Жамият 08.03.2019 129

ФАОЛ ТАДБИРКОР ВА ЖОНКУЯР МАҲАЛЛА ФАОЛИ

Орамиздаги одамлар

ФАОЛ ТАДБИРКОР ВА ЖОНКУЯР МАҲАЛЛА ФАОЛИ

Туронзамин тарихида ўзининг ҳарбу зарбдаги жасорат ва матонати, ақлу-заковати, нафосат ва назокати ила ўчмас ном қолдирган Тўмарис, Бибихоним, Зебунисо, Нодирабегим, Кенагасойим каби кўплаб аёллар алоҳида эҳтиром билан тилга олинади.

Бугун ҳам оила бекалиги ва фарзандлар тарбиясидан ортиб,  турли соҳаларда самарали фаолият юритаётган ва юксак натижаларга эришиб келаётган хотин-қизларимиз кўпчиликни ташкил этади. Чироқчи туманилик ишбилармон аёл Нодира Турдиева ҳам улардан биридир.

- Яккабоғ туманида "Ўрда Шабода" масъулияти чекланган жамиятини ташкил этиб, буғдой ва пахта етиштириш билан бир қаторда  полизчилик, боғдорчиликни ҳам йўлга қўйганмиз, - дейди у. - Жами 17 гектар ер майдонимиз бор. Шундан 1 гектарида боғ ташкил этганмиз. Ер пахтадан, ғалладан бўшаши билан бирор полиз маҳсулотини экиб, ҳосил олиш ҳаракатига тушамиз. Албатта, ердан унумли фойдалансангиз, даромад ҳам шунга яраша бўлади. Меҳнатимиз ортидан оиламиз фаровон, дастурхонимиз тўкин. Тўрт нафар фарзандимнинг учтасини олий маълумотли қилдим, улар давлат ишида ишлашмоқда. Кичик ўғлим тадбиркор, ишимизни давом эттираяпти. Шу билан бирга 5 та оила вакилларини доимий иш билан таъминлаганмиз.

Нодира Турдиева нафақат тадбиркорлик соҳасида, балки маҳалла ишларида ҳам фаол. У айни пайтда Чироқчи туманидаги Амир Темур маҳалласида хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис сифатида фаолият юритмоқда. Маҳалладошларининг таъкидлашича, ҳудудда эрта никоҳ ва ажрашишларнинг олдини олиш, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, уларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этишда Нодира Турдиеванинг  хизматлари катта.

  Суратда: Нодира Турдиева.

Ж.БОЙМУРОДОВ