Жамият 30.04.2019 199

ЭГРИ ЙЎЛНИНГ СЎҚМОҒИ

Халқимизда "Тўғри юрдим - етдим муродга, эгри юрдим - қолдим уятга", деган нақл бор. Кишининг нафс васвасасига учиб, турли қинғирликларга қўл уриши, жамиятда белгиланган тартиб-тамойилларга амал қилмасдан иш кўриши уни надомат сари бошлаши аниқ. Буни қуйидаги ҳолатлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Сохта маълумотномалар сири очилди

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг     тегишли буйруғи билан дастлабки тарзда ва вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтиши шарт бўлган ходимлар рўйхати тасдиқланган.

Унга кўра, тиббиёт муассасаларининг бир қатор ходимлари ҳар йили белгиланган тартибда тиббий кўрикдан ўтиши лозим. Зотан шифокорлик касби шуни талаб этади. Улар мунтазам беморлар билан ишлайди, кўпчилик билан мулоқотда бўлади. Бу вақтда касалликни юқтириши, шу билан бир қаторда, уни яна бошқаларга тарқатиши мумкин.

Аммо Нишон туман тиббиёт бирлашмасининг бир гуруҳ шифокорлари ана шу масъулиятли мажбуриятнинг осон ечимини топиб олишган экан. Бунда туман тиббиёт бирлашмасининг марказий поликлинкасида фельдшер вазифасида ишлаб келган Б.А. ҳожатбарорлик ролини бажарган.

Гап шундаки, у Қарши шаҳридаги  хусусий корхоналардан бирининг раҳбари билан ўзаро тил бириктириб, вилоят давлат санитария-эпидемиология назорати маркази "Вирусология лабораторияси" штампининг қалбаки нусхасини тайёрлаб олган. Қарабсизки, керакли тамғани қўлга киритган Б.А. дарҳол "бизнес" ишларини бошлаб юборади.

Яъни, у 2015-2018 йиллар давомида 105 нафар тиббиёт ходимига белгиланган тиббий кўриклардан ўтганлиги ҳақида қалбаки маълумотнома тайёрлаб берган. Текинга эмас, албатта. Бу маълумотномаларнинг ҳар бири учун 15 минг сўмдан 44 минг сўмга қадар "хизмат ҳақи" олган.

Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин ҳам чиқади, деганларидек, Б.А.нинг "бизнес"и ҳам кўпга чўзилмади. У ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қўлга олинди.

Шу ўринда яна бир мулоҳаза, жиноятчику қонуний жазосини олади. Аммо халқимиз зиёли инсонлар сифатида биладиган, ҳурмат қиладиган тиббиёт ходимлари Б.А.дан белгиланган текширувга бормасдан сохта маълумотнома сотиб олаётганида наҳотки виждонлари қийналмаган бўлса!

Гугурт қутисидаги оғу

Ғузор туманида яшовчи Қ.А.нинг аслида ҳеч нарсадан камчилиги йўқ. Тўрт нафар фарзанди бор, оиласи тинч, топиш-тутиши жойида, яна нима керак кишига? Аммо у борига қаноат қилмади, кўпроғини кўзлади. Натижада эса...

Жорий йилнинг январь ойи бошларида Қ.А. онасини Ҳаж сафарига кузатаётган эди. Шу боис, уйида кичикроқ тадбир ташкил қилиб, дўсту яқинларини чорлайди.

Шу куни танишларидан бири унга Бухородан бир дўсти келгани, озроқ "наша" топиб бериши кераклигини айтиб,  ёрдам сўрайди. Қўлига олдиндан 300 минг сўм пул тутқазади. Бундай вақтда йўқ дея олмайдиган Қ.А. ҳам пулни чўнтакка уриб, ишга киришади.

Қизиқ-а, бир томондан онасини муқаддас Ҳаж зиёратига жўнатишдек ширин ташвишлар оғушида юрган  киши кўнглининг яна бир четида тезроқ гиёҳванд модда топиб, харидорга етказиш режаси ҳам турса.  Қ.А.да худди шундай эди.

У меҳмонларни кузатиб, "наша" излашга тушади. Бир танишидан топади ҳам. Шундан сўнг, уни мижозга етказиш учун Қарши шаҳрига келади. Шаҳардаги кафелардан бири олдида мижоз билан учрашиб, гугурт қутисига солинган "заҳри қотил"ни унга тутқазади.

Ишнинг тез битганидан хурсанд Қ.А.нинг шодлиги узоққа чўзилмади. У шу жойнинг ўзида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ушланиб,  қўлига кишан тақилди.

Камерага тушиб қолган ўғрилар

Қарши шаҳрилик И.Х. "ENTER Engineering Pte. Ltd." корхонасининг Нишон туман Нуристон шаҳарчасидаги омборхонасига ишга жойлашган эди.

Ўз иш ўрнига эга бўлган, яхшигина маош олаётган бу йигит янада яхшироқ ишлаш, малакасини ошириш, жамоада обрў-эътибор қозониш ўрнига, қандай қилиб тезроқ чўнтагини қаппайтириб олиш ҳақида ўйлай бошлади. Унинг наздида, бунинг энг осон йўли омбордаги моддий ашёларни ўғирлаб, сотиш эди.

Дастлаб И.Х. омбордан мисдан ясалган икки қути эҳтиёт қисмларни кийимига ўраб олиб чиқиб, ҳовлидаги темир панжарадан ташқарига улоқтирди. Навбатчилик вақти тугагач,  ушбу ашёларни олиб уйга қайтди.

У йўл-йўлакай ушбу буюмларни Қарши тумани Чўлиота қишлоғидаги "металлоломчи"лардан бирига ҳар килосини 24 минг сўмдан, жами 336 минг сўмга нархлаб, сотиб юборади.

Халқимизда иштаҳа овқат вақтида келади, деган гап бор. Энди И.Х.да бели оғримай пул топиш иштиёқи ошади. У корхонага қайтгач, бу    сафар ўзи билан бирга ишлаётган яна икки нафар шерикларини ҳам ўғирликка ундайди. Улар    омборхонадаги эҳтиёт қисмларни яширин тарзда олиб чиқиб, темир панжаралар орасидан ташқарига улоқтирар, И.Х. эса бу ашёларни олиб, таниш "металлоломчи"га пуллаб келар ва даромадни тақсимларди.

Токи, корхона масъулларидан бири хориждан катта маблағ эвазига олиб келинган ва омборда сақланаётган эҳтиёт қисмлар камайиб бораётганини пайқаб қолгунча, уч шерикнинг ошиғи олчи бўлди. Бунгача улар 9 ўрам "медная лента" ва 342 дона "молниеуловитель" товар моддий бойликларини ўғирлаб, сотиб юборишга улгурган экан.

Ҳолат бўйича текширувлар бошлангач, омборга ўрнатилган кузатув камералари ҳуқуқбузарликни ким ва қай тарзда амалга оширганини осонгина фош этиб берди. Айбдорларнинг эса қилмишини тан олишдан бошқа чораси йўқ эди.

Эътибор қилинг, хориждан олиб келинган бу буюмларнинг умумий нархи қарийб 105 миллион сўмни ташкил этмоқда. И.Х. ва шериклари эса уларни килога ҳисоблаб, жами 7 миллион сўмга сотишган. Аммо энди 105 миллионни тўлаши шарт.  Шу билан бир қаторда, улар қилмишлари учун белгиланган тартибда жазога тортилиши муқаррар.

Мафтуна ШОКИРОВА, 

Нишон туман ИИБ ҳузуридаги ТБ суриштирувчиси, лейтенант,

Ж.БОЙМУРОДОВ, журналист