Қишлоқ хўжалиги 30.10.2018 126

ФАҚАТ ҚОҒОЗДА ЭКИЛГАН ДОН БИЛАН ХИРМОН ТЎЛАДИМИ?

Назорат ва натижа

ФАҚАТ ҚОҒОЗДА ЭКИЛГАН ДОН БИЛАН ХИРМОН ТЎЛАДИМИ?

Ёхуд қарор ижроси қандай бажарилаяпти?

Айни пайтда вилоятимизда 9 минг 409 та фермер хўжалиги далаларига 2019 йил ҳосили учун 24 минг 500 гектар очиқ ҳамда 117 минг 300 гектар ғўза қатор ораларига бошоқли дон экинлари экиш ишлари давом этмоқда.

Биламизки, деҳқончиликда ўз-ўзидан натижага эришиб бўлмайди. Қачонки, иш бошиданоқ тўғри ташкил этилса, ерга сифатли уруғ қадалиб, барча агротехник тадбирлар ўз вақтида ва тўғри амалга оширилсагина, эртага кутилган ҳосилни олиш мумкин.

Шу боис ҳам мамлакатимизда кузги ғалла экиш ишларини юқори даражада ташкил этиш ва белгиланган муддатларда якунлашга ҳукумат даражасида эътибор қаратилиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 сентябрдаги тегишли қарори билан бу борада олиб бориладиган ташкилий ишлар, агротехник тадбирларнинг муддати, тартиби, уни амалга ошириш учун масъуллар белгилаб берилди. Энди гап белгиланган  юмушларнинг қуйи тизимларда қандай бажарилишида.

Бош прокуратура ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармаси ходимлари томонидан бу борада ўтказилган назорат тадбирлари шуни кўрсатмоқдаки, аксарият фермер ва деҳқонларимиз ҳам, мутахассису мутасаддилар ҳам кузги бошоқли дон экинлари экиш ишларига етарлича эътибор, масъулият билан ёндашаётгани йўқ. Айримлар эса аллақачон сохта ҳисобот тўлдиришга ўтиб кетган.

Ҳайрон қоласан киши, бугун уруғлик дон тайёрлаш, уруғ қадашни сохта ҳисобот билан бажараётганлар эртага хирмонни нима билан тўлдирар экан? Яна сохта рақамлар биланми? Ахир тўғри ишлаб, соф натижа кўрсатишни қачон ўрганамиз?

Қуйида 2019 йил ҳосили учун бошоқли дон экинлари экиш ишларида йўл қўйилаётган камчилик ва қонунбузилиш ҳолатлари ҳақида тўхталамиз.

МАСЪУЛИЯТНИ УНУТГАН ТАЪМИНОТЧИЛАР

Таъкидлаш жоизки, бу йилги тасдиқланган тадбирлар режасига мувофиқ, кузги бошоқли дон экинлари экадиган фермер хўжаликларининг      8 минг 605 тасига ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари ҳамда минерал ўғитлар харид қилиши учун имтиёзли кредит ажратилиши  кузда тутилган эди. Бироқ 2018 йилнинг 17 октябрь ҳолатида “Агробанк” АТБ томонидан ушбу субъектларнинг 34 фоизига имтиёзли кредит ажратилмаган. Жумладан, “Агробанк” АТБ Косон филиалида 438 та, Чироқчи филиалида 436 та, Миришкор филиалида 383 та, Қарши филиалида 329 та, Қамаши филиалида 232 та фермер хўжалиги ҳали имтиёзли кредит маблағлари билан молиялаштирилмаган.

Шунингдек, вилоятда уруғлик дон тайёрлаш корхоналари томонидан олиб борилган ишлар ҳам мутлақо талабга жавоб бермайди. Аксарият ишлар ҳисобот учун, фақат қоғозда бажарилган.

Айтиш жоизки, мамлакатимизда уруғлик дон тайёрлашнинг аниқ тизими яратилган. Ушбу корхоналар уруғлик учун топширилган донни қабул қилиб, уларни махсус цехларда тозалаш, қайта ишлаш белгиланган қоидаларга риоя қилган ҳолда сақлаш ва ўз муддатида фермер хўжаликларига етказиб бериш учун масъул. Чунки уруғ ишончли ва сифатли бўлса, ҳосил ҳам шунга яраша бўлади.

Аммо, уруғлик дон тайёрловчи корхоналар томонидан тайёрланаётган уруғ сифатида бир қатор камчиликлар аниқлангани қаторида улар керакли миқдорда тайёрланмаган ҳам.

Эътибор қилинг, бу йил вилоятда 35 минг 450 тонна ғалла уруғлиги талаб қилинаётган бир пайтда, бор-йўғи  23 минг 447 тонна дон тайёрланган, бошқача айтганда, белгиланган режа 66 фоизга бажарилган, холос. Мисол учун, уруғлик ғалла захираси Ғузор туманида 1915 тонна, Муборак туманида 1572 тонна, Нишон туманида 1180 тонна, Миришкор туманида 1725 тоннага кам жамғарилган.

Қолаверса, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорида ҳам бошоқли дон экини экаётган фермер хўжаликлари фосфорли ва калийли ўғитлар билан таъминланиши шартлиги кўрсатилган. Лекин “Ўзагрокимёҳимоя” бўлимлари томонидан фосфорли ўғитлар 254 тоннага, калийли ўғитлар 1 минг 141 тоннага кам жамғарилган. Косон, Қамаши ва Китоб туманларида эса калийли ўғит захираси умуман яратилмаганлигини қандай тушуниш мумкин?

Энди ўйлаб кўринг, таъминотчи корхоналар томонидан йўл қўйилаётган бундай ҳолатлар оқибати нимага олиб келади? Аввало фермер белгиланган тартибда уруғлик донни, ёнилғи-мойлаш материалларини ололмайди. Табиийки, экиш муддати кечикади. Бу эса эртанги ҳосил салмоғи ва сифатига ҳам таъсир этмай қолмайди.

ҲАР БИР ТЕХНИКА ЎЗ ВАҚТИДА ВА ЎЗ ЎРНИДА ИШЛАТИЛИШИ МУҲИМ

Бугунги кунда вилоятда 1 минг 376 дона ғўза қатор ораларига ғалла экиш мосламалари мавжуд. Улар ёрдамида барча ҳудудларда экиш ишларини ўз вақтида ва сифатли якунлаш мумкин.

Лекин, ишларнинг хўжасизларча ташкил этилгани натижасида мазкур мосламалардан фойдаланиш даражаси мутлақо талабга жавоб бермайди. Мавсумда қатнашадиган техника ва агрегатлар, дон экиш сеялкалари ва мосламаларни марказлашган ҳолда таъмирлаш ишлари ва экиш отрядлар фаолияти талаб даражасида ташкил этилмаган.

Оқибатда экиш сеялкаларининг йўқлиги ва етишмаслиги сабабли уруғлар “НРУ-05” ёки бошқа турдаги ўғит сепиш мосламалари билан экилишига йўл қўйилмоқда.

Айниқса, Чироқчи, Ғузор, Қамаши, Косон, Муборак туманларида бу борадаги аҳвол ниҳоятда ачинарли ҳолатда эканлиги, отрядларга бириктирилган техникалар тўлиқ таъмирланмаганлиги, тарқоқ ҳолда ишлаётганлиги аниқланди.

Бу ким учундир арзимас сабаб бўлиб кўриниши мумкин, аммо, эртанги олинажак ҳосилга қай даражада таъсир этишини унутмаслик лозим.

ҲОСИЛ МЎЛ БЎЛСА, ЕРНИ ЧУҚУРРОҚ ҲАЙДАДИК ДЕЙИШАДИ. АКСИНЧАЧИ?!

Маълумки, деҳқончиликда ердан оқилона фойдаланиш, уни ўз вақтида тайёрлаш, экинларни ҳар йили турига қараб, ернинг унумдорлиги ва аввалги йил қайси экин экилганидан келиб чиқиб жойлаштириш қанчалик самарали усул эканлигини тажрибали деҳқонларимиз яхши билади.

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорида ҳам бу жиҳатга алоҳида эътибор қаратилиб, ерларни тайёрлаш, уларнинг тайёрлик даражасини текшириш бўйича масъул идоралар олдига тегишли вазифалар қўйилган. Аммо улар бу ишга қанчалик масъулият билан ёндашаяпти?

Олиб борилган назорат тадбирлари шуни кўрсатмоқдаки, туманларда ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими ҳудудий ер тузувчилари жойларга бориб, ер тайёрлигини кўрмасдан сертификат тақдим этиши ҳолатлари кузатилмоқда. Масалан, Косон, Ғузор, Яккабоғ, Шаҳрисабз, Чироқчи, Миришкор, Муборак ва Нишон туманларида ғалла майдонлари тайёрланмаган бўлса-да, экиш учун сертификат бериб юборилган.

Бу ҳолат эса янада бошқа қонунбузилишларни келтириб чиқармоқда. Хусусан, ана шундай сертификатга эга бўлган фермерлар уруғлик донни олган, лекин ер экишга тайёр эмас: суғорилмаган, такрорий экинлардан бўшагани йўқ. Натижада уруғлик дон қониқарсиз ҳолатда фермернинг қўлида сақланаяпти.

Жумладан, Касби туманидаги “Шодмонқул Жамол”, Қарши туманидаги “Эргашов Рустам Т”, Миришкор туманидаги “Қурбонов Мансур”, Яккабоғ туманидаги “Йигитали Абдулла”, Чироқчи туманидаги “Мейлиев Абдураззоқ”, Нишон туманидаги “Жавлон Шерзодович”, Қамаши туманидаги “Сайфулла Эшмирза”, Ғузор туманидаги “Фозил Бахриддин”, Шаҳрисабз туманидаги “Хушвақтов Абдулла”, Муборак туманидаги “Билол Абдулазиз” фермер хўжаликлари олинган уруғликни уйида ва дала шийпонларида сақлаётгани, уларда ғалла экиш ишлари эса бошланмагани маълум бўлди.

Шунингдек, экиш учун ерларни тайёрлаш, айниқса, келгусида уруғлик дон етиштириш учун бошоқли дон экинлари экиладиган майдонларни ажратиш масаласи ҳам талабга жавоб бермайди.

Яъни, уруғлик дон етиштириш талабларига кўра, бошоқли дон экинлари бошқа турдаги экин ўрнига жойлаштирилиши шарт. Шу боис аввалги йил ғалла экилган майдонга иккинчи йил такрорий уруғлик дон экиш тақиқланган. Лекин фермерларимиз экишмоқда!..

Мисол учун, Шаҳрисабз туманида 69 гектар, Чироқчи туманида 15 гектар анғизга уруғлик ғалла экилгани  аниқланди.

Жумладан, Шаҳрисабз туманидаги “Абдуллаев Акбар Низомиддинович” фермер хўжалиги 20 гектар,  “Исмоилов Сарвар Саитович” фермер хўжалиги 20 гектар, “Тўраев Искандар Тўраевич” фермер хўжалиги 12 гектар, “Юлдошев Аврий Авриевич” фермер хўжалиги 17 гектар майдонга иккинчи йил ҳам ғалла ўрнига “Гром” супер элита авлодли уруғлик экинни жойлаштирган.

Бу ҳали назорат тадбирлари жараёнида аниқлангани, холос.

ФЕРМЕР ҲАМ ЎЗИ УЧУН ЖОН КУЙДИРСИН

Юқорида таъминотчи корхоналар, ишларни тўғри ва сифатли ташкил этиш учун масъул ташкилотлар томонидан йўл қўйилган камчилик ва қоидабузарлик ҳолатлари ҳақида тўхталиб ўтдик.

Албатта, уларнинг ишга масъулият билан ёндашмаслиги фермернинг ишини янада оғирлаштиради. Лекин фермер ҳам ишни тўғри ва сифатли бажариш учун ҳаракат қилиши керак. Зеро, эртага ҳосил қанчалик мўл бўлса, даромадни биринчи галда фермер кўради, бошқалар эмас.

Ана шу ҳақиқатни англаб етган фермер борки, соҳада юқори чўққиларни забт этаяпти. Лекин, ишни ўлда-жўлда бажариб, ўзининг ҳам, ернинг ҳам умрини ўтказиб юрган фермерлар ҳамон учраётгани ачинарли.

2019 йил ҳосили учун бошоқли дон экинлари экиш ишларида ҳам ана шундай ҳолатлар намоён бўлмоқда. Айрим фермерлар аллақачон уруғ қадаб, даласида майса ниш кўрсатиб қолган бўлса, айримлар ҳали ерни шудгорлаш тараддудида юрибди.

Мисол учун, Нишон туманидаги “Донаев Норали” фермер хўжалиги 5 гектар, Шаҳрисабз туманидаги “Кеш инвест чорва” фермер хўжалиги 18 гектар, Ғузор туманидаги “Ниёзова Озода” фермер хўжалиги 10 гектар майдонда кузги бошоқли дон экишни режалаштирган. Лекин бу майдонлар ҳали-ҳануз такрорий экинлардан бўшатилмаган ва шудгор қилинмаган.

Энг ачинарли жиҳати, масъул идоралар томонидан бошоқли дон экинлари экиш ишларини ташкил этишдаги хато ва камчиликларни яшириш мақсадида, ҳисоботларга бошоқли дон экинлари экилгани ҳақида қўшиб ёзиш ҳолатларига йўл қўйилган.

Жумладан, Шаҳрисабз туманида 250 гектар, Яккабоғ туманида 739 гектар майдонларга ғалла экилмаган бўлса-да, ҳисоботга қўшиб ёзилган.

Бу каби мисолларни бошқа аксар туманлар кесимида ҳам келтириш мумкин. 

Ўрганиш натижаларига кўра, Инспекциянинг вилоят бошқармаси томонидан масъул идоралар раҳбарлари номига юқоридаги ҳолатлар, уларнинг  келиб  чиқиш сабаблари  ва  бунга  имконият  яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида 12 та тақдимнома киритилди. 60 нафар мансабдор шахс қонун бузилишига йўл қўймаслик хусусида ёзма равишда огоҳлантирилди ҳамда 12 нафар мансабдор шахсга нисбатан интизомий жавобгарликка оид иш қўзғатилди.

Шерниёз УМИРЗОҚОВ

Инспекциянинг вилоят бошқармаси бошлиғи