Иқтисодиёт 12.04.2019 110

ЭРОН КОМПАНИЯСИ ҒУЗОРДА ПОЛИМЕР МАҲСУЛОТИ ИШЛАБ ЧИҚАРМОҚЧИ

Қашқадарё ва дунё

Эрон Ислом Республикасининг "POOYA POLYMER TEHRAN" компанияси вилоятимиз иқтисодиётига сармоя киритиш истагини билдирди. Хом ашё яқинлиги сабаб чет эллик инвестор ўз фаолиятини йўлга қўйиш учун Ғузор туманини ҳар томонлама мақбул деб топган. Бу ҳақда ушбу туман ҳокимлиги инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи Азамат Авазов маълум қилди.

Мутасаддининг сўзларига кўра, компания директори Камрон Ғаний бошчилигидаги делегация яқинда мазкур ҳудудга ишчи ташриф билан келган. Хорижлик ишбилармон туман ҳокими билан учрашиб, ўзаро манфаатли музокаралар олиб борилган. Мулоқот давомида меҳмонларга туманнинг инвестициявий салоҳияти, бизнес юритиш учун имкониятлар таништирилган. Шундан сўнг истиқболли таклифлар ўрганилган, натижада Эрон компанияси вакиллари келгусида ҳамкорлик қилишга хоҳиш билдирган.

- Бу компания кўпдан бери полимер маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келмоқда, - дейди Азамат Авазов. - Ушбу субъект тасарруфидаги мавжуд қувватлар йилига 80 минг тоннагача тайёр саноат    товарлари ишлаб чиқариш имконига эга. Бугунги кунда компания маҳсулотлари Туркия, Канада, Корея, Германия ва Швейцария сингари мамлакатларга экспорт қилинаётгани ҳам унинг салоҳиятидан дарак бермоқда.

Қайд этилишича, томонлар шу йилнинг июнь ойида Ғузор туманида хорижий корхонани давлат рўйхатидан ўтказишга келишиб олишган. Аввалига ушбу субъект томонидан томчилатиб суғориш тизимларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш режалаштирилган. Зарур хом ашёнинг 30 фоиздан кўп қисми шу ернинг ўзидан олинса, қолгани Эрондан келтирилади. Қиймати 2 миллион АҚШ доллари атрофида баҳоланаётган лойиҳа илк босқичи ишга тушса, 20 нафар киши иш ўрни билан таъминланади.

Ташриф мобайнида инвесторлар вилоят ҳокими Зафар Рўзиев қабулида ҳам бўлишган.

М.ШУҲРАТОВ