Маънавият 19.03.2019 195

ФАЙЗУ БАРАКА ТИМСОЛИ БЎЛИБ ХУШ КЕЛДИНГ, НАВРЎЗИ ОЛАМ!

Шавкат МИРЗИЁЕВ:

Ҳақиқатан ҳам бу бетакрор байрам барча эзгу ниятли инсонларни бирлаштиради, уларнинг қалбида энг гўзал ва олижаноб туйғуларни уйғотади. Шу боис ҳам Наврўзи олам мустақиллик йилларида, миллати, тили ва динидан қатъи назар, диёримизда яшаётган барча юртдошларимизнинг ардоқли ва севимли байрамига айланди.

Вилоятимизда Наврўз тантаналари

ФАЙЗУ БАРАКА ТИМСОЛИ БЎЛИБ ХУШ КЕЛДИНГ, НАВРЎЗИ ОЛАМ!

Янгиланиш, яшариш фаслининг дебочаси, тенглик, ҳамжиҳатлик, тотувлик айёми, асрий байрамимиз Наврўз барча гўшаларда катта тантана, халқ сайиллари тарзида кўтаринки кайфиятда нишонланмоқда.

Бу йил вилоят марказидаги истироҳат боғларида, Амир Темур кўприги, Абдулла Орипов номидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернат олдидаги хиёбонда сайиллар ўтказилмоқда.  Дошқозонларда ош дамланиб, Наврўз дастурхонининг шоҳ таоми - сумалак ҳозирланаяпти. Сайилгоҳлар аро тикилган ўтов, баҳорни, Наврўзни ифодаловчи байрам безаклари, жойларда ташкил этилган миллий ҳунармандчилик буюмлари кўргазмалари, дор ўйинлари, миллий спорт мусобақалари, кўнгилга яқин файзли манзаралар қалбларга янада кўтаринкилик бағишлаётир.

Наврўз ободлик, орасталик, меҳр-оқибат, хайру саховат айёми бўлгани боис халқимиз бу йил ҳам Йилбошини ана шу эзгу анъанага мувофиқ ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари билан кутиб олди. Кўмакка муҳтожларга беминнат ёрдам кўрсатилиб, беморлар ҳолидан хабар олинди.

Барча жойларда бўлгани каби байрам руҳи, жўшқин кайфият Ғузорда ҳам ҳукмрон. Ғузорликлар  Наврўзга, экин-тикин ишларининг бошланишига пухта ҳозирлик кўришди. Бир неча кун аввал туман пиллакорлари йиғилишиб, мавсумни намунали ўтказиш бўйича ўзаро маслаҳатлашиб олишди. Ғузорлик фермерлар зиммасида жорий йилда 13 минг тоннадан ошиқ пахта тайёрлаш вазифаси турибди. Шу боис айни пайтда далаларда иш қизғин. Бободеҳқонлар ерга уруғ қадашни бошлаб юборишган.

Туманнинг асосий байрам тантаналари "Ғузор" марказий ўйингоҳида бўлиб ўтди. Туман ҳокими Саъдулла Бобоқулов байрам қатнашчиларини қутлар экан, Наврўз миллий қадриятларимиз, урф-одатларимизни намоён этадиган айём эканини таъкидлаб, маррани баланд олган бободеҳқонлар ишига ривож тилади.

Театрлаштирилган концерт  дастурида пойтахтдан келган ҳамда маҳаллий санъаткорлар, умумтаълим мактаблари ўқувчилари, фольклор жамоалари ижросида баҳорни,    Наврўзни, Ватанни, муҳаббатни улуғловчи қўшиқлар ижро этилди. Ҳарбийлар, ёш спортчилар ва гимнастикачи қизлар чиқишлари барчанинг олқишига сазовор бўлди.

Шундан сўнг байрам Чаноқ МФЙ ҳудудидаги болалар ва ўсмирлар спорт мажмуаси қошидаги майдонга кўчди. Бу ерда катта кураш мусобақаси ташкил этилди. Дастлаб даврага ёш полвонлар чиқишди. Кейин турли қишлоқ ва маҳаллалардан, Деҳқонобод, Қамаши, Қарши, Яккабоғ, Нишон туманларидан ҳамда ҳарбий қисмлардан келган полвонлар беллашишди. Айниқса, Хоразмдан келган полвонлар мусобақа нуфузини янада оширди. Кучи ва ҳалол кураши билан ғолиб чиққанларга қимматбаҳо совғалар, мол ва пул мукофотлари берилди.

Мана, учинчи йилдирки, кўп миллатли Миришкор тумани аҳли баҳорги тенгкунликни Сангартепа кенгликларида нишонлаб келадики, бу ўз навбатида инсон ва табиат ўртасидаги боғлиқлик, бир бутунликни ўзида мужассам этади. Йил номига, халқ миллий маданиятига, байрам шукуҳига монанд чорлов, сурат ва безаклар билан ясанган сайилгоҳ ҳар қандай кишини ўзига мафтун этади. Ўзбек, тожик, туркман ва араб урф-одатлари бўй кўрсатиб турган ўтовлар ўзгача тароват касб этган. Бир томонда Шаҳрисабздан келган Жавлонбек Авазов бошчилигидаги дорбозлар гуруҳи томошалари кишиларга завқ бағишласа, иккинчи томонда куй-қўшиқлар авжига чиққан. Масхарабозу кўзбойлоғичлар томошабинларни ҳайрат кўчаси томон бошлайди. Вилоятнинг турли ҳудудларидан жамланган полвонлар ор учун гиламга тушаётир.

- Бу йилги Наврўз жуда гўзал ва файзли ўтмоқда, - дейди тантаналар иштирокчиси Умида Нуралиева. - Буни баҳорий неъматлар тортилган тўкин дастурхонлар атрофидаги қизғин суҳбатлардан, яшил майдон ва кўкаламзорларда ўтказилаётган сайил-томошалардан, кураш, кўпкари мусобақаларидан ҳам билиб олса бўлади. Элнинг кўнгли тўқ бўлса, эртасига ишончи бўлса, байрам татишини шундай кунларда янада чуқур ҳис этасан киши.

Таниқли хонандалар, Помуқ ва Жейнов фольклор жамоалари, болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиларининг ранг-баранг чиқишлари олқишларга сазовор бўлди.

Яккабоғда мавжуд 60 маҳалла аҳли Наврўзни ўзига хос мусобақа тарзида кутиб олди. Ҳар бир ҳудуд миллий таомлар, либослар, ҳунармандчилик маҳсулотлари, қадимий осори атиқаларни ёйиб, урф-одат ва анъаналарини намоён этишди. Ғолиблар аниқланиб, қимматбаҳо совғалар топширилди. "Хуш келибсан элимга Наврўз!" деб номланган бадиий-театрлашган концерт дастури Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри жамоаси иштирокида янада файзли ўтди. Миллий ўйинлар, спорт беллашувлари ҳам ўтказилди.

- Бундай замонга фақат шукур айтиш керак, - дейди 80 ёшли меҳнат фахрийси Қаландар Пардаев. - Кўриб турибмиз, ҳамма хурсанд, аҳил-иноқ, бир оила фарзандларидек байрам қилаяпти. Бир-биридан кўнгил сўраб, омонлик тиламоқда. Юртимиз янада яшнаб, тинчлигимиз абадий бўлсин!

Байрам сайиллари воҳамиз бўйлаб давом этмоқда. Наврўз таровати бутун юрт узра қалблардан қалбларга кўчиб юраверади. Юртимизга файзу барака тимсоли бўлиб хуш келдинг, Наврўзи олам!

Н.ХЎЖАЕВ