Маънавият 25.12.2018 303

ДЕНГИЗ БЎЙИДА

Ҳикоя

ДЕНГИЗ БЎЙИДА

Қримга тўйдан кейинги саёҳатга келган ёш жуфтлик Севастополдан Ялтага олиб борадиган улов кутишарди, у ерда улар икки ҳафта дам олишни режалаштиришган эди. Ёшлар бор-йўғи олти ойдан бери таниш бўлиб, ҳаётига кириб келган янги ўзгаришларга ҳали унча кўникишмаган, ҳар бир эрка интилиш эса уларга кўп нарсаларни ҳадя этарди. Тиниқ ва очиқ ҳавода худди ёрқин фотосуратдагидек вокзалнинг баҳайбат биноси, ноодатий сершох жануб дарахтлари кўзга ташланарди.

Оля охирги кунларда ниҳоятда кўтаринки кайфиятда эди. Унинг ўйлашича, тўйдан кейинги ҳаёт умуман бошқача бўлиши керак, тасаввурида бу ҳаёт фақат завқу шавқдан иборат, аммо шу билан бирга ўта муҳим ва қатъиятли эди. Кичкина болаларни кўрганда меҳри қўзғар, у ҳар бир бола қиёфасида Максимни кўраётгандек бўлар, гўёки ўзи ҳам ёш болага айланиб қолгандек. Оляга Максимнинг босиқ ва жиддийлиги ёқарди, бир вақтнинг ўзида бу унга қувонч улашарди, айниқса, бугун эрталаб Максимнинг ўзи унга болалар кажавасини кўрсата туриб ўткир товушига мулойим ва майин урғу берди-да: "Қара, қизалоқ", деди.

Улар бекатда бир-бирларидан озгина узоқликда туришар, негаки, ҳаво ҳаддан зиёд иссиқ ва бир-бирларининг қайноқ танасидан таралаётган иссиқлик ҳам улар учун ортиқча эди гўё. Оля толиқди. Бутун кун давомида улар Севастополь бўйлаб юришди. Максим боришлари мумкин бўлган манзилларнинг харитасини миясида пишитиб қўйган эди, шундан бўлса керак, улар диққатга сазовор жойларнинг барини кўришга улгуришди, шу боис ҳам Оля Максимдан миннатдор бўлди. Бундан буён нима қилиш, қаерга бориш кераклиги тўғрисида фақат Максим ўйлаб, қарор чиқараётгани Оляга маъқул келди. Унинг барибир тезроқ маршруткага ўтиргиси, ёлғиз қолиб, бутун ўй-хаёлларини таҳлил қилганча, фикрларини аниқлаштириб олгиси келди.

Маршрутка ичини бензин ҳиди тутиб кетганди. Оля бошини ойнага теккизди ва шу заҳоти ойнанинг асабий зириллашини ҳис қилди. Максим у билан ёнма-ён ўтирар, худди рафиқаси ёнида эканлигига ишонч ҳосил қилмоқчидек, тез-тез унга қараб қўярди. Атрофдаги одамлар бошларини эгганларича, жазирамага чидаб боришарди. Охирги ўриндиқларда ўтирган кавказлик уч ўсмир баланд ва маст овозда сўкиниб боришарди.

Уларнинг дастидан Оля ноқулай аҳволда қолди, аллақандай енгил ташвиш хаёлларига буткул кўмилишга халақит берарди, аммо секин-аста орзулар гирдоби уни ўз оғушига торта бошлади. Ахир, инсоннинг ички олами тинч ва осуда бўлса, ташқи дунё кишини чалғита олармиди? Оля кун ботиб, кеч тушишини, севгилиси билан пляжга боришларини, ёқимли денгиз сувининг илиқ ҳароратини ҳис қилишларини орзиқиб хаёлидан ўтказарди.

Тўсатдан кимдир унинг қўлини туртиб юборди ва Оля чўчиб тушди.

- Ўзингизни тутсангиз бўлмайдими? - деган кимнингдир баланд овозини эшитди, сўнг бирдан Максимнинг ўрнидан туриб кетиши ва лаблари титрагани уни ҳайрон қолдирди.

Кавказликлардан бирининг оғзидан буруқсаб ароқ ҳиди келиб турарди.

- Хотинимнинг ёнида сўкинишни бас қилинг, - нафрат билан қичқирди унга қараб Максим. Оля эрига ажабланиб қаради, у ҳеч қачон Максимнинг бу қадар қаттиқ овозда бақирганини эшитмаганди, шунинг учун қўрқувдан ўриндиққа ёпишиб қолгандай бўлди.

Эркаклардан кимдир Максимнинг ёнини олди. Олдинда ўтирган кексароқ аёл ҳам уни қўллаб-қувватлади. Аммо энди эрининг ғайритабиий ва айни дамда бегона овозидан бошқа нарса Олянинг қулоғига кирмас эди.

Ниҳоят, ҳайдовчи машинани тўхтатиб, бундай шовқин бўлаверса, жойидан силжимаслигини айтди. Кавказлик ёшлар жим бўлишди, фақат ора-сира уларнинг норози пичирлашлари эшитиларди. Буткул жимлик чўккандан кейингина машинанинг шовқин билан жойидан жилгани эшитилди ва тутун ҳиди димоққа урилди. Максим ўрнига ўтираркан, кўнгли жойига тушиб, хотинини қучди:

- Бунақаларни шу йўсинда тарбиялаш керак.

Эрининг қучишидан Оля исиб кетиб, ён томонга ўгирилиб олди. Ўзини бўғилиб кетаётгандек ҳис қилди. Гўёки уни мана шу биқиқ жойга қамаб қўйишгану, энди ва ҳеч қачон озодликка чиқолмайдигандек туюлди унга. У эрининг феъл-атворидан мутлақо бехабар эканини ўйлаб, сиқилди, худди чуқур қудуққа бемақсад тикилиб тургандай ҳис қилди ўзини. Вақт жуда секин ўтарди, қиз эса аста-секинлик билан маъносиз ва шуурсиз ҳолда қотиб қолаётгандек эди гўё.

Ялтага улар кечга яқин етиб келишди. Маршрутка пляж яқинидаги йўл чеккасида тўхтади. Максим жуда шошиларди, чунки қоронғи тушгунига қадар у тунаш учун мос жой топиши керак эди, бироқ Оля уни эшитмасди. Унинг қулоғи шанғиллар, гўёки қулоқлари остида ойналар зириллаётгандек бўларди. Улар пляж ёқалаб кетишди. Атрофда ранг-баранг соябонлар, енгил ўриндиқлар, қумли қирғоқда беғам-беташвиш ястаниб олган одамлар кўзга ташланарди. Кабоб ва тутун ҳиди димоққа уриларди.

Оля бўлса айни дамда номаълум шаҳарда, уйидан юзлаб чақирим олисда, ўзи ҳали дурустроқ танишга улгурмаган, деярли бегона бўлган одам билан ёлғиз қолганини ўйлаб, қўрқиб кетди. У паришонхотирлик билан атрофга аланглар ва мудроқ ҳолда индамай эрининг изидан борарди. Унинг келажак ҳаёти худди мана шу, рўпарада ястаниб ётган ваҳимали кечки денгиз мисоли поёнсиз бир бўшлиқдай кўринди.

Андрей ТИМОФЕЕВ

Рус тилидан Азизбек НОРОВ таржимаси