Жамият 07.05.2019 202

ЭЪТИБОР ВА ҒАМХЎРЛИК - ИНСОНИЙ БУРЧ

Ўтганлар хотирасини ёд этиш, кексаларни эъзозлаш бизда азалий қадрият бўлиб, турмуш тарзимизнинг ажралмас бўлаги, мазмун-моҳиятига сингиб кетган. Аҳамиятли жиҳати, бундай эътибор ва ғамхўрлик менталитетимизга ҳамоҳанг давлатимиз ижтимоий ҳимоя сиёсатида ҳам ўз аксини топган.

Буни Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига кўрсатилаётган ҳурмат ва эҳтиром, уларнинг ижтимоий ҳимоясини ташкил этиш борасида олиб борилаётган ишлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

- Уруш даври машаққатлари, оилалардаги йўқотишлар, қашшоқлик, очлик азобларини биз кўрдик, - дейди Чироқчи тумани Ҳайиткул қишлоғилик уруш қатнашчиси Эшмирза бобо Очилов. - У пайтлар бугунгидек фаровон, инсон эъзозда яшайдиган кунлар келишини тасаввур ҳам қилолмасдик. Худога шукур, бугун биз, кексаларга кўрсатилаётган ғамхўрлик, эҳтиромдан кўнглим тоғдек юксалади. Невара-чевараларим қаторида ўқувчилар, турли ташкилотлар вакиллари тез-тез йўқлаб келади, хурсанд бўламан. Шифокорларни айтмайсизми, доимо ҳолимиздан хабардор.

Таъкидлаш жоиз, Президентимизнинг 2019 йил 23 апрелдаги "Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, ижтимоий ҳимоялаш билан боғлиқ кўплаб тадбирлар, шу жумладан, уларнинг ҳар бирига тиббий ва ижтимоий хизмат кўрсатиш, уларни парвариш қилиш мақсадида тиббий билимларга эга ходимларни (шартнома асосида) бириктирган ҳолда доимий равишда патронаж хизматини ташкил этиш белгиланган. Зеро тинчлик учун курашган инсонларни улуғлаш бизнинг инсоний бурчимиздир.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Суратда: патронаж ҳамширалари Эшмирза бободан тез-тез хабар олиб туришади.

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.