Қишлоқ хўжалиги 21.05.2019 91

ЭКИННИ ТОМЧИЛАТИБ СУҒОРИШ БИЛАН МИЛЛИОНЛАБ МАБЛАҒ ТЕЖАЛАДИ

Қишлоқ хўжалиги

Мамлакатимизда чучук сувнинг энг йирик истеъмолчиси қишлоқ хўжалиги соҳаси ҳисобланади. Бинобарин, деҳқончилик ишларининг ривожи ҳар жиҳатдан сувга боғлиқ, бироқ у ҳисобсиз эмас.

Биргина вилоятимиз мисолида олиб қарайлик. Бугунги кунда ҳудудга   деҳқончилик ишлари учун йиллик ўртача 6,5-7 миллиард куб атрофида сув лимити ажратилади. Бу мавжуд эҳтиёжни қоплайдиган энг минимал миқдор. Боз устига бизда фойдаланилаётган сувнинг асосий қисми, яъни ўртача 83 фоизи қўшни республикалар ҳудудида шаклланади. Шу билан бирга ана шу ресурсни деҳқон даласига қадар етказиб бериш ҳам осон иш эмас, катта сарф-харажатлар талаб этади. 

Мана шу омиллар сабаб бизда сувдан оқилона фойдаланиш, соҳага сувни тежашга қаратилган янги лойиҳаларни изчиллик билан жорий этиш устувор масалага айланди. Шунга монанд, қатор чора-тадбирлар ҳам амалга оширилмоқда. Сув тежовчи қурилмалар, улар эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқарувчи, етказиб берувчи субъектлар, ўз фаолиятида тежамкорликка асосланган лойиҳаларни жорий этаётган хўжаликлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда, турли имтиёзларга эга бўлаяпти.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, дастлаб мамлакатимизда томчилатиб суғориш тизимларини оммалаштириш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 19 апрелдаги тегишли қарори асосида бошланган эди. Унга кўра, 2014-2017 йиллар давомида асосан боғ ва узумзорларда томчилатиб суғориш тизимларини жорий этиш бўйича ишлар амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 декабрдаги "Пахта хомашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологияларидан кенг фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори эса бу борадаги ишларни янги босқичга кўтарди.

Қарор билан 2019-2020 йиллар давомида томчилатиб суғориш тизимлари ва уларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқариш, фермер хўжаликлари пахта далаларига босқичма-босқич сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича тегишли "Йўл харитаси" тасдиқланди.

Бу борада вилоятимизда ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ҳудудда ушбу қарор ижросини таъминлаш бўйича вилоят ҳокимининг 2018 йил 29 декабрдаги қарори қабул қилиниб, амалга ошириладиган ишлар режаси белгилаб олинди.

Айни пайтда вилоятда 13 та фермер хўжалигининг 293 гектар пахта майдонида томчилатиб суғориш технологияларини ўрнатиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бунинг учун, фермер хўжаликларига АТБ "Агро банк" томонидан 5 миллиард 556 миллион сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилиши белгиланган бўлса, шу кунга қадар 2 миллиард 778 миллион сўм маблағ ижрочи пудрат корхоналари ҳисоб рақамига ўтказиб берилган. Буюртмачи фермер хўжаликлар пахта далаларига томчилатиб суғориш тизимларини ўрнатиш ва монтаж қилиш бўйича ишлар олиб бормоқда.

Чироқчи туманидаги "Бобохўжа" ҳамда "Кўм-кўк яшил боғ" фермер хўжаликлари мулкдорлари ҳам ғўзани томчилатиб суғориш тизимини жорий этишга бел боғлашган. Уларнинг бу ташаббуси банк томонидан молиявий қўллаб-қувватланиб, умумий 64 гектар майдонда томчилатиб суғоришни йўлга қўйиш учун ҳозирги кунга қадар 580 миллион сўм кредит маблағи йўналтирилган. Айни пайтда таъминотчи корхона Туркиядан барча зарур эҳтиёт қисмларни келтириб монтаж ишлари олиб бормоқда.

Нишон туманидаги "Саидалиев Муҳриддин" фермер хўжалигининг 32 гектар майдонида ҳам томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш кўзда тутилган. Бунинг учун АТБ "Агробанк" Қамаши туман филиали билан 640 миллион сўм кредит ажратиш бўйича шартнома мавжуд. Ҳозиргача ушбу маблағнинг 266 миллион сўми таъминотчи корхонага ўтказиб берилган бўлиб, қурилиш ишлари бошланган.

Тумандаги "Фармонов Зиёдулла" фермер хўжалиги мулкдорлари эса вилоятда биринчилардан бўлиб ушбу тизимни ўрнатиб, ундан аллақачон фойдаланишни бошлашган.

Фермер Зиёдулла Фармоновнинг таъкидлашича, айни пайтда 42 гектар ерда томчилатиб суғориш тизими мавжуд. Бу сувни тежаш билан бир қаторда, ишчиларнинг меҳнатини ҳам жуда енгиллаштирмоқда.

Шунингдек, Ғузор туманидаги "Ғузор Агро файз", "Исомиддин ўғли Исломбек", "Тошғузор Бойсун", Косон туманидаги "Самандар Нурдиёр", "Қудрат ота ЕТ", Миришкор туманидаги "Моҳидил Севинч" ҳамда Қамаши туманидаги "Ашир ота", "Эрназарова Дилдора" фермер хўжаликларида ҳам пахта майдонларига намунавий лойиҳа асосида томчилатиб суғориш тизимларини ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.

- Ушбу лойиҳанинг афзаллиги шундаки, экинни суғориш учун зарур миқдордаги сув аввал махсус қазилган ҳовузда тўпланади, - дейди Пахта селекцияси уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти Қашқадарё илмий тажриба станцияси мутахассиси Шукур Жумаев. - Сўнг фильтрланиб, насос ёрдамида асосий қувурга, ундан эса экин майдони бўйлаб тортилган махсус тешикчали кичик полиэтилен қувурларга ҳайдалади. Ундан сув томчилаб чиқади ва ғўзага керакли намни таъминлаб беради.

Яна бир афзаллиги, ушбу технологияда пахта эгатларига плёнка тортиш кўзда тутилган. Сув қувурлари унинг остидан ўтади. Натижада  намнинг сақланиш даражаси жуда юқори бўлади, жўякда бегона ўтлар бўлмайди. Мавсум давомида экинга барча минерал ўғитлар сув билан берилади, техника харажатлари қисқаради. Сув сарфи ўртача 40 фоизга камаяди. Ҳосилдорлик  ошади, ҳосил анча эрта етилади.

Тежамкор технология асосида юзага келадиган ана шу каби қулайликлар ҳақида соҳа ходимлари Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги маблағлари асосида яратилган "Томчи" мобиль иловаси ёрдамида ҳам таништириб берилаяпти.

- Илова фермерлар, сув хўжалиги мутахассислари ёки бошқа қизиқувчиларга суғоришнинг тежамкор услублари ҳақидаги ахборотларни олиш, томчилатиб, парлатиб суғориш технологияларини жорий қилишнинг тахминий сарф-харажатларини олдиндан ҳисоблаб чиқариш имконини беради, - дейди "Аму-Қашқадарё" ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси сув  ресурслари бўлими бош мутахассиси Ҳабибулло Маманов. - Шунингдек, иловада томчилатиб суғориш ускуналарини ишлаб чиқариш, монтаж қилиш хизматини кўрсатадиган барча корхоналар, уларнинг хизмат турлари ҳақидаги маълумотлар жамланган.

Бир сўз билан айтганда, вилоятимизда пахта майдонларида сув тежовчи лойиҳаларни кенг оммалаштириш бўйича катта ҳажмдаги ишлар бошланган. Шу билан бир қаторда, камчиликлар, белгиланган лойиҳаларнинг ўз вақтидан кечикиш ҳолатлари ҳам йўқ эмас. Мисол учун, биз юқорида санаб ўтган фермер хўжаликларида тизим мавсум бошиданоқ ишга туширилиши керак эди. Лекин уларнинг аксариятида қурилиш, монтаж ишлари ҳали якунлангани йўқ, баъзиларида энди бошланмоқда. Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган тадбирда ҳам бу жиҳатга эътибор қаратилиб, қатор ҳудудлар, шу жумладан, вилоятимизнинг айрим туманларида олиб борилаётган бу борадаги ишлар кечиктирилгани, томчилатиб суғориш технологияларини жорий қилиш учун пахта хомашёси етиштириладиган майдонларнинг ҳар бир гектарига ажратиладиган субсидияларнинг ўз вақтида ажратилмагани танқид қилинди.

Бу бежизга эмас. Суғоришнинг тежамкор технологияларини жорий қилиш мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳаси ривожининг эртасига бевосита таъсир кўрсатади. Чунки биз сув ресурслари тақчиллиги доимий хавф солиб турадиган ҳудудда яшаймиз. Шундай экан, соҳада илғор, ресурс тежамкор технологияларни жорий этиш жуда муҳим, қолаверса, бу давр талаби ҳамдир.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ