Жараён 19.04.2019 271

ДЕҲҚОНОБОД КАЛИЙ ЗАВОДИ ХУСУСИЙ ИНВЕСТОРГА СОТИЛАДИ (МИ?)...

Саноат

Дунё тажрибаси билан таққосласак, бугун юртимиз кимё саноатини жуда кенг тараққий этган, деб бўлмайди. Тўғри, йилдан-йилга ўсиш кузатилмоқда. Аммо маҳсулдорлик, ҳажм ошгани билан сифат у қадар ўзгармаяпти. Тармоқ корхоналари хом ашёни бирламчи қайта ишлашдан нарига деярли  ўта олгани йўқ. Мавжуд минерал ресурслар негизида юқори қийматли, импорт ўрнини босувчи хилма-хил маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш жараёни қониқарли эмас. Ўзимизда тайёрлаш имконияти бўлгани ҳолда, маҳаллий қувватлар учун зарур аксар кимё товарлари мамлакатимизга ҳамон четдан олиб келинмоқда. Бу дегани, фақат шунинг учун катта миқдорда валюта сарф бўлмоқда.

Давлат раҳбарининг 2019 йил 3 апрелдаги "Кимё саноатини янада ислоҳ қилиш ва унинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори мазкур соҳа салоҳиятини кўтаришга қаратилганки, ушбу ҳужжат асосида яқин истиқболда иқтисодиётнинг бу тармоғини жадал ривожлантириш ва диверсификация қилиш, соҳада давлат иштирокини камайтириш, корпоратив  бошқарувнинг самарали усулларини жорий этиш белгиланди. Шу орқали кимё саноатига хусусий инвестиция, аввало, хорижий сармоя жалб қилишни фаоллаштириш мақсад қилинган.

Қарорга мувофиқ, 2019-2030 йилларда юртимиз кимё саноатини ривожлантириш дастури тасдиқланган. Дастур доирасида умумий қиймати 12,1 миллиард АҚШ доллари эквивалентидаги 31 та истиқболли лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. Шунинг 1,7 миллиард доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредит маблағлари ҳиссасига тўғри келади.

Бундан ташқари, бир қатор устувор масалаларни ўз ичига олган Кимё тармоғида ислоҳотларни босқичма-босқич амалга ошириш чора-тадбирлари дастури ҳам ишлаб чиқилган.

Маълумки, вилоятимизда кимё индустрияси субъектлари ниҳоятда кам. Энг кўзга кўрингани - "Деҳқонобод калий заводи" масъулияти чекланган жамияти. Президентимиз қарорида ушбу гигант корхона фаолиятини такомиллаштиришга ҳам алоҳида эътибор берилган.

Хусусийлаштириш нима беради?

Бугунги кунда юртимиздаги кимё саноати корхоналарининг кўпчилиги давлатга қарашли, ё бўлмаса, уларда давлат улуши устунлик қилади. Бу эса тармоқнинг инвестициявий жозибадорлигини камайтиради. Яъниким, шу чоққача ушбу соҳага сармоя йўналтириш билан фақат давлат шуғулланиб келмоқда. Хусусий инвестиция иштироки эса чекланган. Айни пайтда айрим корхоналар фақат режа, прогноз бажариш учун ишлаётгани ҳам сир эмас. Бу ҳолатда жиддий ўзгариш, ишлаб чиқаришни юксалтириш бўйича янги ғоялар, ташаббускорлик кутиш қийин, албатта. 

Бозор қоидасига кўра, маҳсулот рақобатбардошлигини таъминлаш учун мавжуд ишлаб чиқариш қувватини мунтазам модернизация қилиш ва кенгайтириш зарур. Бу эса салмоқли маблағ талаб этади. Президент қароридан англаш мумкинки, эндиликда кимё саноатида сармоявий фаолият юритиш вазифасини давлат ўзидан бир қадар соқит қилиб, хусусий, жумладан, чет эл инвестори зиммасига юклайди. Бу жараён тармоқнинг айрим корхоналари активларини маҳаллий ёки хорижий инвесторларга сотиш орқали рағбатлантирилади.

Айтиш жоизки, бу тажриба ҳозирда дунёда кенг қўлланмоқда ва албатта ўзининг ижобий самарасини бераяпти. Биргина мисол, Россиядаги "Уралкалий" ОАЖ ва Беларусь Республикасидаги "Беларускалий" ОАЖ аллақачон хусусийлаштириб бўлинган ҳамда корпоратив усулда бошқарилмоқда. Уларнинг бирида хориж сармояси иштироки ҳам таъминланган. Охирги йилларда мазкур компанияларнинг ишлаб чиқариш қувватларини техник ва технологик янгилаш борасида салмоқли ишлар бажарилган. Шунинг ҳисобига бу корхоналар калий ўғитлари бозорида жаҳонда етакчиликни қўлдан бермай келмоқда.

Инвестор истиқболли лойиҳалар рўёбини тезлатади

Шу маънода келгусида Деҳқонобод калий заводини ҳам қисман хусусийлаштириш режа қилинган. Биринчи  навбатда корхонанинг юридик мақомини масъулияти чекланган жамиятидан акциядорлик жамиятига ўзгартириш кўзда тутилмоқда. Қолаверса, жамият устав капиталидаги 51 фоиз ва ундан ортиқ акцияларни потенциал инвестор бор бўлса, тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш орқали муайян шартлар билан сотиш белгиланган. Албатта, ушбу сармоявий фаолият ривожланишга хизмат қилиши шарт. Шу боис инвестор маълум улушга эга бўлиш эвазига айрим инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларни қабул қилиб олади. Инвестор топилмаса, акциялар танлов савдоларида бозор қийматида сотувга чиқарилади.

Қайд этиш лозим, ҳозирда Деҳқонобод калий заводи ички ва ташқи бозорга асосан хлорли калий, яъни минерал ўғит етказиб бермоқда. Сўнгги вақтда корхонада ишлаб чиқаришни диверсификациялаш бўйича ишлар бошланган, бироқ охирига етказилмай қолмоқда. Гранулаланган хлорли калий, калий сульфати ва калий тузларининг бошқа турларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш шулар жумласидан. Яна бир йирик лойиҳа - заводнинг тоғ-кон ва ишлаб чиқариш мажмуаларини ўзаро боғловчи, хом ашёни элтиш сарфини ва оралиқ масофани камайтириши  кутилган маҳобатли осма йўл ҳамда ташқи электр таъминоти линиялари қурилиши ҳанузгача якунланмаган. Потенциал инвестор томонидан жалб этиладиган сармоя эса ана шу ташаббуслар рўёбини жадаллаштириш имконини бериши лозим.

Шунингдек, давлат раҳбарининг қарорида кўрсатилишича, Деҳқонобод калий заводи муомалага чиқарадиган акцияларни хусусий инвесторларга сотиш корхонани яна бир муаммодан халос этади. Тегишли маблағ саноат гигантининг Ўзбекистон Республикаси Тараққиёт ва тикланиш жамғармаси олдидаги кредитларини сўндиришга йўналтирилади.

Гап шундаки, Деҳқонобод калий заводининг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш лойиҳаси иккинчи босқичини тугаллаш учун жамғарма томонидан 128 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит молиялаштирилиши белгиланган. Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳисобига эса мазкур лойиҳада Тараққиёт ва тикланиш жамғармаси улушини қисқартириш мақсад қилинган.

Ишлаб чиқариш янги маҳсулотлар ҳисобига кенгаяди

2019-2030 йилларда кимё саноатини ривожлантириш дастурида  Деҳқонобод калий заводида амалга ошириладиган истиқболли лойиҳалар тақдирига батафсил тўхталиб ўтилган. Дастурдан иккита ташаббус ўрин олган. Биринчи лойиҳа калий сульфати ва калий тузининг бошқа турларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни кўзда тутади. Унинг самарали рўёбга чиқиши учун хорижнинг замонавий технологияларига мурожаат қилинади. Лойиҳа 61 миллион АҚШ долларига баҳоланган бўлиб, янги тармоқнинг маҳсулот бериши қуввати йилига 120 минг тоннани ташкил этади.

Навбатдаги лойиҳага кўра, корхонанинг мавжуд қуввати негизида гранулаланган калий хлорид ишлаб чиқариш ўзлаштирилади. Бунинг учун 15 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ йўналтирилади. Натижада корхонада ҳар йили қўшимча 180 минг тонна кимё маҳсулоти олиш имконияти пайдо бўлади. Эътиборлиси, ҳар икки ташаббус ҳам 2023 йилга келиб тўлиқ ишга туширилиши даркор.

Қарорда келтирилишича, вилоятимиздаги йирик кимё саноати корхонаси фаолияти самарадорлигини ошириш ва молиявий ҳолатини яхшилаш мақсадида ушбу завод устав   жамғармасидаги давлат улуши "Ўзкимёсаноат" АЖ устав капиталига давлат улушини ошириш мақсадида номинал қийматда ўтказилади.

Хулоса ўрнида айтганда, мамлакатимиз кимё саноатида амалга ошириладиган бу ўзгаришлар ижобий натижадорлик касб этишини тахмин қилиш мумкин. Аввало, тармоқ корхоналарининг мавжуд қувватларидан фойдаланиш самарадорлиги ошади. Уларнинг негизида халқ хўжалиги жабҳаларида талаб қилинаётган кимёвий маҳсулотларнинг янги турларини ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга шароит яратилади. Пировардида соҳанинг ишлаб чиқариш қамрови кенгаяди. Асосийси, янги лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилиши самарасида янги иш ўринлари очилади, ҳудудлар инфратузилмаси ривожи тезлашади. Истеъмол бозорига импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар таклиф этилиши валюта сарфини тежашга олиб келади.

М.ШУҲРАТОВ