Жараён 16.08.2019 129

ЕР УЧАСТКАЛАРИНИ ХУСУСИЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ ҚАНДАЙ?

Қонун ижодкорлиги

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида давлат раҳбари томонидан 2019 йил 13 августда "Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида"ги Қонун имзоланди. Мазкур қонун 2020 йил 1 мартдан эътиборан кучга киради.

Хусусийлаштириш субъекти кимлар бўлиши мумкин?

Хусусийлаштириладиган ер учаскасига қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун берилмаган ва қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланмаган ер участкалари киради.

Ер участкасини хусусийлаштириш деганда оммавий мулк бўлган ер участкасини Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлган жисмоний шахслар ва Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган юридик шахслар мулкига ўтказишни тушуниш керак. Чет эллик фуқаролар, фуқаролиги бўлмаган жисмоний  шахслар ва Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари бўлган юридик шахслар ер участкаларини хусусийлаштириш субъектлари бўлмайди. Шу ўринда юридик ва жисмоний шахсларнинг кўчмас мулк объектлари жойлашган ер участкаларини хусусийлаштириш ҳуқуқи фақат ушбу объектларнинг мулкдорларига тегишли эканлигини таъкидлаш жоиз.

Қайси ерлар хусусийлаштириш объекти ҳисобланади?

Ер участкаларини хусийлаштириш объектларига қуйидагилар киради. Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси фуқароларига якка тартибда уй-жой қуриш ва ободонлаштириш учун берилган ер участкалари. Иккинчидан, юридик шахсларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ёки улар томонидан хусусийлаштирилаётган бинолар ва иншоотлар, ишлаб чиқариш инфратузилмаси объектлари жойлашган ер участкалари. Учинчидан, бўш турган ер участкалари. Тўртинчидан, Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Урбанизацияни ривожлантириш жамғармасига берилган ер участкалари. Ер участкаларини хусусийлаштиришдан тушган маблағлар Урбанизацияни ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади.

Қонунга кўра тасдиқланган ва эълон қилинган режалаштириш схемалари бўлмаган ҳудудларда жойлашган ер участкалари, фойдали қазилмалар конлари жойлашган ер участкалари, давлат мулкидаги стратегик объектлар, табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреация мақсадлари ва тарихий-маданий мақсадлар учун мўлжалланган ерлар таркибига кирувчи ер участкалари, шунингдек, ўрмон ва сув фондларининг ерлари, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари иштирокчиларига берилган ер участкалари хусусийлаштирилмайди.

Ер участкаларини хусусийлаштириш доимий фойдаланиш ёхуд мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқлари асосида тегишли бўлган ер участкаларини юридик ва жисмоний шахслар томонидан сотиб олиш ҳамда ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали сотиш шакллари орқали амалга оширилади. Ер участкаларини хусусийлаштириш қонунийлик, ихтиёрийлик, ҳақ тўлаш, хусусийлаштириладиган ер участкаларининг ва уларда жойлашган кўчмас мулк объектлари бирлиги, очиқлик ва шаффофлик принциплари асосида амалга оширилади.

Бўш турган ер участкаларини хусусийлаштириш, хусусийлаштириладиган ер участкалари учун ҳақ миқдори ва уни тўлаш, ер участкаларининг бозор қийматини аниқлаш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида қарор қабул қилади, электрон онлайн-аукцион орқали хусусийлаштириш мақсадида бўш турган ер участкаларини ва Урбанизацияни ривожлантириш жамғармасига бериладиган ер участкаларини аниқлайди. Қонунда бошқа давлат идораларининг ҳам вазифалари белгилаб берилган.

Кўчмас мулк объектлари жойлашган бўлса...

Кўчмас мулк объектлари жойлашган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги ариза ер участкаси жойлашган ердаги туман (шаҳар) ҳокимининг номига давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали берилади. Туман (шаҳар) ҳокимлигидаги ер участкаларини бериш масалаларини кўриб чиқиш бўйича комиссия ариза олинган кундан эътиборан ўн иш куни ичида уни кўриб чиқиб, ижобий ёки салбий хулосасини тузади. Бу хулоса туман (шаҳар) ҳокимининг тегишли қарорини чиқаришга асос бўлади. Ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи жисмоний  шахсга ўтганда мазкур ер участкасини хусусийлаштиришга бўлган ҳуқуқ ҳам ўтади.

Хусусийлаштириладиган ер участкаси учун тўлов Ер участкаларини бериш масалаларини кўриб чиқиш бўйича комиссиянинг ижобий хулосаси тўғрисида ёзма ёки электрон билдиришнома олинганидан кейин ўн иш кунида жисмоний ва юридик шахс томонидан амалга оширилади. Ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги қарор хусусийлаштириладиган ер участкаси учун тўлов амалга оширилганидан сўнг уч иш кунида қабул қилинади. Бу қарор суддан ташқари тартибда қайта кўриб чиқилмайди.

Бўш турган ер участкалари-чи?

Бўш турган ер участкалари аҳоли пунктларининг ва ҳудудларнинг бош режаларига мувофиқ маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан аниқланади. Бўш турган ер участкалари Урбанизация агентлиги билан келишилган ҳолда электрон онлайн-аукцион орқали юридик ва жисмоний шахсларга мулк қилиб сотилади. Бўш турган ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича электрон онлайн-аукционда иштирок учун буюртма тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон      Республикаси резиденти бўлган юридик шахс томонидан, якка тартибда уй-жой қуриш ва тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон   Республикаси фуқароси бўлган жисмоний шахс томонидан берилади. Хусусийлаштириладиган бўш турган ер участкасининг қиймати ўтказилган электрон онлайн-аукцион натижаларига кўра белгиланади.

Хусусийлаштирилган ер участкасини олиб қўйиш мумкинми?

Хусусийлаштирилган ер участкалари хусусий мулк ва фуқаролик муомаласи объекти ҳисобланади. Хусусийлаштирилган ер участкасига бўлган хусусий мулк ҳуқуқи улар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан юзага келади. Хусусий мулк амалдаги қонунлар талаби асосида давлат    томонидан ҳимоя қилинади. Қонунда  хусусийлаштирилган ер участкалари мулкдорларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳам белгилаб қўйилган.

Хусусийлаштирилган ер участкасини мулкдордан олиб қўйишга фақат мулкдорнинг мажбуриятлари бўйича ундирув қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда ушбу ер    участкасига қаратилганда, шунингдек, национализация, реквизиция ва  мусодара қилиш тартибида йўл қўйилади. Олиб қўйилаётган ер участкасининг қиймати амалдаги қонун талаблари асосида аниқланади. Хусусийлаштирилган ер участкасини национализация қилиш фақат давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ҳамда ер участкаси мулкдорининг розилиги олинганда амалга оширилади.

Национализация - фуқароларга ҳамда юридик шахсларга национализация қилинаётган мол-мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини ҳақ тўлаш асосида қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат ихтиёрига ўтказишдан иборат. Ер участкаси кейинчалик денационализация қилинган тақдирда, собиқ мулкдорлар уни хусусийлаштиришда устувор ҳуқуққа эга бўлади. Реквизиция деганда табиий офатлар, авариялар ва фавқулодда тусдаги бошқа вазиятларда мол-мулк жамият манфаатларини кўзлаб, давлат ҳокимияти органлари қарорига мувофиқ мулкдордан унга мулк қийматини тўлаган ҳолда олиб қўйишни тушуниш керак. Реквизиция қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида амалга оширилади. Хусусийлаштирилган ер участкаси жиноят-процессуал қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда мулкдордан суд қарори асосида олиб қўйилиши мумкин.

Мазкур қонун мамлакатимизда ерга оид муносабатларни тартибга солиш ва хусусий мулкни муҳофаза қилиш ишларига ижобий таъсир кўрсатади.

Абдишукур ОМОНОВ,

вилоят ҳокимлиги юридик хизмат раҳбари