Жараён 27.08.2019 98

ФАОЛ ТАДБИРКОР АЁЛЛАР БЕЛЛАШДИ

Анор-2019

Қамаши туманидаги "Турсунов Муҳаммадали Тўлқинович" МЧЖ раҳбари Сожида Умарова дастлаб ишни 6 нафар хотин-қиз билан бошлаган.

Сўнг банкдан 94 миллион сўм кредит олиб, Хитойда ишлаб чиқарилган тикув машиналарини келтириб, 40 нафарга яқин хотин-қизни иш билан таъминлаган. Сожида Умарованинг меҳнатлари "Анор-2019" республика кўрик-танловининг вилоят босқичида эътироф этилди ва у танловнинг ишлаб чиқариш йўналишида биринчи ўринни қўлга киритди.

Вилоят ҳокимлиги, "Тадбиркор аёл" ишбилармон аёллар ва Ўзбекистон банклар ассоциациялари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда 14 нафар тадбиркор, фермер аёл иштирок этди.

- Асосий мақсад хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини кучайтириш, маҳаллаларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожи учун қулай бизнес муҳитини яратиш, аёлларнинг ҳуқуқий ва иқтисодий саводхонлигини оширишга қаратилган, - дейди "Тадбиркор аёл" Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси вилоят бўлими раҳбари Ойниса Очилова. - Танловга 200 нафар хотин-қиз ҳужжатларини тақдим этди.  Ғолибларни аниқлашда тадбиркорлик соҳасида эришган ютуқлари,  инновацион ғоялари, қанча иш ўрни яратгани, экспорт салоҳиятига асосий эътибор қаратилди.

Қишлоқ хўжалиги йўналишида Миришкор туманидаги "Пардаева Малика" фермер хўжалиги раҳбари Асал Раҳимова, хизмат кўрсатиш бўйича эса ички ва ташқи туризм соҳасида фаолият кўрсатаётган Шаҳрисабз шаҳридаги "Тур" МЧЖ раҳбари Юлдуз Мамадиёрова биринчи ўринга муносиб топилди.

Ғолиблар фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Улар энди танловнинг республика босқичида иштирок этади.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Муаллиф олган сурат.