Қишлоқ хўжалиги 05.07.2019 114

ДОН ХИРМОНИ КУТИЛГАНИДАН ҲАМ ЮКСАЛМОҚДА

Қишлоқ хўжалиги

Бу йил вилоятимизда 141 минг 800 гектар сувли ҳамда 63 минг гектар лалми майдонларда бошоқли дон экинлари парваришланиб, ўрим-йиғим ишлари давом этмоқда.

Мавсум бошидан бугунга қадар вилоятда 3585 фермер хўжалиги томонидан давлатга 500 минг тоннадан кўпроқ ғалла сотилди. Бу белгиланган режа ортиғи билан бажарилганини англатади.

Таъкидлаш жоиз, қиш-баҳор ойларидаги об-ҳавонинг деҳқончилик учун қулай келиши, ёғингарчиликнинг мўл-кўллиги деҳқонларимизнинг ишига янада барака бағишлади. Хусусан, бошоқли дон экинлари ҳам  яхши ривожланди. Айни пайтда етиштирилган ҳосилни нест-нобуд қилмасдан, охиригача йиғиб олиш деҳқону фермерларимиз, соҳа мутасаддилари олдида турган энг масъулиятли вазифалардан бири ҳисобланади.

Шунга кўра, вилоятда мавсумни уюшқоқлик билан ташкил этиш борасида зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган Низом талаблари асосида, шунингдек, жойлардаги ҳолатдан келиб чиқиб, ҳудудда 470 та отряд шакллантирилиб, уларга бир донадан замонавий ўрим комбайнлари, биттадан кўчма устахона, ёнилғи ташиш воситалари, дон ташиш учун 2847 дона ташиш техникалари (шундан 2054 дона юк автомобиллари) бириктирилди. Бу ўрим-йиғим ишларининг янада қисқа фурсатларда ва сифатли бажарилишини таъминлаб берди.

Хусусан, бу йил 18 минг 100 гектар сувли майдонда ғалла етиштирган Косон тумани миришкорлари ҳар гектардан ўртача 52,8 центнердан, умумий ҳисобда 95 минг 560 тонналик улкан дон хирмони бунёд этишни режалаштирган эди. Эътиборли жиҳати, улар бу довондан вилоятда биринчи бўлиб, яъни 18 июнь куниёқ ошиб ўтишди. Эътиборли жиҳати, туман фермерлари томонидан яратилаётган хирмон ҳамон бўй чўзишда давом этмоқда.

Сўнгги йилларда Миришкор тумани деҳқонлари ҳам ғалла, пахта ва пилла етиштириш борасида доимо илғорлар сафида экани ҳеч кимга сир эмас. Бу йил 22 минг 350 гектар майдонда ғалла экиб парваришлаган миришкорликлар белгиланган режани 19 июнь куни бажаришди. Шундан буён ҳам ўрим-йиғим ишлари асло сусайгани йўқ. Миришкорликларнинг хирмони ҳар томонлама юксалиб бормоқда.

Бундан ташқари, Қарши, Қамаши, Муборак, Касби, Нишон, Ғузор туманларида ҳам белгиланган режа аллақачон уддаланган. Ҳали барча ҳудудларда ўрим ишлари жадаллик билан давом этаяпти, ҳосил мўл.

Ўз ўрнида айтиб ўтиш жоиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 ноябрдаги тегишли қарорига асосан, давлатга дон сотишда янги харид нархлари белгилангани ҳам фермерлар учун айни муддао бўлди. Унга кўра, 2019 йил ҳосили учун буғдойнинг ҳар бир тоннаси учун кафолатланган давлат харидининг ўртача нархи 1 миллион 200 минг сўм миқдорида белгиланди. Шу билан бир қаторда, етиштирилган бошоқли дон ҳосилдорлигига қараб давлат хариди учун етказиб берилган ғалла харид нархига 10 фоиздан 25 фоизгача устама, аксинча паст бўлганида эса худди шу тахлитда чегирма қўлланилмоқда.

Бу дегани, фермер режада белгиланган 40 центнер ўрнига ҳар бир гектар учун 61 центердан ҳосил топширса, давлат топширилган доннинг ҳар тоннасига 1 миллион 200 минг сўм эмас, балки 25 фоизлик устама билан, 1 миллион 500 минг сўмдан пул тўлайди. Бу фермерларнинг давлатга кўпроқ дон сотишдан манфаатдорлигини оширмоқда.

- 110 гектар ер майдонимиз мавжуд, - дейди Касби туманидаги "Худойқулов Панжи Ҳазратқулович" фермер хўжалиги раҳбари Ҳасан Худойқулов. - Шунинг 62 гектарига буғдой эккан эдик. Меҳнатларимиз самара бериб, режани ортиғи билан уддаладик. Даромадимиз кутганимиздан-да юқори бўлди.

Халқимизда дон ҳақида жуда кўп ривоятлар, мақоллар мавжуд. Уларда буғдой энг асосий ризқ-рўз манбаи экани таъкидланади. Бу бежиз эмас. Мисол учун, мамлакатимизда биргина ана шу экин ортидан фақат қишлоқ хўжалигининг ўзида юз минглаб инсонларнинг бандлиги таъминланади. Айни пайтда дон қайта ишлаш корхоналари учун муҳим хомашё ҳамдир. Улар томонидан ишлаб чиқарилган ун ва нон маҳсулотлари эса аввало дастурхонимиз тўкин-сочинлиги, элу халқимиз фаровонлигини таъминлайди. Шу билан биргаликда, буғдой сомони, донни қайта ишлашдан олинган кепак, омухта ем чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик каби соҳалар учун ўта муҳим озуқа манбаи ҳисобланади. Демакки, хирмонларимизга тўкилаётган доннинг ҳар ҳовучи  ризқ, барака мўл-кўллигидан далолат беради.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.