Иқтисодиёт 05.07.2019 119

ДАВЛАТ ИЖТИМОИЙ БУЮРТМАСИ АСОСИДА

Учинчи сектор

ДАВЛАТ ИЖТИМОИЙ БУЮРТМАСИ АСОСИДА

муҳим ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳа амалга оширилмоқда

Яқинда давлат ижтимоий буюртмалари танловида ғолиб деб топилган  "Yuksalish" ахборот-маслаҳат ресурс маркази "Ёшларни тадбиркорлик соҳасига кенг жалб қилиш - бандликни таъминлашда муҳим омилдир" деб номланган муҳим ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳани амалга оширишга киришди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг молиявий кўмаги билан вилоят ҳокимлигининг давлат ижтимоий буюртмаси асосида ҳаётга татбиқ этилаётган мазкур лойиҳа доирасида ишсизлик даражаси нисбатан юқори бўлган Миришкор ва Чироқчи туманларида экспериментал маҳаллий ривожланиш марказларини (МРМ) ташкил этиш назарда тутилган.

- Бу МРМлар керакли ускуналар билан жиҳозлангач, у ерда ишсиз ёшлар ва  коллеж битирувчилари учун қисқа муддатли ўқув курслари очилиб, тингловчилар меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитилади, шунингдек, уларга бизнес юритиш кўникмалари сингдирилади ва ўз ишини бошлаши учун амалий ёрдам кўрсатилади, - дейди "Yuksalish" ахборот-маслаҳат ресурс маркази директори Зулфия Ҳайдарова. - Хусусан, Миришкор тумани Жейнов қишлоғидаги экспериментал МРМда ишсиз аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларга миллий ҳунармандчиликнинг гиламчилик, каштачилик, қуроқчилик каби турлари, Чироқчи тумани марказида ташкил қилинажак МРМда эса металлга ишлов бериш, мебель жиҳозларини таъмирлаш ва ясаш йўналишлари бўйича касб-ҳунар ўргатилади. Шу тариқа Миришкор туманида 100 нафар, Чироқчи туманида эса 120 нафар ёшни ўқитиб, уларнинг меҳнат бозорида ўз ўрнини эгаллаши ва доимий даромад манбаларига эга бўлиши учун замин ҳозирланади. Лойиҳанинг муваффақиятли амалга оширилишини таъминлаш мақсадида вилоят ҳамда Миришкор ва Чироқчи туманлари ҳокимликлари, вилоят бандлик бош бошқармаси, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, "Ҳунарманд" уюшмаси ҳамда яна кўплаб ташкилотлар билан амалий ҳамкорлик қилиш назарда тутилган.

Бир йилга мўлжалланган лойиҳани рўёбга чиқариш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа    институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан 200 миллион сўм ажратилган. Бу маблағнинг асосий қисми экспериментал маҳаллий ривожланиш марказлари учун зарур ўқув-ишлаб чиқариш ускуналари ва материаллар харид қилишга йўналтирилади.

Темур НИЗОМОВ