Спорт 25.01.2017 844

ЭНГ АЗИЗ БАЙРАМГА АРЗИГУЛИК ТУҲФА БИЛАН

Рио-2016

ЭНГ АЗИЗ БАЙРАМГА АРЗИГУЛИК ТУҲФА БИЛАН

Қарийб йигирма кун давом этган Рио-2016 Олимпиадаси якунига етди. Қувонарлиси, тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаси Ўзбекистон спорти тарихи зарварақларига олтин ҳарфлар билан битиладиган бўлди. Мамлакатимиз спортчилари XXXI ёзги Олимпия ўйинларида жами 13 та - тўртта олтин, иккита кумуш ва еттита бронза медалини қўлга киритиб, Ўзбекистон ёшлари ҳеч кимдан кам эмаслиги ва ҳеч қачон кам бўлмаслигини амалда яна бир бор исботладилар. Бу мамлакатимизда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида келажагимиз эгалари бўлган ёш авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол этиб вояга етказиш, Ватанимизнинг халқаро майдондаги обрўсини янада юксалтиришнинг муҳим воситаларидан бири сифатида кўриладиган спортни ривожлантириш ва оммалаштириш борасида амалга оширилаётган ишларнинг юксак самарасидир.

Айтиш керакки, Юртбошимизнинг ҳеч бир соҳа мамлакатни спортчалик дунёга тез танита олмайди, деган сўзларининг исботини истиқлол йилларида юксак мақсадлар сари курашадиган, халқаро майдонларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир спортчиларимиз эришган натижалар, юксак ғалабалар мисолида кўрдик.

Хусусан, сўнгги тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаси – Рио де-Жанейрода ўтган Олимпия ўйинларида академик эшкак эшиш, бадиий гимнастика, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, бокс, дзюдо, енгил атлетика, оғир атлетика, спорт гимнастикаси, стол тенниси, сузиш, таэквондо (WTF), теннис, трамполиндан  сакраш, ўқ отиш, эркин ва юнон-рум кураши каби қатор спорт турлари бўйича баҳсларда иштирок этган спортчиларимиз дунё диққат марказида бўлди. Улар орасида Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионатлари ғолиб ва совриндорлари бўлган тажрибали спортчилар билан бир қаторда ушбу мусобақада илк маротаба иштирок этган ёш спортчиларнинг ҳам кўплиги мамлакатимиз спорт салоҳияти юксалиб бораётганидан далолат бериб турганди.

Энг муҳими, “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” деган шиорни қалбига жо қилиб, бўлажак беллашувларда юксак натижаларни қўлга киритишга ва энг улуғ, энг азиз байрамимизга муносиб туҳфа билан қайтишга аҳд қилган спортчиларимиз якунда бунга эришди. Улар мусобақада қатнашган 207 мамлакат спортчилари орасида умумжамоа ҳисобида 21-ўринни эгаллади. Қўлга киритилган натижалар бўйича ҳамюртларимиз МДҲ давлатлари орасида иккинчи, Осиёда Хитой, Япония ва Жанубий Корея давлатларидан кейин тўртинчи, Марказий Осиё давлатлари орасида эса биринчи ўринни қайд этди.

БОКСЧИЛАРИМИЗ ДУНЁДА ТЕНГСИЗ

Тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасида боксчиларимиз яхшигина шов-шув кўтаришга муваффақ бўлишди. Тўлиқ таркиб, яъни 10 та вазн тоифасида иштирок этган чарм қўлқоп усталаримиздан 7 нафари ғолиб ва совриндорлар сафидан жой олди.

Улардан 3 нафари Олимпиада чемпиони деган юксак номга сазовор бўлди. Ҳасанбой Дўсматов, Шаҳобиддин Зоиров ва Фазлиддин Ғоибназаров ўз вазн тоифаларида кечган баҳсларда барча рақибларидан устун келди.

Шаҳрам Ғиёсов ва Бектемир Мелиқўзиев кумуш медални қўлга киритган бўлса, Рустам Тўлаганов ҳамда Муроджон Аҳмадалиев бронза медаллари билан тақдирланди.

Вакилларимиздан кейин иккинчи ўринга Куба терма жамоаси жойлашди. Улардан 3 нафари олтин, 3 нафари эса бронза медалга сазовор бўлди. Кучли учликка Франция терма жамоаси 2 та олтин, 2 та кумуш, 2 та бронза медали билан якун ясади.

Кейинги ўринларни таркибида бир нафардан Олимпиада чемпиони бўлган Қозоғистон, Россия, Буюк Британия ва Бразилия терма жамоалари эгаллади. Умуман олганда, бокс мусобақасида жами 18 та терма жамоа камида битта бронза медали билан уйга қайтадиган бўлди.

ОМАДЛИ СЎНГГИ КУН

Бунгача иккита олтин, иккита кумуш ва бешта бронза медалига эга чиққан спорт делегациямиз Олимпия ўйинларининг охирги кунида яна тўртта медалга эга чиқди. Шу куни музаффар байроғимиз яна икки бор сарбаланд кўтарилиб, Риода мадҳиямиз янграган бўлса, икки нафар эркин курашчимиз бронза медаллари соҳиби бўлди.

Делегациямиз ҳисобига кейинги икки олтин медални боксчиларимиз Шаҳобиддин Зоиров (-52 кг) ҳамда Фазлиддин Ғоибназаров (-64 кг) келтирди.

Мусобақа давомида кўплаб Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионларини мағлуб этган ёш, истеъдодли спортчимиз Шаҳобиддин Зоиров ҳал қилувчи финал учрашувида россиялик Миша Алоянга ҳам ҳеч қандай имконият қолдирмади.

Шундан сўнг рингга кўтарилган Фазлиддин Ғоибназаров ҳам ўзбекнинг мард баҳодирлари нималарга қодирлигини амалда яна бир бора исботлади. Озарбайжонлик Лорензо Коллазо Сотомайор билан кечган ҳал қилувчи финал жангида ҳамюртимиз рақибидан ҳар томонлама кучли эканлигини намойиш этди ва у ҳам Олимпия ўйинларининг ғолиби деган шарафли номга сазовор бўлди. 

Эркин курашчиларимиздан бронза медалларига Ихтиёр Наврўзов (-65 кг) ва Магамед Ибрагимов (-97 кг) сазовор бўлдилар. Мусобақада Магамед Ибрагимов Гвинея-Бисау вакили Бедопасса Жонде Буассатни, нигериялик Сосо Тамарауни, эронлик Ризо Муҳаммад Али Язданийни ва украиналик Валерий Андрицевни енгган бўлса, Ихтиёр Наврўзов баҳрайнлик Адам Ботиров, Пуэрто-Рико вакили Франклин Гомез ва мўғулистонлик Мандаҳнаран Ганзоригдан устун келди.

Шу тариқа XXXI ёзги Олимпия ўйинларида совринли ўринларни эгаллаган спортчиларимиз рўйхати қуйидагича шаклланди: 

Олтин – Ҳасанбой Дўсматов (-49 кг, бокс)

Олтин – Руслан Нурудинов (-105 кг, оғир атлетика)

Олтин – Шаҳобиддин Зоиров (-52 кг, бокс)

Олтин – Фазлиддин Ғоибназаров (-64 кг, бокс)

Кумуш – Шаҳрам Ғиёсов (-69 кг, бокс)

Кумуш – Бектемир Мелиқўзиев (-75 кг, бокс)

Бронза – Рустам Тўлаганов (-91 кг, бокс)

Бронза – Диёрбек Ўрозбоев (-60 кг, дзюдо)

Бронза – Ришод Собиров (-66 кг, дзюдо)

Бронза – Муроджон Аҳмадалиев (-56 кг, бокс)

Бронза – Елмурат Тасмурадов (-59 кг, юнон-рум кураши)

Бронза – Ихтиёр Наврўзов (-65 кг, эркин кураш)

Бронза – Магамед Ибрагимов  (-97 кг, эркин кураш).

ЭНГ ЯХШИ НАТИЖА

Шу тариқа олимпиадалардаги иштирокини Атланта-1996 дан бошлаган мустақил Ўзбекистон спорт делегацияси ўзининг 25 йиллик тарихидаги энг яхши натижасини қайд этди.

Спортчиларимиз Атлантадаги баҳсларда 1 та кумуш, 1 та бронза медаль билан умумжамоа ҳисобида 58-ўринни эгаллаганди. Шундан сўнг Сидней-2000 да 41- ўрин (1 та олтин, 1 та кумуш, 2 та бронза), Афина-2004 да 34-ўрин (2 та олтин, 1 та кумуш, 2 та бронза), Пекин-2008 да 40-ўрин (1 та олтин, 2 та кумуш, 3 та бронза), Лондон-2012 да 47-ўрин (1 та олтин, 2 та бронза) қўлга киритилган.

Шундай қилиб, истиқлол йиллари олти бор ёзги Олимпия ўйинларида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган спортчиларимизнинг жами медаллари эндиликда 33 тани ташкил этади. Шундан 9 таси олтин, 7 таси кумуш ва яна 17 таси бронза медалидир.

Навбатдаги олимпия ўйинлари 2020 йили Япония пойтахти Токио шаҳрида бўлиб ўтади. Спортчиларимиз Японияда бундан ҳам яхши натижаларни қўлга киритишига энди шубҳа йўқ. Хайр, Рио, салом, Токио!

Толиб ТЕМИРОВ тайёрлади.