Сўнгги янгиликлар 31.05.2019 101

ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИДАН НОҚОНУНИЙ ФОЙДАЛАНИБ, ДАВЛАТ ИНСПЕКТОРИГА ШИКАСТ ҲАМ ЕТКАЗДИ

Қинғир иш – келтирар ташвиш

Жиноят ишлари бўйича Ғузор туман суди томонидан судланувчи Чори Эшонқуловга нисбатан ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Гап шундаки, 2018 йилнинг 16 сентябрь куни Мажбурий ижро бюроси Ғузор тумани бўлими давлат инспекторлари тумандаги Дўлтали қишлоғида хизмат вазифасини бажариш чоғида шу қишлоқда яшовчи Чори Эшонқулов яшаш хонадонида электр энергиясидан ноқонуний равишда фойдаланаётганини аниқлашади. Ушбу қоидабузалик натижасида таъминотчи корхона фойдасига 1 миллион 780 минг сўм миқдорида зарар етказилгани маълум бўлади.

Шунга кўра, фуқаро Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 101-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилгани учун энг кам ойлик иш ҳақининг беш баравари миқдорида жаримага тортилади.

Ўрганган кўнгилнинг ўртаниши сабабми, Ч.Эшонқулов тегишли хулоса чиқариш ўрнига қоидабузарлик ҳаракатларини давом эттиради. Хусусан, электр энергиясидан ўзбошимчалик билан фойдаланиб келаётгани етмагандай айбини тан олиш ўрнига давлат инспекторига кескин қаршилик кўрсатади ва уни белкурак билан уриб, соғлиғига оғир шикаст етказади.

Қилмишига яраша Ч.Эшонқулов энди 1 йилу 6 ой ахлоқ тузатиш жазосини ўтайдиган бўлди.

Б.ХУЖАМУРАТОВ, 

Мажбурий ижро бюроси ички хавфсизликни таъминлаш бошқармаси бош инспектори

А.НИЁЗОВ,

бюронинг вилоят бошқармаси катта инспектори