Жамият 26.07.2019 109

ДЕПУТАТЛИК МАҚОМИ ВА ДАХЛСИЗЛИГИ НИМА?

Қонун ижодкорлиги

Депутатлик - одамларнинг ишончи демакдир. Шу ишончни оқлаш учун қонунларимизда халқ ноибларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шу билан бир қаторда дахлсизлиги ва фаолиятининг асосий кафолатлари белгилаб қўйилган.

Хусусан, "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида"ги Қонунга асосан Қонунчилик палатаси депутати, сенатор тегишинча Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг мажлисида кўриб чиқилаётган барча масалалар бўйича ҳал қилувчи овоз ҳуқуқидан фойдаланади. Ўз навбатида, фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилаётган вақтда Қонунчилик палатаси депутатлари, сенаторлар бу ҳолатларга дарҳол чек қўйиш чораларини кўриш талаби билан тегишли органлар, мансабдор шахсларга мурожаат этишга ҳақли. Назаримизда бу вазифа депутатнинг ўзини сайлаган фуқаролар олдидаги бурчи ҳамдир.

Қонунчилик палатаси депутатлари, сенаторлар тегишинча Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг, қўмита ва комиссияларнинг мажлисларида қатнашишга мажбур. Узрли сабаблар билан қатнаша олмаса, раҳбариятни хабардор қилиб қўйиши керак. Депутатлар ўзини депутатликка номзод қилиб кўрсатган сиёсий партия билан алоқа боғлаб туриши ва Қонунчилик палатасида уларнинг манфаатини ифода этиши керак. Йилида камида бир марта сайловчиларига ўз фаолияти ҳақида ахборот беради. Сайловчиларнинг ишончини оқлай олмаган депутат қонунда белгиланган тартибда чақириб олиниши мумкин.

Депутатнинг сайлов округидаги ишларини ташкил этишга маҳаллий давлат ҳокимияти органлари кўмаклашиши лозим. Қонунчилик палатаси депутатни зарур ҳужжатлар ва маълумотлар билан таъминлаши керак. Сиёсий партиялар фракциялари депутатларнинг сайлов округларидаги ишлари якунларини умумлаштиради ва зарур ҳолларда долзарб масалаларни Қонунчилик палатасига кўриб чиқиш учун киритади.

Қонунчилик палатасига келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш депутатлар томонидан қонун ва Қонунчилик палатаси тасдиқлаган тартибда амалга оширилади.

Депутат тегишли сайлов округи сайловчилари, сенатор тегишли ҳудуднинг манфаатини кўзлаб сўров юборишга ҳақли. Сўровга олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай жавоб юбориш керак.

Қонунчилик палатаси депутати, сенатор одоб қоидаларига қатъий риоя этиши лозим. Уларнинг хулқ-атвори тўғрисидаги масала тегишли палата томонидан ёки унинг топшириғига биноан палатанинг органи томонидан кўриб чиқилади.

Қонунчилик палатаси депутати, сенатор дахлсизлик ҳуқуқига эга бўлади. Ваколатларини муддатидан олдин тугатиш асослари қонунда белгилаб қўйилган. Уларнинг самарали ишлаши учун шарт-шароит кафолатланади. Шаъни ва қадр-қимматига тажовуз қилган шахслар тегишли тарзда жавобгар бўлади. Тегишли палатанинг розилигисиз ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ва жазога тортилиши мумкин эмас. Шунингдек, уларни мажбурий келтиришга, уй-жойи, хизмат хонасини, юки, шахсий ва хизмат транспорти воситаларини, ёзишмалари, ҳужжатлари ва алоқа воситаларини кўздан кечиришга йўл қўйилмайди. Улар ўз ваколатларини амалга ошираётган вақтда гувоҳномасини кўрсатиб Ўзбекистон ҳудудидаги корхона, муассаса ва ташкилотларга монеликсиз киришга ҳақли. Мансабдор шахслар томонидан дарҳол қабул қилиниши керак.

Уларга Тошкент шаҳрида оиласи билан яшаши учун хизмат уйлари берилади. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳаво, темир йўл ва автомобиль транспортида текин юришга ҳақли. Уларни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги масала Бош прокурор тақдимномасига асосан Олий Мажлиснинг тегишли палатаси томонидан ўн кун ичида ҳал этилади.

"Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида"ги Қонун эса маҳаллий Кенгаш депутатларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва депутатлик фаолиятининг асосий кафолатларини белгилайди. Улар тегишли Кенгашларнинг  комиссияларига сайлаш ва сайланиш, мажлисга масалалар киритиш, масалалар юзасидан мулоҳазалар билдириш, сайланадиган, тайинланадиган ва тасдиқланадиган номзодлар бўйича таклифлар билдириш, сўзга чиқиш ва депутатлик сўрови билан мурожаат қилиш каби ҳуқуқларга эга. Уларнинг мажбуриятлари ҳам қонунларимизда белгиланган.

Маҳаллий Кенгаш депутатлари ўзлари сайланган ҳудудда жойлашган давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг мансабдор шахсларига депутатлик сўрови юборишга ҳақлидир. Депутатнинг сўровига ўн кун ичида жавоб берилиши керак. Тегишли халқ депутатлари Кенгашининг розилигисиз депутат мазкур ҳудудда жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин эмас. Халқ депутатлари Кенгашининг депутати ўз округи сайловчилари билан, уни депутатликка номзод қилиб кўрсатган сиёсий партия ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи билан алоқа боғлаб туриши лозим. У йилига камида тўрт марта сайловчиларига ўз фаолияти ҳақида ахборот беради.

Депутатнинг шаъни ва қадр-қиммати муҳофаза қилинади. Депутат мансабдор шахслар томонидан дарҳол қабул қилиниши керак. Тегишли вилоят, туман ва шаҳар ҳудудида ҳаво, темир йўл ва автомобиль йўловчилар транспортида текин юришга, навбатсиз чипталар сотиб олиш ҳу-қуқига эга. Унинг фаолиятига тўсқинлик қилиш мумкин эмас. Депутат фаолиятининг кафолатларини бузадиган мансабдор шахслар қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.  

Маҳаллий Кенгаш депутатини  дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тегишли ёки юқори турувчи прокурорнинг тақдимномасига асосан халқ депутатлари Кенгаши томонидан ўн кун ичида ҳал этилади. Тақдимнома сессиялар оралиғида Кенгаш раҳбари томонидан кўриб чиқилиб, ҳал этилади. Бу қарор кейинчалик Кенгаш томонидан тасдиқланади. Кенгаш депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишни рад этганда, прокурор юқори турувчи халқ депутатлари Кенгашига тақдимнома билан чиқишга ҳақли. Депутат ўзи сайланган вилоят, туман ва шаҳар ҳудудидан ташқарида ҳуқуқбузарлик содир этганда, халқ депутатлари Кенгашининг розилигини олиш талаб этилмайди.

Маҳаллий Кенгаш депутатининг ваколатлари қуйидаги ҳолларда муддатидан илгари тугатилади: у ёзма ариза берган, қонунга кўра депутатлик ваколатларини амалга оширишига номувофиқ бўлган лавозимга сайланган ёки тайинланган, унга нисбатан суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирган, чақириб олинган, суд уни муомалага лаёқатсиз деб топган,  суднинг қонуний кучга кирган қарори асосида бедарак йўқолган деб топилган ёки вафот этган деб эълон қилинган, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотган, вафот этган тақдирда. Алоҳида ҳолларда депутатнинг ваколатлари тегишли халқ депутатлари Кенгаши қарорига биноан муддатидан илгари тугатилиши мумкин. Депутат деган юксак номга доғ туширувчи хулқ-атвор бундай масалани кўриб чиқиш учун асос бўлиши мумкин.

"Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши депутатини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг  Қонунчилик палатаси депутатини ва сенати аъзосини чақириб олиш тўғрисида"ги Қонунга кўра, депутатни, сенаторни чақириб олишга уни қонун ҳужжатларини бузганлиги учун жавобгарликка тортилишига сабаб бўлиши, одоб-ахлоқ қоидаларини қўпол равишда бузиши, ўз вазифаларини мунтазам равишда бажармаганлиги ва уни депутатликка номзод қилиб кўрсатган сиёсий партия олдидаги мажбуриятларини бажармаганлиги асос бўлади.

Депутатни, сенаторни чақириб олиш тўғрисидаги қарор тегишли халқ депутатлари Кенгаши, Қонунчилик палатаси ва Сенат томонидан қабул қилинади. Бу масала ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг сўрови, шунингдек, уни депутатликка номзод қилиб кўрсатган сиёсий партиянинг таклифи асосида кўриб чиқилади. Материаллар дастлабки тарзда кўриб чиқиш учун тегишли прокурорга ва депутатлик одоби қўмитаси (комиссияси)га хулоса тақдим этиш учун топширилади. Қўмита (комиссия) ва прокурорнинг хулосаларини эшитиш якунлари бўйича қўйилаётган масаланинг асослилиги ёки асоссизлиги тўғрисида қарор чиқарилади.

Чақириб олиш тўғрисидаги таклиф асосли деб эътироф этилган тақдирда давлат ҳокимияти вакиллик органининг қарори депутатни, сенаторни чақириб олиш бўйича овоз беришни ташкил этиш учун Марказий сайлов комиссиясига юборилади. Марказий сайлов комиссияси давлат ҳокимияти вакиллик органларининг депутатни чақириб олиш масаласи бўйича овоз беришни ўтказиш  зарурлиги тўғрисидаги қарорни олган кундан эътиборан ўн кунлик муддат ичида қонунга мувофиқ депутатни чақириб олиш бўйича округ комиссияси тузилишини таъминлайди ҳамда овоз бериш вақти ва жойини тайинлайди.

Бу жараёнда чақириб олиш масаласи кўрилаётган депутат, сенатор қандай ҳуқуқларга эга? Вакиллик органи тегишли материаллар келиб тушгандан кейин уч кун ичида депутатга, сенаторга ҳужжатларнинг нусхаларини илова қилган ҳолда ёзма хабарнома юборади. Депутат, сенатор вакиллик органининг тегишли мажлисларида, сайловчиларнинг йиғилишларида чақириб олиниши ҳақидаги масала бўйича ўзини ҳимоя қилиб сўзга чиқишга ҳақли.

Депутатни чақириб олишни ташкил этиш бўйича округ комиссияси томонидан депутатни чақириб олиш бўйича овоз беришни ўтказиш учун овоз беришга кечи билан йигирма кун қолганда участка сайлов комиссиялари ва йигирма беш кун қолганда овоз бериш участкалари тузилади. Сайловчиларнинг рўйхати овоз бериш кунига ўн кун қолганида ҳамма танишиши учун тақдим этилади. Агар овоз беришда қатнашган сайловчиларнинг ярмидан кўпи депутатнинг чақириб олинишини ёқлаб овоз берган бўлса, у чақириб олинган ҳисобланади. Овозлар тенг бўлиб қолганда, депутат ваколатини сақлаб қолган ҳисобланади. Округ сайлов комиссиясидан олинган баённома асосида тегишинча Марказий сайлов комиссияси, тегишли вилоят, туман, шаҳар  сайлов комиссияси депутатни чақириб олиш бўйича овоз бериш натижаларини рўйхатга олади ҳамда оммавий ахборот воситаларида эълон қилади.

Абдишукур ОМОНОВ,

вилоят ҳокимлиги юридик хизмати раҳбари