Сўнгги янгиликлар 31.05.2019 203

ЭРТАКЛАР ЯХШИЛИККА ЕТАКЛАР

Театр

1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни олдидан Қарши шаҳар маданият ва аҳоли дам олиш марказида “Фантнинг саргузашти” спектакли намойиш этилди.

Вилоят қўғирчоқ театри ва Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят кенгаши ҳамкорлигида болаларга кўтаринки кайфият улашиш мақсадида ташкил этилган эртак томошага Қарши шаҳар тиббиёт бирлашмаси ишчи-ходимларининг фарзадлари, ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ва мактабгача таълим муассасаларининг тарбияланувчилари таклиф этилди.

- Ҳар бир инсоннинг у хоҳ кичик, хоҳ катта бўлсин ўз ҳақиқати ва дунёси бор, - дейди вилоят қўғирчоқ театри директори Элбек Эшмурадов. - Ана шу оламни бойитиш, таассуротларини ижобий томонга ўзгартиришда қўғирчоқ театрининг ўрни беқиёс. Бугун намойиш этилган “Фантнинг саргузашти” спектаклида ҳам ақл билан иш юритиш, ёлғон гапирмаслик, мақтовларга учмаслик, кибрланмаслик, меҳр-оқибатли бўлиш, дангасалик қилмаслик каби фазилатлар илгари сурилган.

Эзгуликнинг ёвузлик устидан ғолиб чиқишини тараннум этувчи эртак қаҳрамонлари образлари бола тафаккурини янада бойитишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Томошадан сўнг болажонлар маданият ва истироҳат боғига саёҳат қилишди. Партия томонидан совға қилинган китоблар уларни янада хурсанд қилди.

Ситора МАҲМУДОВА,

Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабаси