Жамият 29.03.2019 281

ДИКТОФОНСИЗ ЎТАДИГАН МАТБУОТ АНЖУМАНЛАРИ

Нуқтаи назар

ДИКТОФОНСИЗ ЎТАДИГАН МАТБУОТ АНЖУМАНЛАРИ

журналистга нима беради?

Шундай ҳолатга деярли барча оммавий ахборот воситалари ходимлари дуч келган: нуфузли идоралардан матбуот анжуманига деб чақиришадию, у ерда ҳозир бўлсангиз, телефон, диктофон ва флешка олиб кириш мумкин эмаслигини айтишади.

Қизиқ ва ғалати ҳолат. Аслида Конституциямизнинг 67-моддасида "Оммавий ахборот воситалари эркиндир", деб аниқ кўрсатиб қўйилган. Хўш, журналистни ахборот олиш имконини берадиган асосий "қурол"идан маҳрум қилиб, уни эркин ҳисоблаш нечоғлик мантиқдан?

Бу борада асосий тортишув бинони қўриқлаш чекига тушган ички ишлар ходимлари билан кечади. Улар ОАВ ҳақидаги қонунларни билишмайди, шу сабаб "мумкин эмас"дан нарига ўтолмайди, идора матбуот хизмати ходимларининг "мелиса"ларга гапи ўтмайди, журналист эса диктофонсиз тадбирга кириш қуролсиз жангга киришдай гап эканини тушунтиролмай ҳалак бўлади.

Тўғри, бошқа иштирокчиларга алоқа воситаларидан фойдаланиш чекланиши керак, ортиқча шовқин ҳар қандай тадбирга халақит беради, бироқ ОАВ ходими асосий иш қуролисиз кириб, қандай ахборотга эга бўлади ва бошқаларга нимани тақдим қилади?!

Балки бунга соҳага доир қонунларда имтиёздан кўра талаб, мажбуриятнинг кўплиги, журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун айнан қандай жавобгарлик белгилангани мавҳумлиги сабабдир. Журналистга тўсқинлик қилганлик, уни зарур ахборот билан таъминламаслик, диктофонсиз ишлашни талаб қилганга, хизмат гувоҳномаси бўла туриб, фаолият олиб боришига тўсқинлик қилганга, ОАВ сўровига ўз вақтида жавоб бермаганга ва ҳоказоларга қандай чора кўрилиши аниқ кўрсатилмагани учун маъни-мантиқсиз талаблар қўйилар?

Қолаверса, ҳали-ҳамон кўп раҳбарларнинг ишида ками кўп, "қуролланган" журналистни тадбирга киритиб, оғримаган бошини оғритишни истамайди. Қолаверса, айрим раҳбарларнинг туғма "оғзи шалоқ"ки, телефон ё диктофон дейишса, учиб тушади. Ўзига ўхшаганлар бутун дунёга "машҳур" бўлиб кетганини билади-да.

Лекин бунинг охири бўлиши керак. Қачонгача ўзидан қўрқадиган турли раҳбарлару, соҳани мутлақо тушунмайдиган "мелиса"ларнинг илтифотига кўз тикиб юриш мумкин? Ахир журналистнинг эркинлиги Асосий қонунда кўрсатилган, қачон у қоғоздан амалга кўчади?

Н.ХЎЖАЕВ