРИНИШ ҚАЙСИ МЕЪЁРГА МОС КЕЛАДИ?

Фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш, уларнинг муаммосини ҳал қилиш жараёнида оила, никоҳ ва алимент билан боғлиқ масалаларга кўп дуч келинади. Зеро, нафақат ҳар бир инсон, балки жамият ҳаётида ҳам оила мустаҳкамлиги муҳим ўрин тутади. Оила тинч-тотув бўлса, фарзандлар илму ҳунарли бўлади, ҳаётда ўрнини топади. Ўз навбатида жамиятда барқарорлик ҳукм суради. Чунки меҳр-оқибатлилик, ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, фидойилик, халқпарварлик, ватанпарварлик каби инсоний фазилатлар аввало соғлом оилавий муҳитда шаклланади.

Оилавий муносабатларни асраш, яъни оилани сақлаш, ажримларнинг олдини олиш ва фарзандларнинг ота-она тарбиясида бўлишини таъминлашга инсоният азалдан интилиб келган. Қадимги Рим давлатида оилавий низоларни кўриб чиқувчи судья оилали ва камида икки нафар фарзандни тарбиялаган бўлиши шарт қилиб қўйилган. Бинобарин, мамлакатимизда судга ажрашиш учун ариза берган эр-хотинларни яраштириш масаласи хотин-қизлар қўмитаси ва маҳалла фаоллари томонидан кўриб чиқилиши жорий қилингани ҳам кўплаб оилаларни сақлаб қолиш имконини бераётганини таъкидлаш жоиз.

Конституциямизда оилавий муносабатларни тартибга солувчи бир қанча нормалар мавжуд. Ота-оналар вояга етмаган фарзандларини боқиш ва тарбиялашга мажбурлиги қонунларимизда белгилаб қўйилган. Қонуннинг бу талаблари бузилиши эса жавобгарликни келтириб чиқаради. Афсус билан айтиш мумкин, ота-онанинг вояга етмаган фарзандлари учун алимент тўловини бажармаслиги ёки бажаришдан бўйин товлаши бугунги куннинг долзарб муаммоларидан бирига айланган.

Қонунчилигимизда эр-хотин никоҳи давлат рўйхатига олингунга қадар ёхуд никоҳ даврида ҳам никоҳ шартномаси тузиш мумкинлиги белгиланган. Никоҳ шартномаси ёзма шаклда тузилиши ва нотариал тартибда тасдиқланиши лозим. Эр ва хотин никоҳдан ажралган тақдирда уларнинг мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгиловчи келишуви никоҳ шартномаси ҳисобланади. Амалиётда никоҳ шартномаси тузиш кам учрайди. Назаримизда, никоҳ шартномаси тузиш мажбурийлигини қонунларимизга киритиш керак. Ана шунда аёллар ва болалар ҳуқуқини таъминлаш кафолатланади.

Оила кодексининг 90-97-моддаларига асосан ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт. Уларнинг алимент тўлаш ва таъминот беришдаги мажбурияти тенгдир. Алимент тўлови ота-онанинг бири томонидан иккинчисига, яъни вояга етмаган бола тарбияси билан шуғулланаётган ота ёки онага берилади. Алимент ота-онадан алимент келишуви тузиш орқали ихтиёрий ёки суд буйруғи, ёхуд суднинг ҳал қилув қарори асосида мажбурий ундирилади. Ихтиёрий келишув нотариал тасдиқланиши ҳамда боланинг манфаатларига зид бўлмаслиги керак. Ўзаро келишув алимент масаласини ҳал қилишда энг қулай ечимдир.

Бу борада ўзаро келишувга эришилмаган тақдирда ота ёки она алимент ундириш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилишга ҳақли. Алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва бошқа даромадининг бир бола учун тўртдан бир қисми, икки бола учун учдан бир қисми, уч ва учдан ошиқ бола учун ярми миқдорида ундирилади. Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонун ҳужжатлари билан белгиланган энг кам иш ҳақининг етмиш беш фоизидан кам бўлмаслиги керак.

Амалиётда иқтисодий имконияти ва даромади катта бўлса-да, айрим эркакларнинг судга иш ҳақи камлиги тўғрисида маълумотнома тақдим қилиб, боласига кам миқдорда алимент тўлаши учрайди. Улар иш ҳақидан бошқа даромадларини яширишга ҳаракат қилади.

Шунингдек, алимент ундиришга оид суд буйруғи ва суднинг ҳал қилув қарорлари ўз вақтида ижро этилмаётгани бўйича мурожаатлар мавжуд. Масъул идоралар бу каби масалаларга жиддий эътибор қаратиши лозим.

Ваҳоланки, қонунларимизда суд буйруғи ёки суднинг ҳал қилув қарорига асосан вояга етмаган фарзандларининг моддий таъминотидан бўйин товлаган ота-оналарга нисбатан маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 474-моддасида икки ойдан ошиқ муддат мобайнида алимент тўламаганлик учун ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олиш ёки қамоққа олиш мумкин бўлмаган шахсларга энг кам иш ҳақининг йигирма баравари миқдорида жарима солиш белгиланган.

Шахс маъмурий жавобгарликка тортилганидан кейин ҳам белгиланган маблағни икки ойдан ошиқ муддат мобайнида тўламаса, Жиноят кодексининг 122-моддасига асосан жиноий жавобгарликка тортилади. Бу шахсга икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланиши мумкин. Алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни тўлиқ тўлаган шахслар жавобгарликдан озод қилинади. Шундай экан, ёш авлоднинг соғлиғи, тарбияси ва камол топишида ота-онанинг масъулияти, жавобгарлигини янада ошириб бориш зарур.

Оилавий ажримлар ва "тирик етим"лар кўпайишига сабаблар кўп, бироқ улар орасида иккитаси - энг муҳими. Биринчидан, маънавий-ахлоқий ва ахлоқий қадриятларга дарз кетгани. Иккинчидан, ҳар бир оила (эр ва хотин)нинг иш билан банд эмаслиги ва оиласини ўртача даражада боқиш учун даромадга эга эмаслиги.

Таъкидлаш лозим, вилоятимизда хотин-қизлар ўртасида маънавий муҳитни соғломлаштириш, ажримларнинг олдини олиш, болаларнинг ота-она меҳридан баҳраманд бўлиб ўсишини таъминлаш, ёлғиз ва ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, вилоят ҳокимининг 2015 йил 8 июндаги қарори билан вилоятда "Аёллар маслаҳат маркази" ташкил этилган бўлиб, ўтган вақт мобайнида марказга 4 мингдан ошиқ хотин-қиз мурожаат қилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 июлдаги қарорига асосан зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилатация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш Республика маркази тузилиб, вилоятимизда ҳам шундай марказ фаолият олиб бормоқда. Шунингдек, Президентимизнинг "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини    мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ижросини таъминлаш борасида ҳам қатор ишлар олиб борилаётир.

Маълумотларга кўра, вилоят аҳолисининг 1 миллион 580 минг 660 нафарини хотин-қизлар ташкил қилади. 2018 йил давомида оғир турмуш шароитидаги хотин-қизларнинг 431 нафарига уй-жой ва уйини таъмирлаш ишларида амалий ёрдам, 1574 нафарига тиббий ёрдам кўрсатилган, 2062 нафарининг бандлиги таъминланган.

Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш мақсадида Деҳқонобод, Қарши, Косон, Қамаши, Китоб, Нишон, Муборак туманлари ва Қарши шаҳрида мослашув марказлари ташкил этилди. Ушбу марказларга жами 300 нафар хотин-қиз мурожат қилган бўлиб, уларга тиббий, психологик, ҳуқуқий масалаларда амалий ёрдам кўрсатилган. 20 нафарининг бандлиги таъминланиб, 4 нафарига кредит олишига кўмаклашилган. 85 нафарининг оилавий келишмовчилиги бартараф этилиб, яраштиришга эришилган.

 Ҳаракатлар стратегияси асосида кейинги йилларда аҳолини арзонлаштирилган уй-жойлар билан таъминлаш йўлга қўйилди. Жорий йилда 110 нафар кам таъминланган,   ногиронлиги бўлган фуқароларга   бепул уй-жойлар, ногиронлиги бор 376 нафар кишига ногиронлик аравачалари топширилди. Яна ногиронлиги бўлган кам таъминланган хотин-қизларга Вазирлар Маҳкамасининг 285-сонли қарорига асосан 106 та уй берилиши режалаштирилган бўлиб, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси ҳузуридаги хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан 4 миллиард 339 миллион 121 минг сўм бошланғич бадал пули ўтказилган. Аминмизки, бу ишлар ҳали яна давом этади.

Унутмаслик керакки, муқаддас динимиз исломда эркак ва аёлга жуфт бўлиб яшаш буюрилган, ёлғизлик хуш кўрилмаган. Эрнинг хотин, хотиннинг эр олдидаги мажбурияти катта қилиб қўйилган. Шундай экан, азалий қадриятларни сақлаш ва оила олдидаги мажбуриятларни бажариш муҳим вазифадир. Оила бузилишидан аёллар ва болалар кўпроқ жабр кўради. Бу тоифадаги оналар, болаларнинг ҳорғин, умидсиз чеҳраси ва ишончсизлик ва нафратга тўла нигоҳига эътибор берганмисиз!? Кўп ҳолларда уларга моддий ёрдам бера олмасдан, сабр тилаймиз, юпанч ва таскин берамиз, холос. Назаримизда, уларнинг мусибати бошқаларни огоҳликка чорлаши керак.

Масаланинг яна бир жиҳати, оила, фарзандлар юкини опичлаган ҳолда ҳаёт сўқмоқларида ҳориган, иложсизликдан мардикорлик, ҳатто боласини етаклаб тиланчилик қилаётган ва   бошқа "гуноҳлар"и учун тинимсиз муҳокама (ғийбат) қилинаётган аёлларни "тарбиялаш" билангина муаммолар ҳал бўлармикан? Балки энг аввало оиласи, фарзандлари, халқи, юртининг қадри ва шаъни учун фидойи бўла оладиган йигитларнинг виждони, ғурурини уйғотиш керакдир?

Аслида ҳамма гап ҳар бир фуқаронинг оилавий бурчини чуқур англаши ва ота-она деган номга муносиб бўлишида. Зеро, фарзандлар кексайганда таянчимиз ва наслимиз давомчисидир. Улуғларимизнинг бу борада "Қабрингиз устида фарзандларингиз чин кўнгилдан кўз ёш тўкишини истасангиз, тириклигингизда уларнинг кўз ёшини тўкманг" деган ўгитларини эслаш кифоя.

Абдишукур ОМОНОВ,

вилоят ҳокимлиги юридик хизмат раҳбари