Сўнгги янгиликлар 05.12.2018 72

ЭҲСОН УЧУН ЙИҒИЛГАН ПУЛ БОЛАЛАРГА САРФЛАНДИ

Тадбир

ЭҲСОН УЧУН ЙИҒИЛГАН ПУЛ БОЛАЛАРГА САРФЛАНДИ

ИИВ Қоровул қўшинларига қарашли, вилоятимиз ҳудудида жойлашган N-сонли ҳарбий қисмда хайрли анъана йўлга қўйилди. Эзгу мақсадларга сарфлаш мақсадида ушбу ҳарбий қисм қўмондонлиги ташаббуси билан махсус эҳсон қутиси ташкил этилган. Шу пайтгача 4 миллион сўмдан ортиқ маблағ йиғилиб, унинг ўз ўрнида ишлатилиши чораси кўрилди.

- Бу ташаббус ҳарбий хизматчиларимиз томонидан ҳам қўллаб-қувватланди, - дейди ҳарбий қисм хотин-қизлар қўмитаси раиси Адолат Давлетмуратова. - Ҳар ким ўз имконига қараб пул эҳсон қилди. Эҳтиёжманд, ногиронлиги бор кишиларга ёрдам қўлини чўзиш, заруратдан келиб чиқиб, моддий қийматликлар олиб беришни кўзлаганмиз. Бу хайрли қадамни Қарши шаҳридаги "Мурувват уйи"дан бошладик. Тўпланган маблағга болалар учун кийим-кечак, гигиена воситалари харид қилиниб, мазкур муассасага етказиб берилди. Шу мақсадда тадбир ўтказилди. Унда ҳарбий хизматчилар ҳам қатнашди. Кичкинтойларнинг хурсандлигини кўриб, қўл урган ишимиздан қониқиш ҳосил қилдик. Бу каби хайрли ишларни давом эттирамиз.

Айтиш жоизки, Қарши шаҳридаги "Мурувват уйи"да асосан жисмоний нуқсони бор, имконияти чекланган болалар тарбияланади.

МИРЖАҲОН

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.