Қишлоқ хўжалиги 21.05.2019 228

ЭРТАЧИ ТАРВУЗ АЛЛАҚАЧОН ЭКСПОРТГА ҲАМ ЧИҚАРИЛДИ

Қишлоқ хўжалиги

Одатда бозорларимизда энг эртачи савдога чиқариладиган Чироқчи тарвузларини май ойининг охирги ўн кунлигида кўришга ўрганганмиз. Аммо "Ражаб ҳожи" фермер хўжалиги деҳқонлари ушбу неъматни бундан ҳам эртачи етиштиришнинг уддасидан чиқишди. Хўжалик даласида пишиб етилган маҳсулот ҳар қачонгидан 10 кун аввал харидорлар қўлига етиб борди. Ҳосилнинг бир қисмини экспортга йўллашга улгуришганига нима дейсиз?!

- Ҳаммасининг тагида  вақтида, билиб қилинган меҳнат ётибди, - дейди  хўжалик иш юритувчиси Жасур Қурбонов. - Бу йил 4 гектар майдонга тарвуз-қовун экиб парваришладик. Ҳосил чўғи ёмон эмас. Шу кунга қадар 10 тонна сара тарвузни Қозоғистонга экспорт қилдик. Яна 6 тонна маҳсулотни ички бозорга сотдик, талаб юқори. Ҳадемай, Россияга ҳам 20 тонна тарвуз жўнатамиз. Ҳозир шунинг ҳаракатидамиз.

Деҳқоннинг айтишича, маҳсулот безарар ва экологик тоза. Уни парваришлашда асосан маҳаллий ўғитдан фойдаланилган. Акс ҳолда катта миқдорда хорижга сотилмасди. Эртачи маҳсулот чиқаргани ҳисобига фермернинг даромади ҳам анча яхши бўлмоқда.

Маълумотларга кўра, бу йил Чироқчи тумани миришкорлари 7 минг гектар майдонда эртачи тарвуз парваришламоқда. Уларнинг саъй-ҳаракати билан баҳорнинг охири ва ёз фаслининг бошиданоқ юртимиз бозорлари ушбу сархил полиз маҳсулоти билан тўлади. Ортгани чет эл мамлакатларига жўнатилади. Аҳамиятлиси, эртачи ҳосил тугагач, бозорда тарвуз тақчиллиги асло кузатилмайди. Негаки, мавсумда яна 5 минг гектардан ортиқ майдонда ўртапишар тарвуз етиштирилаяпти. Шунингдек, айни пайтда қўшимча 7 минг гектар майдонга кечки, лалми тарвуз экиш бўйича ишлар жадал олиб борилмоқда. Булар барчаси аҳоли дастурхони тўкинлиги, бозорлар мўл-кўллигини таъминлашга қаратилган амаллардир.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.