Сўнгги янгиликлар 09.10.2018 176

ДАВЛАТ БОШҚАРУВИ АКАДЕМИЯСИ ҚАРШИ ҲУДУДИЙ ФИЛИАЛИ ИШ БОШЛАДИ

Қарор ва ижро

ДАВЛАТ БОШҚАРУВИ АКАДЕМИЯСИ ҚАРШИ ҲУДУДИЙ ФИЛИАЛИ ИШ БОШЛАДИ

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 6 августдаги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг Гулистон, Қарши, Самарқанд, Урганч ва Фарғона шаҳарларида ҳудудий филиаллари ташкил этилган эди. Куни кеча Давлат бошқаруви академияси Қарши ҳудудий филиалининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда вилоят ҳокимлиги масъул ходимлари, давлат ва нодавлат ташкилотлар раҳбарлари, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари филиал иш тартиби, тингловчиларга яратилган шароитлар билан танишишди.

Қарши давлат университети бош биносида фаолият бошлаган филиалда дастлабки навбатда Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари шаҳар ва туман ҳокимларининг ўринбосарлари, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг шаҳар ва туманлардаги бўғинлари раҳбарлари малака ошириши белгиланган. Филиал замонавий компьютер техника жиҳозлари, дарсларни интерфаол усулда ўтиш имконини берадиган жиҳозлар, мебеллар ва бошқа ўқув материаллари билан жиҳозланган. Турар жойга эҳтиёжи бўлган тингловчилар учун университет талабалар ётоқхонасидан жой ажратилган.

- Маълумки, ҳудудий филиалларда давлат ва жамият бошқаруви соҳасидаги раҳбар кадрларнинг малакаси оширилади, - дейди Давлат бошқаруви академияси Қарши ҳудудий филиали директори Хушвақт Ҳайитов. – Шунга мувофиқ, малака ошириш курси 6 кун давом этиб, 72 соатлик вебинар, суҳбат, тренинг машғулотларидан иборат. Шунингдек, тингловчиларга мустақил таълим учун топшириқлар берилади ва уларни бажариш якунида тақдимот, муайян кейс ечими ёки чора-тадбирлар режаси ва “йўл харитаси” лойиҳаси ишлаб чиқилади. Вебинар машғулотлар эса академия профессор-ўқитувчилари томонидан онлайн тарзда олиб борилади. Суҳбат ва тренинглар эса мини-маъруза ва мавзу бўйича муҳокама шаклида, ақлий ҳужум, кичик гуруҳларда ишлаш, кейс-стади ва диалог шаклларида ташкил этилади.

Шуни ҳам таъкидлаш лозим, малака ошириш курси тингловчиларининг ўзлаштириши академия таълим портали орқали мониторинг қилинади. Тизимли равишда топшириқлар бериш ва тестлар ечиш билан уларнинг билими баҳоланади. Малака ошириш курсларидан муваффақиятли ўтган бошқарув кадрларига сертификатлар берилади.

Н.ХЎЖАЕВ