Жараён 27.09.2018 131

ЭСКИ ЯККАБОҒ ЯНГИ ҚИЁФА КАСБ ЭТАДИ

Бунёдкорлик

ЭСКИ ЯККАБОҒ ЯНГИ ҚИЁФА КАСБ ЭТАДИ

2018 йил 1 январь ҳолатида мамлакатимиз аҳолиси сони 32 миллион 653 минг 900 кишини ташкил этган. Шундан 16 миллон 533 минг 900 киши шаҳарларда яшаётган бўлса, 16 миллион  120 минг ёхуд жами аҳолининг 49,4 фоизи қишлоқ ҳудудларда истиқомат қилмоқда.

Мамлакатимизда етиштирилаётган хом ашё, озиқ-овқат маҳсулотларининг асосий қисми ҳам қишлоқ аҳолиси ҳиссасига тўғри келади. Шунга қарамай, кўп йиллар аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, инфратузилмани ривожлантириш борасидаги ишлар асосан шаҳар ҳудудларда кечаётган эди. Мамлакатимиз аҳолисининг қарийб ярми истиқомат қилаётган чекка қишлоқ ва маҳаллаларда эса бу борада кўплаб муаммолар тўпланиб қолгани сир эмас.

Шу жиҳатдан олганда, Президентимизнинг 2018 йил 29 мартдаги “Обод қишлоқ” дастури тўғрисида”ги фармони ва “Обод қишлоқ” дастурини 2018 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги кўпдан-кўп масалаларга ечим бўлди.

Дастурга асосан, фақат 2018 йилнинг ўзида вилоятимизнинг 13  туманидаги 26 та қишлоқ ва маҳалла фуқаролар  йиғинида ободонлаштириш, қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилиши белгилаб берилган. Кейинчалик ички имкониятлардан келиб чиқиб, бу қишлоқлар сафига Миришкор туманининг Чандир ва Жейнов қишлоқлари ҳам киритилди.

Энди эса обод бўладиган қишлоқлар сони яна биттага кўпаймоқда.     Яккабоғ туманининг Эски Яккабоғ қишлоғида ҳам ички имкониятлар ишга солинган ҳолда шу йилнинг ўзида қурилиш, таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари амалга оширилади.

Вилоят ҳокимининг 2018 йил 12 сентябрдаги тегишли қарори билан Эски Яккабоғ қишлоғида “Обод қишлоқ” дастури доирасида амалга ошириладиган ишларнинг асосий кўрсаткичлари, молиявий манбалари тасдиқланди. Ижро учун масъуллар бириктирилди.

Маълумки, Эски Яккабоғ қишлоғи тумандаги энг йирик аҳоли пунктларидан бири ҳисобланади. Бир пайтлар бу жой кичик шаҳарча мақомида эди. Ҳали ҳам аҳоли бу ерни Эски Яккабоғ шаҳарчаси, Эски Яккабоғ қўрғончаси каби номлар билан атайди. Шунга монанд қишлоқнинг инфратузилмаси, коммуникация тизимлари ҳам анча ривожланган, хусусан, марказлашган ичимлик суви тизими, табиий газ таъминоти мавжуд бўлган. Лекин йиллар ўтиши билан ичимлик суви қувурлари эскириб, яроқсиз ҳолга келиб қолган бўлса, газ таъминоти ҳам табиий газ етишмаслиги оқибатида тармоқдан узиб қўйилган. Натижада қишлоқ ҳудудидаги Эски Яккабоғ, Ибн Сино ва Мустақиллик маҳаллаларида истиқомат қилаётган 12 мингдан зиёд аҳоли узоқ вақтдан буён бу борадаги муаммолар, айниқса, тоза ичимлик суви муаммосидан қийналиб яшаётган эди.

- Ҳозирги пайтда айрим кишилар уйларига ҳовуз қуриб, сувни сотиб олиб ичаяпти, - дейди Эски Яккабоғ маҳалла фуқаролар йиғини котиби Сабоат Мўминова. – Аммо ҳамма оиланинг ҳам бунга қурби етмайди. Шу боис кўпчилик қишлоқ ҳудудидан оқиб ўтадиган Қизил дарё дарёсидан сув олиб ичишмоқда. Афсуски, бу дарёнинг суви  ҳозир ичишга мутлақо яроқсиз, лекин бошқа чора йўқ.

Эндиликда “Обод қишлоқ” дастури доирасида биринчи галда қишлоқдаги сув муаммоси ҳал этиладиган бўлди. Жумладан, вилоят “Сувоқова” давлат унитар корхонаси маблағлари ҳисобидан қишлоққа 3 километрлик қувур тортилиб, ичимлик суви таъминоти тубдан яхшиланади.

Шунингдек, айни вақтда тармоқдан узиб қўйилган бўлса-да рўйхатда “газлаштирилган” ҳудуд сифатида тургани учун  суюлтирилган газ ҳам ололмаётган аҳолининг бу борадаги муаммоси ҳам бартараф этилади. Бунинг учун қишлоқ аҳлига 1846 та газ баллонлари тарқатилиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, қишлоқда 22 километр ички йўлларнинг таъмирланиши,   26 километр узунликдаги электр линияси янгиланиши, яроқсиз ҳолга келиб қолган симёғочлар янгисига алмаштирилиши, 9 та ижтимоий соҳа объектида қурилиш, таъмирлаш ишлари олиб борилиши белгиланган. Ҳудуддаги қарийб мингга яқин уй фасади намунавий тарзда таъмирланиши режалаштирилган. Бунинг учун аҳолига имтиёзли нархларда қурилиш материаллари етказиб берилади.

Қолаверса, қишлоқда битта бозор ҳамда 30 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари янгидан ишга туширилиб, ишлаб чиқариш ва сервис ривожлантирилади, шу аснода қўшимча иш ўринлари яратилади.

Бир сўз билан айтганда, Эски Яккабоғда бошланган кенг кўламли бунёдкорлик, қурилиш ва ободонлаштириш ишлари аҳолининг турмуш фаровонлигини юксалтиришга, қишлоқнинг янги қиёфа касб этишига қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Бунинг натижаси эса Дастурда белгиланган ишларнинг қанчалик тўлиқ ва сифатли амалга оширилишига ҳам боғлиқ.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ