Иқтисодиёт 16.07.2019 200

ЭНДИ БИЗНИНГ МЕВА-САБЗАВОТЛАРДАН ЕВРОПА АҲЛИ ҲАМ БАҲРАМАНД БЎЛАЯПТИ

Қашқадарё ва дунё

Заминимизда етиштириладиган мева-сабзавот, полиз маҳсулотлари, узумга хорижда ҳам талабгор кўп, уларни татиб кўришга иштиёқмандлар бисёр. Ҳамма гап мазаю таъмда, сархиллик ва табиийликда, дейишади чет элликлар. Бинобарин, хориж мамлакати савдо дўконлари расталаридан Ўзбекистондан элтилган қишлоқ хўжалиги ноз-неъматлари  жой олгудек бўлса, бирпасда талаш бўлиб кетаётганини кўп эшитганмиз, кўрганмиз. Тотли мева-чевамиз брендга айланган десак адашмаймиз.

Бугун юртимизда қишлоқ хўжалиги ривожланиб, соҳада юқори маҳсулдорликка эришилаётган, бозорлар тўкинлиги таъминланаётган бир пайтда нега чет элликларни ҳам ушбу неъматлардан баҳраманд этмаслигимиз керак?! Ички истеъмолда етарлими, ташқи бозорга ҳам чиқариш ҳеч зарар қилмайди. Қайтанга, фойда бўлади, биринчи навбатда соҳибкор деҳқону боғбонга. Экспорт кўпайса, валюта тушуми ҳам яхши бўлади. Боиси, ҳозир технологик тараққиётимиз шу валютага боғлиқ. Шу пул бўлса, бирор эски қувватни модернизация қилоламиз, бирор тармоққа янгилик киритамиз.

Республика аграр секторида ўз муносиб ўрнига эга вилоятимизда ҳам бу турдаги маҳсулотларни  экспорт қилиш борасида катта салоҳият мавжуд, яхшигина тажриба орттирилган. Бинобарин, охирги пайтда ҳудудда боғдорчилик, сабзавотчилик ва полизчилик учун мўлжалланган ер майдонлари кенгайиб бораяпти. Экспортбоп маҳсулот етиштириш роса оммалашаяпти. Деҳқон ерга уруғ қадаркан, эртага оладиган ҳосилини нафақат маҳаллий, балки хориж бозорида сотиши ҳақида ҳам ўйлаяпти. Шунга яраша тадоригини, чорасини кўраяпти.

Аҳамиятлиси, нозик дидли, ҳар нарсани чертиб-чертиб танлайдиган хорижлик истеъмолчига бугун қашқадарёликлар таклиф этаётган мева-сабзавотнинг тури кўп. Аслида ватани бошқа, аммо дунё бозорида харидоргир саналган ўсимликларни ҳам маҳаллий шароитда етиштиришни эплаяпмиз. Сўнгги икки-уч йилдаги натижалар деҳқонларимиз уддасидан чиқмайдиган иш йўқ эканини кўрсатаяпти. Ҳатто мавсум танлаб ҳам ўтиришаётгани йўқ. Қиш ёки баҳорнинг илк ойлари бўладими, сал илгарироқ деҳқончиликка уннаб, имкон қадар эртачи ҳосил олишгача боришаяпти.

Мана бир мисол. Жорий йилнинг дастлабки беш ойида вилоятимиздан хорижга қарийб 20 минг тонна қишлоқ хўжалиги сархил ноз-неъматлари экспорт қилинган. Мазкур жараёнга жуда барвақт киришилгани, ташқи бозорга асосан янги узилган, барра маҳсулотлар жўнатилгани эътиборга молик. Маълумотларга кўра, ушбу даврда 5 минг тоннага яқин пиёз ва саримсоқ пиёз, 700 тоннадан кўп узум, 5 минг тоннадан зиёд карам, 2400 тонна атрофида сабзи, 2 минг 300 тоннадан ортиқ бошқа мева-сабзавотлар хорижлик харидорларга етиб борган.

Бунда маҳсулот ишлаб чиқарувчилар, шунингдек, экспортчи корхоналар алоҳида фаоллик кўрсатганини таъкидлаш жоиз. Ушбу субъектлар чет эл бозорларини сара маҳсулот билан муттасил таъминлаш пайида бўлишмоқда. Масалан, Яккабоғ туманидаги "Яккабоғ обод юрт" фермер хўжалиги 2019 йил ҳосилидан четга 30 тоннадан ошиқ ўрик, 25 тоннага яқин олхўри, 4 тоннадан зиёд шафтоли чиқарган.  Деҳқонобод туманида рўйхатдан ўтган "Zaheer Taher trading" МЧЖ эса Ироққа 24 тонна ўрик, 40 тоннадан кўп мош етказиб берган. Қамаши туманидаги "Дилшод Уралович инвест" фермер хўжалиги кўпроқ олма экспорти билан шуғулланган.

Яна бир йирик экспортчи корхона - Косон туманидаги "Олтин воҳа агро инвест" МЧЖ асосан ўзи етиштирган ноз-неъматларни хорижга сотган. Жумладан, катта миқдорда қовун ва тарвуз Қозоғистонга жўнатилган. Эътиборлиси, маҳаллий тадбиркорлар саъй-ҳаракати билан Россия, Беларусь, Украина, Қирғизистонда яшовчи аҳоли ҳам воҳамизнинг тилёрар тарвузларидан баҳраманд бўлишган. Бунда Чироқчи туманидаги "Ражаб ҳожи" фермер хўжалигининг ҳам алоҳида ҳиссаси бор. Хўжалик мутасаддилари лалми ерда эртачи тарвуз парваришлаш билан бирга уни экспортга йўллашга ҳам имкон топа олган.

Яна бир жиҳати, аввалги йилларда вилоятимиз ишбилармонлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишда кўпроқ яқин мамлакатлар билан чекланишган. Аммо жорий йилда янги-янги бозорларни ҳам забт этишнинг уддасидан чиқишган. Мисол учун,  Муборак туманидаги "Europe line trading" МЧЖ томонидан биринчи марта Европанинг Руминия ва Германия мамлакатларига пиёз юклаб жўнатилган. Албатта, бунга ҳали бошланиши сифатида қараш керак. Ахир рақобатчилар кўп бўлган бир вақтда маҳсулотни реализация қилиш ҳам яхши натижа. Шаҳрисабз туманидаги якка тартибдаги тадбиркор Шавкат Хайруллаев эса Польшадаги бизнес шерикларини вилоятимизда униб-ўсган сархил маҳсулотлар билан таъминлаган. Муборак туманидаги "Азиз агро транс файз" МЧЖдан Больгария ишбилармонлари пиёз харид қилишган.

Ўтган фурсатда Қарши туманидаги "Nasaf trade invest" МЧЖ ҳам мева-сабзавот экспортида фаоллиги билан ажралиб турди. Корхона томонидан Бирлашган араб амирликларига жуда катта партияда гилос, бир қисм ўрик экспорт қилинган. Латвияга эса қовун сотилган.  Чироқчи туманидаги "Бешчашмалик Яшнарбек" фермер хўжалиги экспорти таркибида асосан қуруқ мева устунлик қилган. Ушбу субъект Қирғизистонга ерёнғоқ, бодом, майиз, шунингдек, қовун, сабзи, анор, узум жўнатган. Қарши шаҳридаги "Шўртан агро транс" МЧЖ ҳам Туркия, Озарбайжон каби мамлакатларга қуруқ мева, жумладан, олхўри қоқиси, жийда, майиз экспорт қилган. Миришкор туманидаги "Обод Миришкор экспорт" МЧЖ эса Хитой бозорига йўл топиб, ушбу ўлкага қора узум майизи чиқарган.

Талаб бўлса, ҳатто барра кўкатларни ҳам катта миқдорда экспортга йўллаш мумкин. Ғузор туманидаги "Муратова Гавҳар Хўжамбердиевна" корхонаси ана шунга имкон топган. Корхона томонидан Украинага 15 тонна атрофида кўкат етказиб берилгани фикримизнинг тасдиғидир. Шу тумандаги яна бир тажрибали экспортчи - "Лавр фарм" МЧЖ ҳам айни шу турдаги маҳсулотлар экспорти билан шуғулланган. Хусусан, ўтган олти ойда Россияга бир неча ўн тонна петрушка, шивит юборилган. Мазкур субъект ош лавлаги савдосини ҳам яхши йўлга қўйган.

Бултурги захира кейинги фаолият самараси учун пухта замин яратади. Нишон туманидаги "Нишон кўзгу" фермер хўжалиги  мисолида бунга амин бўлиш мумкин. Ўтган йилги ҳосилдан салмоқли миқдорда хурмо мевасини сақлаган тадбиркор шу йили уни экспортга чиқаришга муваффақ бўлди. 40 тоннадан кўп маҳсулот Қозоғистон бозорларидан жой олди.

Хориж тажрибаси асосида яқиндан бошлаб парвариш қилинаётган аччиқ қалампир экспорти ҳам бунинг учун кетган меҳнатни оқлади. Ўтган йили вилоятимизда ушбу экиндан жуда катта миқдорда ҳосил йиғиштириб олингани кўпчиликка маълум. Сотиш муаммо бўлаяпти, мазмунида гаплар урчигани ҳам рост. Бироқ шу нарса аниқки, яхши маҳсулот ҳеч қачон ерда қолмайди. Дастлабки олти ойда вилоятимиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортида асосий улуш айнан аччиқ қалампир ҳиссасига тўғри келаётгани аҳамиятлидир. Ушбу сабзавот савдосида бир неча миллион доллар миқдорида валюта тушуми таъминланган. "Brend investment gruop" компанияси таъсисчилигидаги бир неча экспортчи корхона томонидан вилоятимизнинг деярли барча туманларидан аччиқ қалампир экспорти амалга оширилди. Маҳсулот уруғлик ва майдаланган ҳолда реализация қилинган.

Сир эмас, юртимизда аҳолининг картошкага бўлган эҳтиёжи кўпинча импорт ҳисобидан қопланган. Бу маҳсулот одатда Покистон ва Россиядан келтириларди. Жорий йилда эса аксинча маҳаллий ишлаб чиқарувчилар картошка экспортини бошлаб юборишди. Картошкачиликка ихтисослаштирилган икки ҳудуд - Китоб ва Яккабоғ тумани деҳқонлари бунда алоҳида ўрнак кўрсатишди. Хусусан, Китоб туманидаги "Marble industry" корхонаси томонидан Россияга 2019 йил ҳосилидан 20 тоннадан ортиқ, Яккабоғ туманидаги "Шарофат она Қаҳрамон қизи" агрофирмаси ҳам деярли шунча миқдорда картошка етказиб берган.

Етиштириш яқинда ўзлаштирилган, япон турпи деб аталувчи дайкон ҳам биринчи марта четга шу йилдан экспорт қилинмоқда. Бунда "Лавр фарм" МЧЖ мутасаддилари алоҳида ташаббускорлик намоён қилишди. Бозорни яхшилаб ўрганиб, дарров харидор топишди-қўйишди. Ҳозирча ушбу маҳсулот салмоғи у қадар кўп эмас. Бундан ташқари, Эрон, Афғонистон ва Покистон мамлакатлари вилоятимизда пишиб етилган кўп миқдордаги ловия, нўхатга харидор бўлган.

Дарҳақиқат, юртимиз тупроғи олтинга тенг. Заминимизга қадалган уруғ кун келиб мўл ҳосил беради. Ушбу шириндан-шакар ноз-неъматларга хорижликларнинг ҳам ишқи, ҳаваси тушган. Шу боис, мамлакатимизда етиштирилган мева-сабзавот, полиз экинлари ва узум жаҳон бозорида юқори баҳоланади, шунинг учун уларга харидор кўп. Бу устунликдан эса ўз ўрнида фойдаланиш, янги-янги бозорларни эгаллаш, маҳсулотларимиз рекламасини кучайтириш мақсадга мувофиқ. Зеро, мамлакатимиз экспорт салоҳияти юксалгани сари  юқори ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга лойиҳалар рўёби тезлашади, иқтисодий барқарорлик таъминланади, аҳоли фаровонлиги бундан-да ошади.

Вилоят божхона бошқармаси билан ҳамкорликда М.ШУҲРАТОВ тайёрлади.