Жамият 06.09.2019 72

ДАВЛАТ МУКОФОТЛАРИ ТОПШИРИЛДИ

Вилоят ҳокимлигида

Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги арафасида мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантиришга катта ҳисса қўшган, ўз соҳаларида юқори натижаларга эришган бир гуруҳ юртдошларимиз фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланди.

Вилоят ҳокимлигида ана шу юксак мукофотларни топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда давлат мукофотлари билан тақдирланганлар, жамоатчилик вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбирни вилоят ҳокими Зафар Рўзиев кириш сўзи билан очди ва мукофотларни қабул қилиб олиш учун ҳозир бўлган воҳадошларимизни халқимиз ва давлатимиз раҳбариятининг юксак эътирофига сазовор бўлганликлари билан самимий муборакбод этди.

Ушбу эътироф юртимизда инсон шаъни, қадр-қиммати юксак қадрланиши, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, Ватан тараққиёти, соғлом авлод тарбияси, юрт равнақи йўлида фидойилик кўрсатаётган юртдошларимизнинг меҳнати ҳеч қачон эътибордан четда қолмаслигининг ўзига хос намунаси эканлиги таъкидланди.

- Президентимиз фармони билан "Дўстлик" орденига лойиқ кўрилганим менга улкан фахр бағишлайди, - дейди Деҳқонобод туманидаги 30-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Қаҳҳор бахши Раҳимов. - Бунга қўшимча энди Деҳқонободдаги 5-болалар мусиқа ва санъат мактаби отам, Қодир бахши Раҳимов номи билан аталиши кўксимни тоғдай кўтарди. Бу ютуқлар энг улуғ байрамимиз муносабати билан бўлганида ҳам рамзий маъно бордай. Чунки истиқлолгина бизга орзу-умидларимизни баралла куйга солиш имконини берди.

Мукофотлар ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.

Н.ХЎЖАЕВ

Суратда: мукофотланганлардан бир гуруҳи.

Муродулла КОМИЛОВ олган сурат.