Иқтисодиёт 16.07.2019 248

ФАҚАТ ҚОРИН ТЎЯРИ УЧУН ИШЛАШ ВАҚТИ ЎТДИ

Бугун иқтисодиётни ривожлантириш, аҳолининг турмуш фаровонлигини юксалтириш, қишлоққа саноатни олиб кириш ва янги иш жойларини яратишда фермер хўжаликлари муҳим аҳамият касб этаяпти. Шунга монанд, мазкур соҳа истиқболи учун кенг имкониятлар яратиш, фермерлик фаолиятини иқтисодий ва ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, қолаверса, уларни кўп тармоқлига айлантиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Чунки, фермернинг фақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш билангина чекланиб қолиши давр талабларига мос келмайди.

Шаҳрисабз туманилик Мўътабар Ўтаганова ҳам бундан бир неча йил муқаддам туманнинг Қўшчинор маҳалласи ҳудудидан 20 гектар ер олиб, "Ўтаганов Одилжон" фермер хўжалигини ташкил этган ҳамда лалми буғдой етиштириш билан фаолиятини бошлаган эди.

Фермернинг изланувчанлиги, ташаббускорлиги натижасида бугун хўжалик фаолияти ҳар томонлама кенгайиб, қўшимча тармоқлар сони ҳам ошиб бормоқда.

- Фақат лалми буғдой экиш билан катта натижага эриша олмаслигимизни билгач, ер ости сувидан фойдаланиб, 6,4 гектар майдонда интенсив боғ ташкил этдик, - дейди фермер. - Бу ерга асосан юқори навли гилос ҳамда ток экканмиз. 

Шу билан бир қаторда, хўжаликда чорвачилик, паррандачилик, қуёнчилик каби тармоқлар ҳам ташкил этилганки, бугун уларнинг ҳар биридан даромад келмоқда.

- Парранданинг ўзига хос тури, яъни япон товуқларини боқаяпмиз, - дейди у. - Айни пайтда 150 тага яқин шу зотдаги товуқларимиз бор. Бу товуқлар кичик, аммо бир қатор афзалликларга эга. Масалан, касалликларга чидамли, тухум ва жўжа беришда маҳсулдорлиги юқори. Қолаверса, ўзининг чиройли кўриниши билан ҳам эътиборни тортади. Шу боис, айни пайтда етиштираётган тухум ва жўжаларимиз ҳудуддаги аҳолининг ўзидан ортаётгани йўқ. 

 Айни пайтда хўжаликда элликдан ортиқ қорамол ҳамда 300 та маҳаллий зотга мансуб қуён ҳам парваришланмоқда. Етиштирилган чорва маҳсулотлари ҳамда қуён гўшти пешма-пеш ҳудуддаги тадбиркорлик субъектларига  етказиб берилаяпти.

Табиийки, тармоқлар сони ошиши билан даромад миқдори ҳам кўпаймоқда. Бу эса фермернинг иқтисодий имкониятлари ортиб, янада каттароқ ишларга сармоя киритишига имкон бераяпти. Мисол учун, яқин икки йил ичида замонавий совуткичли иссиқхона қуриш, мева-сабзавот маҳсулотларини жойлаш учун мўлжалланган пластик қутилар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш фермернинг янги режасига айланган.

Жаҳонгир  БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.