Жамият 19.02.2019 265

ДЕПУТАТЛИККА ЎТАДИГАН НОМЗОДНИ БЕЛГИЛАБ БЕРИШ АМАЛИЁТИДАН ВОЗ КЕЧА ОЛАМИЗМИ?

Сайлов тизими: тарих ва бугун

ДЕПУТАТЛИККА ЎТАДИГАН НОМЗОДНИ БЕЛГИЛАБ БЕРИШ

АМАЛИЁТИДАН ВОЗ КЕЧА ОЛАМИЗМИ?

Биринчи мақола

Халқимиз муҳим сиёсий жараёнлар арафасида турибди. Жорий йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловлар бўлиб ўтади. Сўнгра Сенат шакллантирилади. Ушбу жараён асносида элимиз ўзи ва жаҳон ҳамжамияти олдида синовдан ўтади. Яъни, ушбу сиёсий тадбир натижаларида яқин ўтмишдаги хато ва камчиликлардан қандай хулоса чиқарганимиз намоён бўлади.

Тарихдан маълумки, давлат бошқарувидаги демократик сайловлар илдизи Қадимги Греция ва Рим давлатларига бориб тақалади. Жаҳон сиёсатчилари ўша вақтлардаги демократик бошқарув усули, эркин ва ошкора сайловларнинг кўринишлари ҳозирги Европа давлатлари ҳамда АҚШда кўзга ташланишини таъкидлашади.

Қадимги Грецияда қуллар ва аёллардан бошқа барча фуқаролар Халқ мажлисида иштирок этиб, ўз фикрини айтиш ва овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган. Овоз бериш жараёни очиқ ёки ёпиқ ҳолда ўтган. Ҳар бир масала ошкора ва қаттиқ муҳокама қилиниб, сўнгра қарор қабул қилинган. Афинадаги халқ иродаси ҳукмронлигига ҳозиргача ҳавас билан қаралади.

Қадимги Римдаги сайловларда ҳам ҳар бир фуқаро ўз фикрини эркин ва мустақил айтиш имкониятига эга бўлган. Сайлов бюллетенига ўзи қўллаган номзод исмини ёзиб, махсус қутига ташлаган. Рим Сенати милоддан аввалги VI асрда ташкил этилиб, давлат ҳокимиятининг олий органи ҳисобланган. Сенат аъзолари 100 кишидан иборат бўлиб, унда давлат ва жамият ҳаётига оид муҳим масалалар билан бирга Халқ мажлиси таклиф этган қонунлар кўриб чиқилган. Одамларнинг ҳуқуқ-мажбуриятлари билан бирга давлатнинг фуқаролар ҳаётига таъсир доираси ҳам қонунлар билан белгилаб қўйилган.

Кўҳна тарих шуни кўрсатадики, халқ муҳокамасидан ўтмаган ва хоҳиш-истагисиз қабул қилинган аксарият қонунлар ҳеч бир самара келтирмай, қайтага норозилик келтириб чиқарган.

Инсоният миллионлаб инсонлар ўлимига сабаб бўлган Адольф Гитлер ҳокимият тепасига "демократик сайловлар" орқали келгани, уни Германия аҳолисининг 98,8 фоизи "қўллаб-қувватлаган"ини унутмаса керак. Демак, сайловлар ҳуқуқий онг ва саводхонлик билан бирга сезгирлик ҳамда ҳушёрликни ҳам талаб этади.

Россияда демократиянинг дастлабки кўриниши Новгород вечеси, Боярлар думаси ва Соборда намоён бўлган. Унга аҳолининг барча қатламларидан вакиллар сайланган. Собор 1598 йилда Борис Годуновни, 1613 йилда Михаил Романовни подшоҳликка сайлаган.

Хўш, аждодларимиз демократик бошқарувни қандай амалга оширган? Бизда қадимда демократик сайловлар тизими бўлганми? Шу ўринда хонлар, подшоҳлар ва амирлар бошқарган давлатларда маълум бир уруғлар, сулолалар, уламолар ва мулку амал эгалари катта роль ўйнаганини таъкидлаш жоиз. Кучлиларгина давлат бошқаруви ва ҳокимият тизимига келган. Халқ ва ҳурматли оқсоқоллар фикри инобатга олинган даврлар ҳам бўлган. Соҳибқирон Амир Темур "Салтанат ишларининг тўққиз улушини машварат, тадбир ва кенгаш, қолган бир улушини эса қилич билан бажо келтирдим", дейди.

Албатта, буюк фотиҳлар ўз атрофидаги олим ва донишларнинг маслаҳатларига риоя қилишган. Низомулмулк, Юсуф Хос Ҳожиб, Алишер Навоий, Аҳмад Дониш каби эл меҳрини қозонган инсонларнинг давлат бошқаруви ишларига жалб қилиниши халқ хоҳиши билан ҳисоблашилганидан далолат беради. "Темур тузуклари"нинг илк таржимони,    "Тарихи Муҳаммадий", "Туркистон қайғуси" каби китоблар муаллифи, йирик аллома Алихонтўра Соғуний халқ иродаси билан Шарқий Туркистон жумҳуриятининг биринчи президенти бўлиб сайлангани ҳам маълум.

Чор Россияси 1877 йилда Тошкент шаҳри думаси сайловлари учун махсус таркибни белгилаб берган. Думага сайловчилар мол-мулкига қараб уч тоифага ажратилган. Етарли мулки бўлмаганлар сайлов ҳуқуқидан маҳрум этилган.

Россиядаги инқилобий ўзгаришлар, 1917 йил февралида подшо ҳокимияти ағдарилиши Туркистонга ҳам ўз таъсирини кўрсатган. Зиёлилар демократик жараёнларнинг бошида турган. Халқ эрки тимсоли сифатида 1917 йил ноябрида Қўқон шаҳрида ўлкадаги илк демократик давлат - Туркистон мухторияти тузилган. Мухториятнинг халққа мурожаатномасида "Ҳар ким ўз фикрини, хаёлини сўйламоққа, матбуот ва  бошқа воситалар ила нашр ва эълон қилмоққа ихтиёрлидур. Ҳуррияти виждон том маъносила ижро қилиниб, аҳолидан ҳеч ким дини, мазҳаби ва эътиқоди учун тақиб ва тазйиқ қилинмас", дейилган эди. Афсуски, бу демократик ҳукумат атиги 72 кун фаолият кўрсатган, холос.

Собиқ иттифоқ давлатида ҳам демократик сайловлар ўтказишга оид Конституциялар ва қонунлар ишлаб чиқилган. Сайловлар ҳозиргидек умумий, тенг, тўғридан-тўғри ва яширин ўтказилиши белгиланган. Аммо битта партиянинг ҳукмронлиги ва ҳақиқий сиёсий кураш йўқлиги     муаммоларни яшириш ҳамда ҳал этилмаслигига сабаб бўлган. Халқ томонидан сайланмасдан "тайинланган" депутатларнинг давлат ва жамият бошқарувида таъсири бўлмаган. Узоқ давом этган бу "урф-одат"лар таъсиридан қутулиш қийин бўлаётганини шахсий фикрли ва виждонли кишилар инкор этишмаса керак.

Бу тизимда амалдорлар депутатлик мақомидан унумли фойдаланган бўлса-да, белгиланган квота асосида депутат бўлган мактаб ўқитувчилари, ишчилар, деҳқонлар ва чўпонлардан партия ҳамда давлатни ҳимоя қилувчи қурол сифатида фойдаланишган. Масалан, 1989 йил март  ойида бўлиб ўтган СССР халқ депутатлари съездида сиёсий тизимни танқид қилган Нобель мукофоти соҳиби, жаҳон ҳамжамияти ҳурматини қозонган инсон, академик Андрей Сахаровга қарши ёзилган музокара нутқини чўпон ва ўқитувчи депутатлар ўқиб беришган эди.

Яқин ўтмишимизда ҳам ҳукмрон доиралар "халқ иродаси"дан ўзлари истаганларича фойдаланишга уринганлик ҳолатлари кўп бўлган. Мисол учун, 1991 йил 17 мартида собиқ иттифоқ умумхалқ референдуми ўтказилган, унда СССР давлатини сақлаб қолишга оид савол қўйилиб, "ҳа" ёки "йўқ" деб жавоб бериш керак эди. Болтиқбўйи давлатлари, Грузия, Арманистон ва Молдова ўз ҳудудларида референдум ўтказишга қарши бўлиб, мустақилликни талаб қилиб чиқишган. Тошкент шаҳридаги Талабалар шаҳарчаси биринчи ва иккинчи ётоқхонасида яшовчи юздан ошиқ талабалар "йўқ" деб овоз берган эди. Референдум натижалари эса Ўрта Осиёдаги бошқа республикалар каби ўзбекистонликларнинг ҳам 93,7 фоизини "ҳа", яъни СССРни сақлаб қолиш "тарафдор"лиги билан эълон қилинган. Бу натижага мактаб ўқувчиси ҳам ишонмайди-ку! Назаримизда бу "натижа" учун келгуси авлодларнинг аждодларига саволлари кўп бўлса керак.

Маълумки, депутатликка номзодларни партиялар танлаб, тавсия қилади. Минг чиғириқдан ўтгач, депутатликка номзодлар рўйхатга олинади. Сайланиш ҳуқуқига эга бўлмаганлар ва "номақбул номзод"лар рўйхатга кирмайди. Унда нега рўйхатга киритилган номзодлар ва уларни тавсия қилган сиёсий партияларга эркин, ошкора кураш олиб боришга имконият бермаслик керак? Нега депутатликка ўтиши керак номзод белгилаб берилади? Сиёсий партиялар ва депутатлар фаолиятининг сустлиги, давлат ва жамият ҳаётидаги роли сезилмаслигининг илдизи шу ерда эмасми? Шу сабабли, бу "сарқит одат"лар тезроқ тарихга айланиши керак. Бу ҳақда фикр юритишдан мақсад - хатолардан хулоса чиқариш зарурлигини эътироф этишдир. Зеро, рус файласуфи П.Чаадаев айтган экан: "Мен Ватанимни танқид қилишим мумкин, хафа қилишим мумкин, ҳатто камситишим мумкин, бироқ алдамайман".

Биламиз, сўнгги йилларда мамлакатимизда халқ ҳокимиятчилигини шакллантириш, давлат, жамият бошқарувида Конституция ва қонунлар устуворлигини таъминлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди. Бугунги кун назари билан эътироф этганда, ўтган давр ичида айрим хато-камчиликларга ҳам йўл қўйилди. Жумладан, Конституция ва қонунлар устуворлигини таъминлашда ҳамон муаммолар мавжуд. Тараққий этган ҳуқуқий демократик давлатлар даражасига етмадик. Ишсизлар ва иқтисодий қийинчиликда яшаётганлар, давлат ва давлат хизматчиларидан норозилар бор. Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар етарли даражада эмас.

Хўш, нега сайловларга бефарқлар кўп? Бу йилги сайловлар қандай ўтади? Аслида ҳеч биримиз бу жараёндан четда туришга ҳақли эмасмиз. Чунки демократик сайловлар орқали халқ ишонч билдирган элпарвар, юрт учун фидойи, илмли, ташаббускор ва илғор фикрловчи ёшлар бошқарувга келади. Фуқаролар ўзлари ишониб сайлаган вакиллари орқали давлат ва жамият бошқарувида иштирок этадилар. Шу сабабли салоҳиятли депутатлар корпусини шакллантириб олиш халқимиз учун долзарб вазифа ҳисобланади.

Абдишукур ОМОНОВ,

вилоят ҳокимлиги юридик хизмат раҳбари