Қишлоқ хўжалиги 23.04.2019 123

ЭРТА БОШЛАДИ, ТЕЗ ЭРИШДИ

Бугун вилоятимизда 225 тадан ортиқ юридик мақомдаги иссиқхона хўжалиги фаолият юритмоқда. Уларнинг умумий майдони қарийб 250 гектарни ташкил этади. Шу билан бир қаторда, аҳоли ва деҳқон хўжаликлари томонидан қурилган иссиқхоналар сони ва майдони ҳам ошиб бормоқда.

Қарши-Нишон йўналиши бўйлаб ҳаракатланар экансиз, йўл бўйида қурилган йирик конструкцияли иссиқхоналар эътиборингизни тортади. Улардан бири Нишон туманилик ёш тадбиркор Аббос Панжиевга тегишли.

- 2011-2014 йиллар давомида коллежда таҳсил олганман, - дейди Аббос ўзининг бу фаолиятга қандай қизиқиб қолгани ҳақида сўзлар экан. - Ўша пайтлар иссиқхонада маҳсулот етиштириш аҳоли орасида ҳозиргидек оммалашмаган эди. Бир-иккита танишларимнинг "парник"ларини кўриб, қизиқиб қолганман. Шундан сўнг ҳовлимизнинг бир бурчагида кичик иссиқхона қурдим.

Дастлаб оила-аъзолари ҳам ҳали коллежда ўқиб юрган ўсмирнинг иссиқхонада маҳсулот етиштириб, бу фаолиятдан миллионлаб даромад олишига ишонмаганди. Аммо анчайин камтар ва меҳнаткаш йигит дарсдан бўш вақтлари ўзи ишлади, яқинлари ёрдам беришди. Қарангки, дастлабки йилнинг ўзидаёқ яхшигина даромад олинди. Шундан сўнг иссиқхонани бироз каттартирди, кейинги йил яна ёнидан ер қўшди ва ёпиқ майдон 9 сотихга етди.

- Ҳозир ҳовлимизда фақат юриш учунгина йўлаклар қолган, - дея кулади Аббос. - Қолган ҳамма жойи иссиқхона. Оиламиздагилар ҳам бу ишга қизиқиб кетган. Қишу ёз бирдек меҳнат қиламиз, барча даромадимиз шунинг ортидан.

Ёш йигитнинг эришаётган ютуқлари унинг ўз фаолиятини янада кенгайтириши учун замин ҳозирлади. Икки йил аввал туман масъуллари томонидан ҳудуддаги бўш ерларда иссиқхона ташкил этиш таклифи илгари сурилгач, бунга асосий даъвогарлардан бири Аббос Панжиев бўлди.  Маҳалла, туман ҳокимлиги тавсияси билан унга ўзи яшаётган жой яқинидан яъни юқорида айтганимиз, Қарши-Нишон йўли бўйидан 13 сотих майдон оилавий тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб, иссиқхона хўжалигини ташкил этиш учун ажратиб берилди.

- Ўша йилиёқ иссиқхонани қуриб, фойдаланишни бошладим, - дейди Аббос. - Асосан помидор, бодринг етиштирамиз, кўчатчилик билан шуғулланаяпмиз. Доим кўпроқ, янада яхшироқ ишлашга, муносиб даромад олишга ҳаракат қилавериб, тадбиркорга айланганимни сезмай ҳам қолибман. Ўтган йил якунларига кўра туманда "Энг яхши ёш тадбиркор" сифатида эътироф этилдим. Сертификат ва эсдалик совғалари беришди. Бу ҳаётимдаги биринчи муваффақиятим бўлди. Шу билан бирга, бу эътироф менда ўзимга нисбатан жуда катта ишонч уйғотди. Энди фақат олдинга интилиб, фаолиятимни янада кенгайтириш, бунданда катта муваффақиятларни қўлга киритиш ҳақида ўйламоқдаман.

Эътироф этишгани бежиз эмас, ёш тадбиркорнинг иссиқхонасида унинг оила аъзолари билан бир қаторда, ҳудуддаги тўрт-беш нафар кишига доимий, яна ўнлаб кишиларга мавсумий иш топилмоқда.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Муаллиф олган сурат.