Иқтисодиёт 19.02.2019 260

ЭКСПОРТ ҲАЖМИ ОРТМОҚДА

Енгил саноат

ЭКСПОРТ ҲАЖМИ ОРТМОҚДА

"Яккабоғ воҳа текс" МЧЖ 2017 йил баҳорида ишга туширилганди. Шу фурсатда корхона ишлаб чиқариш цехида катта миқдорда пахта толаси қайта ишланиб, олинган ип калава хориж мамлакатларига етказиб берилди. Жумладан, бултур ушбу фабрикада 1824 тонна ип калава тайёрланган бўлса, шунинг 1300 тоннадан зиёди хориж мамлакатларига экспорт қилинди.

- Фаолиятимизнинг дастлабки йили билан солиштирсак, 2018 йилда экспортимиз салмоғи анча ортганини кўриш мумкин, - дейди МЖЧ раҳбари Муҳсин Файзуллаев. - Четга жўнатилган маҳсулот ҳажми 3 миллион 125 минг АҚШ долларига тенг бўлди. Асосий харидорлар орасида Россия ва Туркия мамлакатларини алоҳида санаб ўтиш мумкин. Ҳозир  олий сифатли ип ишлаб чиқаришга устувор аҳамият бераяпмиз. Тола пишиқ ва чўзилувчанлиги яхши экани бунга имкон яратаяпти. Бундан ташқари, ички бозорни ҳам маҳсулот билан таъминлаяпмиз. Ўтган йили юртимиздаги қатор тўқувчилик фабрикаларига қарийб 400 тонна ип калава реализация қилдик.

Корхона раҳбарининг билдиришича, жорий йилда маҳсулдорликни янада ошириш мақсад қилинган. Зеро, бунга салоҳият ва имконият ҳам етарли. Мажмуада йилига 3 минг тонна ип калава тайёрлаш қуввати мавжуд. Муҳими, бу борада аллақачон ишлар бошлаб юборилган. Жорий йилнинг ўтган даврида 300 минг АҚШ доллари эквивалентидаги маҳсулот экспортга чиқарилгани ҳам фикримиз исботидир.

Маълумот ўрнида айтиш керак,  "Шўртан газ-кимё мажмуаси" МЧЖ "Яккабоғ воҳа текс" МЧЖнинг асосий мулкдори ҳисобланиб, ҳукумат қарорига мувофиқ, заводнинг текстиль корхонасидаги улуши сотувга қўйилган.

М.ЖЎРАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.