Сўнгги янгиликлар 06.09.2019 207

ЭСКИ ТУҒРУҚХОНА БИНОСИ 37 ОИЛАГА УЙ ҚИЛИБ БЕРИЛДИ

Ижтимоий ҳимоя

Ўн йилдан буён кўч-кўронини кўтариб ижарама-ижара сарсон юрган китоблик 2-гуруҳ ногирони Севара Маннонованинг муроди ҳосил бўлди. Мустақиллик байрами арафасида имтиёзли уй-жойга эга бўлиб, турмуш ўртоғи Қамариддин, икки ўғли Аслиддин ва Суннатилла билан  янги уйга кўчиб киришди.

Бундан Севаранинг ҳам, оила аъзоларининг ҳам бошлари осмонда.  Айниқса, онаси Гулсара опа хурсанд. Ҳар икки гапининг бирида Президентимизга, вилоят ва туман ҳокимларига раҳматлар айтиб, қувонганидан кўзларида ёш айланади. Негаки, қизининг ижарама-ижара юриши онаизорни чарчатган. Ҳозир эса шодлигини қандай изҳор этишни билмай турибди.

Севара 8-синфда ўқиб юрганида бахтсиз ҳодиса туфайли ўнг қўли билагидан кесиб ташланган. Аммо ноумид - шайтон, унга оила аъзолари, яқинлари, дўстлари мададкор бўлишди. Мактабни тугатганидан сўнг онаси Гулсара  опанинг касби - тикувчиликни эгаллади. Бир қўли билан ҳар қандай кийим-кечакни бичишни ҳам, тикишни ҳам уддалайдиган бўлди.

- Шу кунларда кўпроқ  бешик ёпиғи тикаяпман, - дейди Севара. - Буюртма кўп. Иш ўргатинг, деб келгувчи ёшлар ҳам талайгина. Мақсадим тикувчилик цехи ташкил этиб, ён-атрофимдаги хотин-қизларни иш билан таъминлаш.

Кўриниб турибдики, Севаранинг ҳаёти ибрат, у уйида нафақасини кутиб ўтирмайди. Ўзи ҳам ишлаб пул топади. Болаларининг келажаги, оиласининг фаровонлиги учун турмуш ўртоғи ёнида унга камарбаста бўлади. Шунинг учун у янги уйига зарур буюмлари қаторида биринчи бўлиб қадрдон тикув машинасини олиб кирди.

 Туманда Мустақиллик байрамини янги уйда кутиб олган фақат Севаранинг оиласи эмас. Туман ва вилоят раҳбарларининг ташаббуси ва ташкилотчилиги, қўллаб-қувватлаши билан тумандаги эски туғруқхона биноси мукаммал таъмирланиб, ногирон ва эҳтиёжманд оилалар учун турар жойга айлантирилди. Шу тариқа 37  оиланинг орзулари ушалиб, кўзларида қувонч порлади.

Ободлик кўнгилдан бошланади, дейдилар. Хайрли тадбир натижасида нафақат шу оилалар, уларнинг ортида турган юзлаб яқин кишиларининг кўнгиллари обод бўлди.

Зеро, ҳазрат Мир Алишер Навоий айтганларидек:

Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,

Онча борки Каъба вайрон бўлса обод айлагай.

Лола ЎРОҚОВА