Иқтисодиёт 22.02.2019 309

ДАВЛАТ ДАСТУРИ ВИЛОЯТ ИЖТИМОИЙ ҲАЁТИДА ҚАНДАЙ ЎЗГАРИШ ЯСАЙДИ?

Семинар

ДАВЛАТ ДАСТУРИ ВИЛОЯТ ИЖТИМОИЙ ҲАЁТИДА ҚАНДАЙ ЎЗГАРИШ ЯСАЙДИ?

Ҳаракатлар стратегиясини "Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили"да амалга оширишга оид Давлат дастури доирасида жорий йилда Қашқадарёда ҳудудларнинг ва иқтисодиёт тармоқларининг мавжуд салоҳиятидан самарали фойдаланиш, шу жумладан, саноат, хизматлар ва сервис соҳасида, кичик бизнесни, фермер ва деҳқон хўжаликларини ривожлантириш ҳисобига 76600 та янги иш ўрни яратилиши белгиланган. Муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани яхшилаш мақсадида эса 40 та ичимлик суви, 1 та оқова сув иншоотида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилади. 157,7 километр ичимлик суви, 5,7 километр оқова сув тармоғи барпо қилинади. Вилоятимиз қишлоқ массивларида 1207 та арзон, замонавий, шинам уй-жой бунёд этилади.

Бу ҳақда вилоят ҳокимлигида ташкил этилган семинарда қайд этилди. Тадбир давлат дастурига асосан ижтимоий соҳани ривожлантириш йўналиши бўйича бажариладиган ишлар моҳиятини аҳоли орасида кенг тарғиб этиб, тегишли бандларнинг изчил ижросини таъминлаш масалаларига бағишланди.

Унда сенаторлар, маҳаллий кенгашлар депутатлари, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, вилоятдаги ижтимоий соҳага оид муассаса ва ташкилотлар раҳбарлари, жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Семинарда таъкидландики, давлат дастурида одамларнинг бандлиги ва реал даромадларини  босқичма-босқич ошириб бориш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича мақсадли дастурларни ҳаётга изчил татбиқ этиш бўйича кўплаб ислоҳотларни амалга оширишга катта эътибор қаратилган. Жумладан, 2019 йилда воҳамиздаги тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида 15 та тиббиёт объектида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилади. Шошилинч тиббий ёрдам тизимини янада ислоҳ қилиш изчил давом эттирилади. Ёшларни иш билан таъминлаш, уларнинг тадбиркорлигини ривожлантириш мақсадида вилоятда 7 та меҳнат гузари, 7 та ёшлар коворкинг маркази бунёд этилади. Уларнинг 878 та лойиҳасини қўллаб-қувватлаш мақсадида 202 миллиард 406 миллион сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилиши кўзда тутилмоқда.

Семинарда бу ишларни изчил амалга оширишда депутатларнинг, маҳаллий ҳокимият органлари, корхона ва ташкилотлар раҳбарларининг, жамоат ташкилотлари мутасаддиларининг аниқ вазифалари белгилаб олинди.

М.ШУҲРАТОВ