Сўнгги янгиликлар 04.10.2019 83

ФАХРИЙЛАР ТАЖРИБАСИ ЁШЛАР ТАРБИЯСИДА АСҚАТМОҚДА

Тадбир

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ штабида Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан ташкил этилган тантанали маросимда 12 нафар нафақадаги ҳарбий хизматчи "Мудофаа вазирлиги фахрийси" кўкрак нишони билан тақдирланди.

Тадбирга узоқ йиллар давомида ҳарбий соҳада ишлаб, ватанимиз тинчлиги йўлида хизмат қилган, бугун ҳам ўзининг бой касбий ва ҳаётий тажрибасини ёш авлодга улашиш йўлида фаоллик кўрсатаётган фахрий ҳарбий хизматчилар таклиф қилинди.

Маросимда таъкидланганидек, бугун ёшларимизни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, улар онгида ватанга садоқат туйғусини камол топтириш, дастлабки ҳарбий билим ва кўникмаларини шакллантиришга устувор аҳамият қаратилмоқда. Бу борада ҳарбий хизмат фахрийларининг бой тажрибасидан фойдаланиш айни муддао. Зеро, ҳозир уларнинг кўплари жойларда маҳорат мактабларини ташкил этиб, ёшлар орасида ҳарбий-ватанпарварлик ғояларини тарғиб этишга муносиб ҳисса қўшиб келишмоқда.Тадбир давомида бу борада фаоллик кўрсатаётган фахрийларга тантанали равишда кўкрак нишонлари топширилди.

Яна бир қатор нафақадаги ҳарбий хизматчиларга фахрий ёрлиқлар ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

Тадбир байрамона дастурхон атрофида янграган куй-қўшиқлар билан янада шукуҳли кечди.

Ж.БОЙМУРОДОВ