Қишлоқ хўжалиги 17.05.2019 84

ЭРТАЧИ ҚОВУН-ТАРВУЗ ЭКСПОРТДАН ОРТМАЙДИ

Қишлоқ хўжалиги

Унумдорлиги паст, сувдан йироқ ердан имкон топиб тўғри фойдалана олган  деҳқон уқувли ва тадбирлидир. Бугун ўз ишини шу тахлит ташкил этаётган соҳибкор олдида иложсиз деган нарса бўлиши мумкин эмас. Кичик имкониятдан ҳам катта самара чиқаришга қодир, бир қарашда фойдасиздек кўринган жойда деҳқончилик қилиб, юқори ҳосилдорликка эришаётган юртдошларимиз талайгина. Лалми ерда полизчилик билан шуғулланиб ҳар йили бозорларимиз тўкинлигига ҳисса қўшаётган чироқчилик миришкорлар тажрибаси бунга мисол. Сўнгги пайтда ушбу эзгу анъана кенг қулоч ёзаяпти, тажриба оммалашмоқда. Натижада қанчадан-қанча қақроқ майдонларга жон кириб, ям-яшилликка бурканаяпти.

Омилкорликда ўрнак бўлувчилар Муборак туманида ҳам топилади. Шу йилдан бошлаб фаолият юритаётган "Ташаббускор тадбиркор" фермер хўжалигида қўл урилган ишлар ҳам эътиборга сазовор. Хўжаликка ажратилган 20 гектардан зиёд майдон суғорилмайдиган лалми ерлар ҳисобланади. Деҳқонлар вақтни беҳуда ўтказмай ерга обдан ишлов беришган, яхши ният билан деҳқончилик бошлашган эди. Бу машаққатли ишнинг уддасидан чиқишгани палак ёзган қовуну тарвузлардан ҳам маълум.

- Артезиан қудуқ қазиб, сув чиқариб, суғориш масаласини самарали ҳал этдик, - дейди хўжалик иш бошқарувчиси Зафар Умаров. - Кўп ўйлаб ўтирмадик, полиз маҳсулоти етиштиришга қатъий тўхталдик. 50 сотих жойда иссиқхона ташкил этиб, уруғдан кўчат кўпайтиришни шу  ерда бажардик. Кун илий бошлаган кезларда уларни очиқ майдонга плёнка остига кўчирдик. 5 гектар жойга тарвуз, қолганига қовун экканмиз. Турган гапки, бу бизга одатдагидан кўра эртачи ҳосил йиғиштириб олиш имконини беради. Қовун-тарвуз кечи билан июнь ойи бошларида пишиб етилади. Сифатли маҳсулот олиш учун барча чорани кўрдик, зарур агротехник тадбирларни бажардик. Ҳосилдорлик юқори бўлиши учун ҳамма шароит ҳозирланган.

Масъулнинг сўзларига кўра, қовун ҳам, тарвуз ҳам экспортга мўлжаллаб парваришланмоқда. Шу боис сара навлар танлаб олинган. Асосийси, маҳсулотни сотиб олишга четдан харидор бор. Ҳосил пишиб етилган заҳоти даланинг ўзиданоқ пешма-пеш экспорт қилинади. Фермер хўжалиги мутасаддилари  дуккаклилар, хусусан, нўхатга ҳам  экспортбоп маҳсулот сифатида қараяпти. Негаки унга ташқи бозорда талаб юқори. Шуни ҳисобга олиб, келгусида бу йўналиш билан ҳам жиддий шуғулланиш мақсад қилинган. Қолаверса, истиқболда туячилик ва туяқушчилик сингари янги тармоқларни йўлга қўйиш режалаштирилган. Бунинг учун ҳудуд иқлими ҳам ҳар томонлама қулайлик туғдиради. Сут ва гўшт етиштириш бу фаолиятдан кўзланган асосий муддаодир.

М.ШУҲРАТОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.