Сўнгги янгиликлар 20.08.2019 106

ЭНГ ИЛFОР МУТАХАССИСЛАР САРАЛАНДИ

Кўрик-танлов

Қарши тумани Хонобод қўрғонидаги ҳарбий қисмда радиотехниклар ўртасида "Энг илғор мутахассис" кўрик-танловининг биринчи босқичи бўлиб ўтди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Самарқанд, Сурхондарё вилоятлари ҳамда воҳамиздаги радиотехник бирлашмага қарашли ҳарбий қисмлардан келган энг илғор планшетчилар, радиолокацион станция операторлари ва радиолокацион станция бошлиқлари ғолиблик учун баҳс олиб борди.

Маълумки, душманнинг ҳаво орқали ҳужумини аниқлаш, ҳаво мудофаа чегараларини ишончли қўриқлашда радиотехник қўшинлар муҳим ўрин тутади. Уларнинг иши ўта масъулиятли бўлиб, аниқлик ва тезкорликни талаб этади.

Кўрик-танловда ҳам бу жиҳатга эътибор қаратилиб, иштирокчиларнинг ўз соҳалари бўйича назарий билимлари синовдан ўтказилди. Шундан сўнг амалий шарт бошланди. Бу шартда иштирокчилар радиолокацион станциясини жанговар ҳолатга келтириб, бошқарув жойига маълумотларни узатиш бўйича белгиланган меъёрий талабларни бажаришди.

Уларнинг ҳаракатлари ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.

Якуний натижаларга кўра, энг илғор станция бошлиғи номинациясида лейтенант И.Қобилов, энг илғор оператор номинациясида сержант Б.Турсунов, энг илғор планшетчи номинациясида сержант Э.Қодиров ғолибликни қўлга киритди.

Улар энди мусобақанинг якуний босқичида иштирок этишади.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Суратда: кўрик-танловдан лавҳа.