Жараён 02.08.2019 120

Деҳқонобод туманини комплекс риволантириш: ДАСТУР БАРЧА СОҲАЛАРНИ ҚАМРАБ ОЛГАН

Қарор ва шарҳ

2019-2020 йилларда Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастури доирасида мазкур ҳудудда бентонит ва доломит хом ашёсини қазиб олиш, намунавий писта плантацияларини ташкил этиш, кўприк ва автомобиль йўлларини қуриш ва таъмирлаш ҳамда туманнинг саноат ва инвестиция салоҳиятини ошириб, аҳолининг турмуш даражасини яхшилашга қаратилган яна юзлаб лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилади.

САНОАТДА ЎЗГАРИШ БЎЛАР ЭКАН...МИ?

- Шу йил 22 июль куни ҳукумат қарори билан тасдиқланган мазкур дастур умумий қиймати қарийб 454 миллиард сўмни ташкил қиладиган 364 та лойиҳани ўз ичига олган, - дейди Деҳқонобод тумани иқтисодиёт ва саноат бўлими бошлиғи Улуғбек Ҳамраев. - Шундан 119 таси учта муҳим соҳа - саноат (26), хизмат кўрсатиш (65) ва қишлоқ хўжалигида (28) амалга оширилиб, лойиҳа ташаббускорларининг маблағи (71,4 миллиард сўм), банк кредитлари (50,1 миллиард сўм) ва халқаро кредит линиялари (505 минг АҚШ доллари) ҳисобидан молиялаштирилади. Масалан, "Бентомир" масъулияти чекланган жамияти томонидан 1 миллиард сўм эвазига рўёбга чиқариладиган инвестиция лойиҳаси доирасида туманимиз ҳудудида жойлашган кондан бентонит тупроғи, яъни бурғулаш қоришмалари, ёғни тозалаш учун зарур восита ва қишлоқ хўжалигида ўсимликлар учун минерал озуқа манбаи сифатида қўлланиладиган агротехник хом ашё қазиб олиш мўлжалланмоқда.

Дастурнинг асосий компонентларидан бири - янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги хом ашёси ва минерал хом ашёни саноат йўли билан чуқур қайта ишлаш бўйича инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхатига киритилган ташаббуслар ичида "Big bio impeks" масъулияти чекланган жамияти режалаштирган ишлар ҳам алоҳида эътиборга лойиқдир. Бу корхона 3 минг гектар лалми ер майдонларида коврак ўсимлигини экиш ва унинг шираси (смоласи)ни қайта ишлашни йўлга қўймоқчи. "Самадов Бахтиёр Равшанович" хусусий корхонаси эса Деҳқонободда мўл бўлган яна бир минерал хом ашё - доломит қазиб олиш ва қайта ишлашни ташкил этиш ниятида.

Ҳудудда саноатни тараққий эттиришга қаратилган бундай лойиҳаларнинг дастурга киритилиши Деҳқон-ободда яқин вақт ичида индустриал ривожланиш борасидаги вазият бироз бўлса-да ўзгаришига умид уйғотади.

Чунки ҳозирги пайтда бу туман саноат маҳсулотлари ҳажми бўйича вилоятимиз ҳудудлари орасида нисбатан юқори - еттинчи ўринда турса-да, бу натижага асосан битта корхона - Деҳқонобод калий заводи ҳисобидан эришилмоқда. Ҳудудда кичик бизнеснинг саноатдаги улуши бор-йўғи 10,4 фоизни ташкил қилади, яъни туманда мазкур соҳада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг ўндан тўққиз қисми улкан завод ҳиссасига, қолган бир қисми эса кичик бизнес субъектлари ҳиссасига тўғри келади. Фаолият кўрсатаётган (61) ва янги ташкил этилган (14) саноат корхоналари сони бўйича эса Деҳқонобод шу йил 1 июль ҳолатида вилоятда тегишли равишда охирги ва охиридан иккинчи ўринларни эгаллаб келмоқда.

ТАДБИРКОР ВА ҲУНАРМАНДЛАР ҲИССАСИ

- Деҳқонобод туманини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастури, табиийки, кичик бизнес субъектларининг фаол иштирокида амалга оширилади, - дея таъкидлайди Ўзбекистон савдо-саноат палатаси вилоят бошқармаси тадбиркорликка кўмаклашиш марказларининг туман ва шаҳар тузилмалари фаолиятини мувофиқлаштириш сектори бош мутахассиси Азиз Пирназаров. - Мисол тариқасида хизмат кўрсатиш соҳасини оладиган бўлсак, ҳудудда ушбу тармоқни ривожлантиришга қаратилган барча янгиликларнинг ташаббускорлари тадбиркорлардир. Улар томонидан дастурнинг тегишли йўналиши доирасида 65 та лойиҳани рўёбга чиқаришга 38,8 миллиард сўмдан ортиқ сармоя йўналтирилади. Бу инвестицияларнинг 55 фоизидан ортиғи ишбилармонларнинг ўз маблағлари бўлса, қолгани банк кредитларидир. Шунинг ҳисобидан жойларда кўплаб замонавий хизмат кўрсатиш мажмуалари, савдо ва умумий овқатланиш объектлари, кичик стадионлар ва болалар ўйингоҳлари, меҳмонхона, кемпинг ва нодавлат мактабгача таълим муассасалари очилиши кутилмоқда.

Бу лойиҳаларнинг амалга оширилиши ҳудудда хизмат кўрсатиш ва сервис жабҳасида ҳали ҳам яққол кўзга ташланаётган қолоқликни бартараф этиш имконини берар, эҳтимол. Зеро, вилоят статистика бошқармаси тарқатган маълумотларга кўра, шу йилнинг биринчи ярмида ишлаб чиқарилган хизматлар ҳажми бўйича Деҳқонобод тумани 87,5 миллиард сўмлик кўрсаткич билан воҳамиз ҳудудлари орасида охирги ўринлардан бирини эгаллаб турибди. Қолаверса, шу йил январь-июнь ойларида Деҳқонобод туманида аҳоли жон бошига кўрсатилган бозор хизматлари ҳажми 605,9 минг сўмга тенг бўлган ва бу вилоят бўйича қайд этилган тегишли кўрсаткич (1 миллион 216,7 минг сўм)дан икки баравар камдир.

Дастур доирасида хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш орқали 322 та янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган бўлса, ҳунармандчиликни тараққий эттириш йўли билан яна 309 нафар кишининг бандлигини таъминлаш мақсад қилинган.

- Ҳозир туманимизда "Ҳунарманд" уюшмаси аъзолари сони 370 нафардан ошиб, уларга йил бошидан буён ажратилган имтиёзли кредитлар ҳажми 1 миллиард сўмдан ортди, - дея маълум қилади уюшманинг туман бўлими раҳбари Чориёр Ражабоев. - Жойларда моҳир ҳунармандлар томонидан "Устоз-шогирд" усулида тайёрланган ёш усталар ва чеварлар вақти келиб мустақил иш юрита бошлаяпти ва доимий даромадга эга бўлаяпти. Муҳими - бу жараён узлуксиз давом этмоқда. Масалан, шу кунларда тумандаги Нодира маҳалла фуқаролар йиғинида ёш ҳунармандлар устозларидан гул босилган газламалар ва чокли буюмлар яратишни ўрганишаяпти, Аэродром маҳалласида эса гиламдўзлик сир-асрорларини билиб олишаяпти. Шу тариқа ҳар бир маҳаллада ўнлаб ёшлар ва ишсиз фуқароларга миллий либослар ва пойабзаллар тикиш, темирчилик, тунукасозлик, ёғоч ўймакорлиги, чинни ва сопол буюмлар ясаш ҳамда бошқа ҳунарлар ўргатилиб, ўз бизнесини бошлаш учун имкониятлар яратилмоқда.

ҚЎЙЧИЛИК РИВОЖЛАНИБ, ПИСТАЗОРЛАР ПАЙДО БЎЛАДИ

Деҳқонободликларнинг турмуш даражасини оширишга қаратилган дастурдан қишлоқ хўжалиги соҳасига оид 28 та лойиҳа ҳам ўрин олган экан, уларнинг асосий қисми "Ҳисори" зотли қўйларни кўпайтириш ҳисобидан қўйчиликни ривожлантириш ва намунавий писта плантацияларини ташкил этишга қаратилган.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ҳукуматнинг шу йил 22 июлдаги қарорига биноан Ўзбекистон Республикаси ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ва вилоят ҳокимлигига Халқ банки билан биргаликда Деҳқонобод туманида чорвачиликка ихтисослаштирилган хўжаликлар томонидан аҳоли хонадонларига кредит асосида тарқатиш учун 2019-2020 йиллар мобайнида четдан 10 минг бош чорва моллари олиб келинишини таъминлаш талаби қўйилган. Шунингдек, "Ўзбекчармсаноат" уюшмаси билан биргаликда икки ой муддатда чорвачиликка ихтисослаштирилган хўжаликлар негизида жун ва терини қабул қилиш пунктлари, чорвачиликда "Насл-хизмат" республика наслчилик уюшмаси ва республика "Қоракўлчилик" уюшмаси билан биргаликда эса мавжуд чорва моллари зотларини яхшилаш ишларини ташкил қилиш топшириғи берилган.

-Ҳукумат қарорининг яна бир талаби Деҳқонобод туманининг табиий-иқлим шароитини инобатга олган ҳолда тажриба тариқасида намунавий писта плантациялари ташкил этилишини таъминлашдан иборат, - дейди Деҳқонобод давлат ўрмон хўжалиги директори Раъно Бозорова. - Жумладан, бизнинг ўрмон хўжалигимизда келгуси йилнинг охиригача 2500 гектар майдонда пистазорлар барпо қилиниши лозим. Мамлакатимиз Президентининг вилоятимизга ташрифи чоғида берилган топшириққа асосан бу ишни анча олдин - 2018 йилнинг куз ойларида бошлаб юборганмиз ва шу пайтгача 700 гектар майдонда писта плантациялари ташкил қилинган.  Сифатли кўчатлар тайёрлаш учун Сурхондарё вилоятида жойлашган Боботоғ ўрмон хўжалигидан олиб келинган, иқлим шароитимизга мос писта уруғидан фойдаланаяпмиз.

Келажакда Деҳқонободда аграр соҳадан олинадиган даромад миқдорини кескин равишда ошириш учун замин яратадиган писта плантацияларини ташкил қилишга тумандаги бир қатор хусусий корхоналар, фермер хўжаликлари ва бошқа кичик бизнес субъектлари ҳам қўшилмоқда. Уларнинг бу ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳукумат қарорига биноан "Агробанк" акциядорлик тижорат банкига Деҳқонобод туманида намунавий писта плантацияларини ташкил этиш лойиҳаларини молиялаштириш учун йиллик 8 фоиз тўлаш шарти билан 10 йил муддатга (8 йиллик имтиёзли давр) имтиёзли кредитлар ажратилишини таъминлаш топшириғи берилди.

Дастурга қишлоқ хўжалиги соҳасида ер майдонларидан оқилона фойдаланиш ва ирригация тизимини яхшилаш бўйича ҳам бир қатор лойиҳалар киритилган бўлиб, улардан биттаси "Деҳқонобод" сел сув омбори сиғимини ошириш, иккинчиси тумандаги лоток тармоқларини реконструкция қилиш, учинчиси тик қудуқ ва босимли қувур қуришни назарда тутади. Бу ишларга умумий ҳисобда 5 миллиард сўм сарфланади.

"ОҚСУВ - ДЕҲҚОНОБОД" СУВ ҚУВУРИ ҚУРИБ БИТКАЗИЛАДИ

Дастурнинг лойиҳалар сони ва йўналтирилаётган маблағ ҳажми бўйича энг катта таркибий қисми туманда йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация тизимларини ривожлантиришга қаратилган. Унинг доирасида маҳаллий аҳамиятдаги автомобиль йўлларини таъмирлаш ва йўл қурилиш техникалари харид қилиш ҳамда ички йўлларда кўприк қуриш бўйича 8 та, электр энергияси таъминоти бўйича 138 та, газ таъминоти бўйича 5 та, арзон уй-жойлар қуриш бўйича эса 4 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. Энг кўп сармоя (156,7 миллиард сўм) эса ичимлик суви, оқова сув тармоқлари ва иншоотларини қуриш ва реконструкция қилиш жабҳасида ўзлаштирилади. Асосан республика бюджети ва маҳаллий бюджетдан ажратилаётган бу маблағнинг 95 фоизи (150 миллиард сўм) узунлиги 77 километр бўлган ва ҳудуддаги кўплаб аҳоли пунктларини қамраб оладиган "Оқсув - Деҳқонобод" ичимлик суви қувури қурилишига сарфланаяпти. Жорий йилда барпо этилиши кўзда тутилган бу объект фойдаланишга топширилгач, ҳудуд аҳолисининг 75 фоизидан ортиғи марказлашган ичимлик суви билан таъминланади.

Туманни комплекс ривожлантириш, албатта, ижтимоий соҳа инфратузилмасининг такомиллаштирилишини ҳам назарда тутади. Дастурга бу жабҳага тааллуқли 68 та лойиҳа киритилган бўлиб, уларнинг умумий қиймати 131,3 миллиард сўмни ташкил қилади. Ушбу маблағ эвазига  туманда 10 та мактабгача таълим муассасаси, 25 та умумтаълим ва 20 та соғлиқни сақлаш объекти, 3 та маданият маркази, 2 та спорт иншооти ҳамда яна бир қатор объектлар қурилади, реконструкция қилинади ва мукаммал таъмирланади. Эътиборлиси, Оқработ қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги Оқсарой ва Деҳқонобод шаҳарчасидаги "Работ" тарихий обидасини мукаммал таъмирлашга 585 миллион сўм ажратилмоқда.

Республика ҳукуматининг "2019-2020 йилларда Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида"ги қарори талабига кўра, мазкур дастур параметрларининг ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилишини таъминлаш мақсадида тумандаги секторлар раҳбарлари ўзларига бириктирилган ҳудудлар кесимида лойиҳа ташаббускорларига кўмаклашиб, юзага келган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш чораларини кўришлари, шунингдек, тегишли хулоса ва таклифларини вилоят ҳокимлигига киритиб боришлари лозим. Дастурдаги тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши бўйича лойиҳа ташаббускорлари фаолиятининг натижадорлиги ҳар чорак якунида вилоят ва туман фаоллари йиғилишларида муҳокама қилиниши назарда тутилган.

Ботир ТЕМИРОВ