Қишлоқ хўжалиги 12.04.2019 181

ЕРГА КИРГАНИ ЭМАС, УНИБ ЧИҚҚАНИ АМАЛ

Қишлоқ хўжалиги

Жорий йил пахта хом ашёси тайёрлаш учун Қашқадарёда 135 минг 900 гектар майдон ажратилган. Ҳозир муҳим палла - чигит экиш мавсуми давом этмоқда. Албатта, эртанги ҳосилдорликни таъминлаш уруғни оби-тобида экиб, ундириб олишдан бошланади.

Косонликлар энг кўп экади

Ҳудудлар кесимида оладиган бўлсак, энг кўп (21 минг 500 гектар) ғўза Косон тумани ерларида парваришланса, энг кам чигит Ғузор ва Шаҳрисабз туманларида (5 минг гектардан) экилади. Шунингдек, Яккабоғ туманида 6 минг 700, Қамашида 8 минг, Чироқчида 8 минг 300, Муборакда 8 минг 500, Қарши туманида 14 минг 800, Миришкорда 18 минг, Нишонда 19 минг 300 ҳамда Касби туманида 20 минг 800 гектар майдонда пахта хом ашёсини етиштириш мақсад қилинган.

Шундан 39 минг 500 гектар майдонга чигит қўшқатор усулда экилса, қолган ерларда қатор ораси 60-90 сантиметрни ташкил этади.

Қатор ораси ўлчами нимани ўзгартиради?

Хўш, қўшқатор ёки қатор орасини 60 ёхуд 90 сантиметр ташлаб экиш нимаси билан аҳамиятли? Агар бири фойдали бўлса, нега тўлиқ ўша усулдан фойдаланилмайди?

Айтиш жоизки, бу борада ҳар бир ҳудуднинг иқлим-шароити, сув ресурслари таъминоти, тупроқ таркиби ва бошқа жиҳатлар ўрганилиб, шунга асосан экиш усули танланади. Чунки ҳар бир усулнинг ўзига хос томонлари мавжуд.

Мисол учун, чигитни қўшқатор усулда экканда, бир гектарга жойлаштириладиган ўсимлик туп сони анча кўп бўлади.

Қатор орасини 60 сантиметр қолдириб экиш усулининг афзаллиги шундаки, сув бироз иқтисод қилинади. Яъни, қатор оралиғи 60 сантиметр бўлганда, 90 сантиметрликка  нисбатан тупроқнинг оғирлиги, зичлиги сезиларли даражада пасаяди. Табиийки, бундай майдон тез намланади ва кўп сув талаб этмайди. Бундан ташқари, қатор оралиғи 60 сантиметр бўлган эгатлар торлиги ҳисобига ўсимликлар уларни эртачи қоплаб олиб, тупроқ юзасидаги намликнинг парланиш даражасини камайтиради.

Ўз ўрнида тўхталиб ўтиш лозим, чигит экишда қатор ораларини 90 сантиметр қолдиришнинг ҳам ўзига яраша афзаллик томонлари мавжуд. Жумладан, бу усул тарвақайлаб ўсадиган ғўза навларига кенг имконият яратади.

Навларни тўғри жойлаштириш - долзарб вазифа

Ғўза навларини танлашда ҳам ҳудуднинг иқлим, тупроқ шароити, сув имкониятлари ҳисобга олинади. Шунга мутаносиб, бу йил вилоятимизда синалган ва истиқболли ҳисобланган "Бухоро-102", "Наманган-77", "Порлоқ-4", "Бухоро-6", "Бухоро-8" ҳамда бошқа янги навлар экилмоқда.

Ушбу навлардан "Бухоро-102", "Наманган-77" ҳамда "Порлоқ-4" эртапишар бўлса, "Бухоро-6" ва "Бухоро-8" ўртапишар нав ҳисобланади.

Жорий йилда вилоятимизда эртапишар навлар 68 минг 400 гектар,  ўртапишар навлар эса 65 минг 300 гектар майдонга экилиши белгиланган. Яна 2 минг 200 гектар ерда эса "Ишонч", "Ўнқўрғон-2", "Наманган-102", "Бухоро-10", "АН-419" каби янги навлар жойлаштирилади.

Ушбу навларнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида тўхталадиган бўлсак, энг аввало, ўртапишар навларда дастлабки кўсаклар экиш муддати ва йилдаги самарали ҳарорат йиғиндисига қараб 115-125 кунда очилади. Эртапишар навларда эса ушбу кўрсаткич 100-115 кунга ва ультратезпишар навларда 90-100 кунга тенг бўлади.

Шунга асосан, ҳаво ҳарорати анча иссиқ бўладиган ҳудудларда ўртапишар навлардан, тоғ олди ёки ҳарорат бироз паст бўладиган ҳудудларда эртапишар навлар жойлаштирилган.

Ҳамжиҳатлик талаб этилади

Чигит экишнинг энг мақбул муддатини аниқлашда баҳорнинг қандай келишини инобатга олмасликнинг иложи йўқ. Бироқ ушбу тадбирни 15 апрелдан кечиктирмай амалга ошириш жуда муҳим. Бу йил баҳорнинг серёғин келгани туфайли, чигит экиш ишларини тугаллаш муддати бироз ортга сурилиши муқаррар. Шу боис ер эгалари об-ҳаво имконият бериши билан ишни бошлаши ва жуда қисқа фурсатда экишни тугатиши лозим. Бунинг учун таъминотчи корхоналар томонидан ҳам талаб этиладиган моддий ресурслар ўз вақтида етказиб берилиши шарт.

Вазирлар Маҳкамаси қарорида бу борада ҳам масъул ташкилотлар зиммасига алоҳида вазифа, яъни 33 минг 600 тонна дизель ёнилғиси, 32 минг 300 тонна азотли, 11 минг тонна фосфорли ҳамда 4 минг 700 тонна калийли минерал ўғитларни хўжаликларга ўз муддатида етказиб берилишини таъминлаш юклатилган.

Бундан ташқари, мавжуд экиш техникалари ва агрегатларидан унумли фойдаланиш, уларнинг мавсумга тўлиқ тайёрлигини, фермерлар учун имтиёзли кредит маблағларини ўз вақтида ажратиш ва унинг мақсадли сарфланишини таъминлаш бўйича ҳам масъул раҳбарларга қатор топшириқлар берилган.

Даромади муҳим

Маълумки, бугунги бозор иқтисодиёти шароитида тўғри келган маҳсулотни етиштириш эмас, балки шу ердан қанча даромад олиш устувор аҳамиятга эга. Мисол учун, айрим ҳудудлар борки, у ернинг сув, тупроқ ёки иқлим шароити пахта етиштириш учун мос эмас. Аммо бу жойда бошқа бирор маҳсулотни экиш ва салмоқли ҳосил олиш мумкин. Бинобарин у пахтадан кўра кўпроқ даромад келтирсин.

Шунга мувофиқ, сўнгги йилларда мамлакатимизда паст рентабелли ерларда ғўза парваришлашдан воз кечилиб, унинг ўрнига бошқа даромадли экин турларини экишга эътибор қаратилмоқда.

Мисол учун, вилоятимизнинг Китоб туманида пахта етиштиришдан воз кечилди. Шаҳрисабз ва Яккабоғ туманларида ҳам пахта майдонлари кескин қисқартирилди. Табиати, иқлими мева-сабзавотчилик учун жуда мос бўлган мазкур ҳудудларда узум, мева-сабзавот, полиз ва картошка етиштирилиб, ички бозор сервитамин неъматлар билан тўлдирилаяпти, экспортга чиқарилмоқда.

2018 йилда вилоятимизда 139 минг 800 гектар майдонда ғўза парваришланган бўлса, бу йил бу кўрсаткич қарийб 4 минг гектарга қисқартирилди. Бўшаган майдонларда эса бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш белгиланди. Жумладан, 100 гектар майдонда сабзавот, 305 гектарда соя, 330 гектарда полиз, 1 минг 789 гектарда дуккакли ўсимликлар ўстирилса, 848 гектарда озуқа экинлари экилади. 310 гектар майдонда интенсив боғ, 218 гектар майдонда эса токзор ташкил этиш режалаштирилган.

И.РАҲМАТОВ, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор

С.ЖУМАЕВ, кичик илмий ходим

С.НАРЗИЕВ олган суратлар.