Маънавият 19.04.2019 189

ЭЛЕКТРОН ПОЧТАДАГИ ХАБАРДАН ХАВФСИЗЛИК ТИЗИМИ ХОДИМЛАРИ ҚАНДАЙ ХАБАР ТОПГАНДИ?

Дунё адабиёти

Электрон почта орқали ёзишмалар, умуман, интернетда қандай мулоқот қилинаётгани ким(лар)дир томонидан кўриб-кузатиб турилиши, гарчи уларда бирор махфий сир бўлмаса-да, ўзганинг назоратини ҳис қилиб туриш, табиийки, ҳар қандай кишига эриш туюлади. Чунки ҳар ҳолда инсоннинг дахлсиз ҳуқуқ-эркинликлари деган гаплар бор. Ваҳоланки дунёда фаолияти айнан шу мақсадга қаратилган, электрон почталар, интернетдаги мулоқотларни назорат қилиш имконига эга идора бор. У рамзида оёқларида калит тутиб турган бургут акс этган АҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги (МХА) бўлиб, ўтган аср охирларида 26 минг хизматчига, 12 миллиард долларлик бюджетга эга бу ташкилот дунё миқёсида электрон разведка ахборотларини тўплаш билан шуғулланар, шу билан бир қаторда ярим асрдан ошиқ вақт давомида АҚШ ахборот тизимини ҳимоя қилиб келаётганди. Қизиғи, ўша пайтда Америка аҳолисининг ҳам атиги 3 фоизигина бундай ташкилот борлигини биларкан, холос.

Америкалик ёзувчи Дэн Брауннинг 1998 йилда ёзилган ва орадан 20 йил ўтиб ўзбек тилига ўгирилган "Рақамли қалъа" романида шу ҳақда сўз боради. Айтишларича, Дэн Браун ўзи дарс берадиган университетдаги талаба дўстига ҳазиллашиб электрон почта орқали АҚШ президентига суиқасд қилмоқчи эканини ёзган ва шундан сўнг Миллий хавфсизлик агентлиги ходимлари томонидан қўлга олинган. Вазифаси фуқароларни кузатиб бориш бўлган сирли агентлик адибни қизиқтириб қўяди ва у электрон хавфсизлик ҳақида асар ёзишга қарор қилади. Уйга қайтиб асарни ёза бошлаган пайтда эса электрон почта орқали келган вирус компьютерининг қаттиқ дискини куйдириб юборади...

Хуллас, романда ёзилишича, Мэриленддаги Форт Мид шаҳрининг кўз илғамас ўрмонли қоялари орасига яширинган, майдони 15 гектарни ташкил этадиган агентлик президент Трумэн томонидан 1952 йил 4 ноябрь куни ташкил этилган. Асосий қароргоҳи жойлашган бинонинг томи 500 дан ортиқ катта-кичик антенналар билан тўлиб-тошган, ҳажми 18 квадрат километрга ёйилган бўлиб, бу Марказий разведка бошқармасидан икки баравар катта, бино ичида 8 миллион фут телефон кабеллари бор эди.

МХАнинг дунёдаги барча сунъий йўлдошлар, жосуслар, ёзма ёки оғзаки ахборотни назорат қилувчи глобал разведка бўлинмаси - Comint бўлиб, ҳар куни шубҳали туюлган минглаб суҳбатлар, маълумотлар МХА таҳлилчиларига расшифровка учун юборилар, улар томонидан кодлари ечилиб, ўрганиларди. ФҚБ, МРБ, АҚШ Интерполи бирор маълумотни олиш учун МХА разведкасига суянади. Криптографлар фош этган ахборотларнинг аксарият қисми ҳақиқатан ҳам АҚШ ҳудудидаги ҳукуматнинг хавфли душманлари, адоват руҳидаги фракциялар ва террорчи гуруҳларга тегишли бўлиб чиқади.

80-йилларда интернет, сўнгра электрон почта кенг оммалашади. Кўпчилик наздида E-mailдан юборилган хабар ҳаво орқали эмас, ер остидаги фибер-оптик симларда узатилгани сабабли уларни яширинча эшитиш, ўқиш мумкин эмас эди. Бу ўз навбатида телефондаги махфий суҳбатлари яширинча эшитилиш хавфидан доим безовта бўлиб келган жиноятчилар, террорчилар ва жосуслар учун айни муддао бўлади.

Бироқ МХА техник мутахассислари учун интернет орқали юборилаётган шахсий ахборотни топиб, ушлаб қолиш жуда осон иш бўлиб, шу маълумотлар асосида юзлаб, минглаб жиноятлар фош этилаётганди.

Бу, табиийки, интернет фойдаланувчилари ўртасида норозиликларни келтириб чиқаради. Сиёсат ва жиноятга алоқаси йўқ одамлар ҳам электрон  почтадан фойдаланишга хавфсираб қолади.

МХАга жавоб тариқасида уддабурон дастурчилар электрон почтани ҳимоялаш усуллари устида бош қотира бошлайди ва махсус шифр ўйлаб топишади. У фойдаланишга қулай дастурдан иборат бўлиб, унинг вазифаси юборилган хабарни ўқиб бўлмас даражада кодлаштириш эди. Энди хабар йўлловчи юборган мактуб қабул қилувчидан бошқанинг қўлига тушиб қолганда ҳам уни ўқишнинг иложи йўқ эди.

Асар қаҳрамонларидан бири Сьюзан Флетчер тилидан айтилганидек, криптография, яъни кодларни очиш худди хорижий тилни ўрганишга ўхшайди.   Дастлаб кўрганингда матнга тушунмайсан. Лекин унинг тузилиши билан қоидаларни ўрганганингдан кейин белгиларнинг асл маъносини чақишни бошлайсан.

Тарихдаги биринчи кодли хабарни эса Юлий Цезар ёзган. Императорнинг хат ташувчиларига ҳужумлар авж олиб, унинг махфий ёзишмалари ўғирланиши хавфи кучайгач, Цезар ҳимоя чораси сифатида хатларни шифрлаш усулини ўйлаб топади, бунга матннинг ҳарфлари ўрнини бегоналарга тушунарсиз бўлган тарзда ўзгартириб, бир қараганда, маълумотни маъносиздек кўрсатиш ҳисобига эришганди. У кашф этган усул шундан иборатки, матннинг ҳажмига қараб ҳар бир ёзишмадаги ҳарфлар сони қатъий белгиланган бўлиб, улар фақатгина квадратига бўлинувчи сонлардан ташкил топарди. Масалан, ўн олти, йигирма беш, қирқ тўққиз ва ҳоказо. Цезар ишончли ходимларига ўзи юборган хабарни ўқиш учун матндаги ҳарфлар сони қайси рақамнинг квадратига тенг бўлса, уларни худди шунча қаторга кетма-кет тақсимлаш ва ҳосил бўлган натижани юқоридан пастга қарата ўқишларини тайинлаган.

Вақт ўтиб, Цезар бошлаб берган ҳарфларни чалкаштириш орқали ёзишмаларни ҳимоялаш усули бошқалар томонидан ўзлаштирилиб, янада мураккаблаштирилади. Иккинчи жаҳон уруши даврида нацистлар томонидан қурилган кодлаш машинаси - Enigma ўзига киритилган ахборотни саноқли дақиқалар ичида умуман англаб бўлмайдиган, беўхшов белгилар тўпламига айлантириб берган. Enigma шифрлаган маълумотни фақат бошқа бир худди шундай машина расшифровка қила олган.

Дастлаб фойдаланилган калит сўзлар МХА ҳисоблаш машиналари тахмин қилиб топиши мумкин бўлган даражада қисқа эди. Масалан, агар керакли калит сўз ўнта рақамдан иборат бўлса,     компьютерга ўн хонали барча сонлар калит сўз сифатида синаб кўришга буйруқ берилган, натижада эртами-кеч, тўғри шифр топилган. Бу кўп вақт талаб этган, бироқ натижа бериши аниқ бўлган.

Аммо 90-йилларда калит сўзлар ҳам мураккаблашиб, битта "калит"нинг ўзи элликдан ошиқ белгига эга бўлиб, электрон машиналар кодни очиш учун йиллаб вақт сарфлашига тўғри келган. МХАнинг энг тезкор компьютери кодни топиш учун 19 йил вақт сарфлаши аниқлангандан сўнг бу усулдан энди ортиқ наф йўқлиги ойдинлашади.

Натижада МХА мутахассислари 500 минг иш соати ва 1,9 миллиард доллар эвазига дунёда ягона нусхадаги энг қимматбаҳо суперкомпьютер - Трансхабарни яратишади. Аппаратнинг асосий манбаи, тўқсон фоиз қудрати бино остидаги олти қаватдан иборат бункерга яширилган, ташкилот эса суперкомпьютерга эга эканини тан олмай келган. Чунки дунё миқёсида компьютер фойдаланувчилари томонидан ташкил этилган коалиция - Электрон чегараланиш жамияти ҳукумат агентликларини, айниқса, МХАни шахс дахлсизлигини поймол қилишда айблаб келарди.

3 миллиондан ошиқ процессорни ўз ичига олган Трансхабар энг мураккаб калит сўзларни ҳам қисқа вақтда еча оларди. Масалан, дастлаб машина 46 белгили кодни очиш учун 12 дақиқа сарфлаган, холос. Бу Трансхабар энг кучли электрон ҳисоблаш машинасидан миллион марта кучли дегани эди.

Бироқ кунларнинг бирида Трансхабар 44 белгили кодни 15 соатда ҳам еча олмайди. Маълум бўлишича, МХАнинг собиқ ходими ўзи ишлаган идоранинг чексиз имкониятларига норозилик белгиси сифатида "Рақамли қалъа" деб номланган махсус алгоритм ишлаб чиқади. Ҳолбуки Бергофский қонуни бўйича компьютер кераклича калит сўзларни синаб кўрса, улар орасидан тўғрисини топа олади. Аксинча бўлса, бунга сабаб коднинг ўта ҳимоялангани эмас, компьютерга етарлича вақт берилмаганида.

Бироқ орадан 20 соатлаб вақт ўтади ҳамки, суперкомпьютер "Рақамли қалъа" кодини еча олмайди. Воқеаларнинг кейинги занжиридан аён бўладики, Трансхабарнинг махсус ҳимояси четлаб ўтилиб киритилган алгоритм вирус бўлиб, у МХАнинг ҳимоя фильтрларини вайрон этишга қаратилган, бу ўз навбатида Американинг сунъий йўлдош орқали тасвирга туширилган душманлар ҳаракатланиш стратегияси ҳақидаги, қуролсозлик билан боғлиқ янги лойиҳалар схемалари, махфий топшириқлари ҳисоботлари, чет элдаги жосуслари билан тўлиб-тошган базасини бутун дунёга фош этарди. Янаям аниқроғи, фильтрлар бўлмаса, базадаги барча маълумотларни ташқаридаги исталган одам бемалол ўқий олиш имкониятига эга бўларди.

Дунёдаги энг махфий агентлик ҳужжатлари хакерлар ҳужумидан омон қоладими, уларнинг қайси ҳужжатлари дунёга тарқалиб кетади - булар ҳақида китоб мутолааси орқали билиб олиш мумкин. Гарчи китоб юксак адабиёт талабларига жавоб бермаса-да, ўз номи билан бестселлер, кўп ўқиладиган ва кўп сотиладиган (шу пайтгача Дэн Брауннинг 300 миллион нусхада китоби сотилган экан) асар сифатида сунъий, очиқ саҳналарга ҳам эга бўлса-да, қизиқ маълумот ва воқеалари билан ўқувчи эътиборини тортади, шундай экан, уни ўқиб чиқиш фойдадан холи бўлмайди.

НАСРИДДИН