Жамият 26.04.2019 115

ЭЪТИБОР ВА ҒАМХЎРЛИК - ИНСОНИЙ БУРЧ

Эҳтиром

9 май умумхалқ байрами - Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига 7 миллион 500 минг сўм миқдорида бирйўла пул мукофоти берилади.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 23 апрелдаги "Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида"ги фармонида сўз боради.

Маълумки, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганларнинг хотирасини абадийлаштириш, бугун ҳам сафларимизда туриб Ватан обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган фахрийларни эъзозлаш ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалаба нишонланиши муносабати билан уруш қатнашчилари ва ногиронлари мунтазам равишда моддий рағбатлантириб борилади.

23 апрель куни Президентнинг "Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ҳам қабул қилинди. Унга кўра, Иккинчи жаҳон урушида фашизмга қарши курашишга ҳисса қўшган, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хотирасини абадийлаштириш, барча фахрийларга ҳурмат кўрсатиш бўйича махсус дастур ва ишчи гуруҳ таркиби тасдиқланди.

Назарда тутилган тадбирлар "Аждодларни хотирлаш - муқаддас қадрият", "Эътибор ва ғамхўрлик - инсоний бурч" шиорлари остида ўтказилади.

Иккинчи жаҳон урушининг ҳар бир қатнашчисига, фронт орти меҳнат фахрийларига, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш мақсадида тегишли вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар, ҳарбий қисмлар вакиллари бириктирилиб, ушбу тоифадаги шахсларни қутлаш мақсадида уларнинг яшаш жойига раҳбарларнинг ташрифи ташкил этилади.

Ёлғиз ва кам таъминланган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг турар жойи ва уй хўжаликлари таъмирланиб, ободонлаштирилади.

Уруш қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига тиббий ва ижтимоий хизмат кўрсатиш, уларни парвариш қилиш мақсадида тиббий билимларга эга ходимларни (шартнома асосида) бириктирган ҳолда доимий равишда патронаж хизмати ташкил қилинади.

Иккинчи жаҳон урушига Ўзбекистондан кетиб ғалабага ўзининг беқиёс ҳиссасини қўшган ва уруш қаҳрамони бўлган фахрийлар номларини абадийлаштириш мақсадида ўзлари туғилиб ўсган кўчаларга уларнинг номлари берилади.

Уруш қатнашчилари ва ногиронлари уларнинг истаклари асосида республика ҳудудидаги санаторияларга бепул юборилади.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги белгиланган жойларда уруш вақтидаги ҳарбий техника намойиши, Тошкент шаҳрида Иккинчи жаҳон урушига алоқадор архивдан олинган фото ва ҳужжатлар кўргазмаси бўлиб ўтади.

Мудофаа вазирлиги томонидан Тошкент шаҳрида 2019 йил 9 май соат 21:00 да байрам салюти ташкил қилинади.

Маданий-маърифий ва ватанпарварлик йўналишидаги тадбирлар республиканинг барча ҳудудларида бўлиб ўтади.

Маълумот учун, бугунги кунда мамлакатимизда 878 нафар уруш фахрийси ҳаёт бўлиб, уларнинг        66 нафари қашқадарёликлардир.

Н.ХЎЖАЕВ

Суратда: Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Ғаффор бобо Сатторов ёш авлод вакиллари билан учрашув чоғида.

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.