Қишлоқ хўжалиги 20.11.2018 342

ФЕРМЕР ЕРИНИ ҲОКИМ ОЛИБ ҚЎЙИШИ ТЎҒРИМИ?

Мурожаат, таҳлил ва тартиб

ФЕРМЕР ЕРИНИ ҲОКИМ ОЛИБ ҚЎЙИШИ ТЎҒРИМИ?

Таҳлиллар фермер ҳамда деҳқон хўжаликлари ташкил қилиш, уларни тугатиш ҳамда фаолияти, айниқса, фермердан ерни олиб қўйиш билан боғлиқ масалалар бўйича аҳоли мурожаатлари кўплигини кўрсатмоқда. Хўш, бу тоифадаги масалалар қайси қонун ҳужжатлари асосида ва қандай ҳал қилинади? Фермер ёки деҳқон хўжалиги ташкил қилмоқчи бўлган фуқаролар нималарни билиши, кимга, қайси ҳужжатлар билан мурожаат қилиши керак?

Биламизки, ер умуммиллий бойлик бўлиб, халқ ҳаёти ва фаровонлигининг асоси ҳисобланади ҳамда давлат томонидан муҳофаза қилинади. Ер муносабатлари Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси ва ерга оид бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади. Ер участкаларини ажратиб бериш Вазирлар Маҳкамаси, вилоятлар, туман (шаҳар)лар ҳокимлари томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади. Ер участкалари шартнома асосида Ўзбекистон фуқаролари ва юридик шахсларига туман (шаҳар)лар ҳокимлари, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар, чет эллик жисмоний ва юридик шахсларга Вазирлар Маҳкамаси томонидан ижарага берилади. Қонунчиликка биноан пахтачилик ва ғаллачилик учун фермер хўжалигига ижарага бериладиган ер участкаси камида 30 гектар, боғдорчилик, узумчилик, сабзавотчилик ва бошқа экинлар учун камида 5 гектар бўлиши керак.

Амалиётда айрим фермер хўжаликлари ердан унумли фойдаланмаётгани, имконияти (техника, ишчи кучи) камлиги натижасида пахта ва ғалла режаларини бажармаётгани, энг муҳими, фойда, даромад йўқлиги кузатилади. Ўз-ўзидан бу тоифадаги фермерларга вакиллар ва ҳашарчилар жалб этиш зарур. Хўш, фермер ўзини ўзи эплаши учун нима қилиш керак? Аксарият мурожаатларда фермерга имкониятига қараб, яъни 30 гектардан кам ер участкаси берилиши ҳамда боғдорчилик, узумчилик, сабзавотчилик фермер хўжаликлари ерининг энг кўп миқдорини 1 гектар қилиб белгилашни қонунга киритиш зарурлиги, бу ҳолат фермер хўжаликлари ва иш ўринлари кўпайишига хизмат қилиши таъкидланган. Шунингдек, фермерга ғалла ва пахтадан бошқа экин турини режа қилиб эктиришни тақиқлаш, фермер фаолиятига аралашишни камайтириш, фермер хўжаликларига хизмат кўрсатиш соҳасини адолатли кўриб чиқиш орқали харажатларини камайтириш ва даромадини ошириш, моддий-техника базаси (фақат енгил автомашина олиш эмас)ни яхшилаш, ҳар йили “мақбуллаштириш” ва фермердан ерни қонунсиз олиб қўйишга қатъий чек қўйиш айтилган. Назаримизда бу мулоҳазалар асосли ва ўринлидир.

Фермер хўжалиги ташкил қилиш қандай амалга оширилади? Ер кодексининг 53-моддасида фермер хўжаликларига ер участкалари эллик йилгача бўлган, лекин ўттиз йилдан кам бўлмаган муддатга очиқ танлов асосида ижарага берилиши белгилаб қўйилган. Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 30 октябрдаги қарори 7-иловасига мувофиқ тасдиқланган низомга мувофиқ, фермер хўжаликларига узоқ муддатли ижарага қишлоқ хўжалиги мақсадидаги ерлардан ва захира ерлардан ажратилади. Олий ўқув юртларига, касб-ҳунар коллежларига ва умумтаълим мактабларига ўқув мақсадлари учун берилган ерлар ҳамда сув фонди ерлари фермер хўжаликларига берилмайди.

Фермер хўжаликларига ижарага берилган қишлоқ хўжалиги ерларидан қатъий мақсадга мувофиқ фойдаланилади, улар хусусийлаштирилиши ва олди-сотди, гаров айирбошлаш объекти бўлиши, шунингдек,   субижарага берилиши мумкин эмас. Ердан бошқа мақсадларда фойдаланиш ижара шартномасини қўпол равишда бузиш ҳисобланади. Ваҳоланки, амалиётда фермерлар томонидан ерларни қонунсиз субижарага бериш, бир йил муддатга ҳужжатсиз олди-сотди қилиш ҳолатлари кўп учрайди.

Чорвачилик маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган фермер хўжалиги камида 30 шартли бош молларни боқиш шартлари билан ташкил этилади. Вилоятимизда ҳар бир шартли бош чорва молига камида 0,45 гектар ер майдони тўғри келиши керак. Ер участкаси олишда фермер хўжалиги ташкил этилаётган жойда яшовчи шахслар, туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгашининг биргаликда берилган тавсиясига эга бўлган ёш фуқаролар бошқа тенг шароитларда устувор ҳуқуқдан фойдаланадилар.

Хўш, фермер хўжалиги ташкил қилиш учун ер участкаси бериш қандай тартибда амалга оширилади?

Бунда дастлаб туман ҳокими захирадаги, юридик ва жисмоний шахсларга берилмаган қишлоқ хўжалиги мақсадидаги ерларни ажратиш ва бу ерларни фермер хўжаликларига бериш бўйича танлов ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилади. Бу қарор маҳаллий оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилиниши, эълон маҳалла фуқаролар йиғинлари ва бошқа биноларда осиб қўйилиши керак. Танлов уни ўтказиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир ой мобайнида ўтказилади.

Ариза бир ой мобайнида бизнес-режа илова қилинган ҳолда туман ҳокимига берилади. Аризада низомда кўрсатилган талаблар кўрсатилиши лозим. Бу аризалар махсус дафтардан рўйхатдан ўтказилади. Туман ҳокимлиги аризаларни туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига юборади. Кенгаш икки кун мобайнида аризаларни кўриб чиқиб, натижалари бўйича хулоса чиқаради. Сўнгра хулосани аризалар билан биргаликда ер майдонларини бериш масалаларини кўриб чиқиш бўйича туман комиссиясига юборади.

Танлов натижалари бўйича туман комиссиясининг қарори протокол билан расмийлаштирилади ва барча ҳужжатлар билан биргаликда халқ депутатлари туман Кенгашига юборилади. Масала Кенгаш сессиясида кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинади ва бу қарор туман ҳокимига юборилади (танловда ғолиб чиққан фуқарога ер участкаси беришни рад этиш ваколатини Кенгашга бериш адолатли бўлармикан?)

Туман ҳокими халқ депутатлари туман Кенгашининг ижобий қарори асосида уч кун мобайнида фермер хўжалиги юритиш учун ер участкаси бериш тўғрисида қарор қабул қилади ва уч кун муддатда ушбу қарорни тасдиқлаш учун вилоят ҳокими бошчилик қиладиган вилоят комиссиясига юборади. Вилоят ҳокими туман ҳокими қарорини тасдиқлаш ёки тасдиқлашни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади.

Туман ҳокими қарори қабул қилинганидан кейин туман ер ресурслари ва давлат кадастр бўлими томонидан беш кун муддатда намунавий шаклга мувофиқ ер участкасини ижарага бериш шартномаси тайёрланади. Шартномага ер участкаси харитаси илова қилиниши керак. Вилоят ҳокими қарори чиққандан кейин бу шартнома туман ҳокими ва фермер хўжалиги бошлиғи томонидан имзоланади. Шартнома туман ер ресурслари ва давлат кадастр бўлимида рўйхатдан ўтказилади, ер участкасини ижарага олганлик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади. Шартнома тузилганидан кейин беш кун муддат ичида туман ер ресурслари ва давлат кадастр бўлими вакили чегарадош ер эгалари иштирокида фермер хўжалиги бошлиғига ижарага берилган ер участкалари чегараларини кўрсатиб, белгилаб беради. Бу ҳолат далолатнома билан расмийлаштирилиб, далолатноманинг бир нусхаси фермерда ва бир нусхаси туман ер ресурслари ва давлат кадастр бўлимида сақланади. Шунингдек, фермер хўжалигига ер участкасини ижарага беришни расмийлаштириш бўйича ер тузиш йиғмажилди икки нусхада тайёрланади.

Фермер хўжаликларининг ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи қуйидаги ҳолларда бекор қилинади: ер участкасидан ихтиёрий воз кечилганда, ер участкаси берилган муддат тугаганда; ер участкасидан белгиланганидан бошқа мақсадларда фойдаланилганда; қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун ҳосилдорлик даражаси уч йил мобайнида нормативдан паст бўлганда; ер унумдорлиги пасайишига, ердан экологик вазиятнинг ёмонлашувига олиб келадиган усуллар билан фойдаланилганда; қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун берилган ерлардан бир йил ва бошқа ерлардан уч йил мобайнида фойдаланилмаганда; солиқлар ва ижара ҳақлари мунтазам равишда тўланмай келинганда. Қонунда назарда тутилмаган асослар билан фермердан ерни олиб қўйиш мумкин эмас.

Фермер хўжалиги раҳбари ер участкаси туман ҳокими томонидан ноқонуний олиб қўйилган деб ҳисоблаган тақдирда туман прокуратураси, маъмурий ишлар бўйича туман суди ёки вилоят ҳокимлигига мурожаат қилиши мумкин. Прокуратура туман ҳокими қарорини ноқонуний ҳисоблаганда протест киритади. Маъмурий судлар ва вилоят ҳокими туман ҳокими қарорини бекор қилишга ҳақлидир.

Фермер хўжалигининг ер участкаси халқ депутатлари туман Кенгаши қарори асосида олиб қўйилса, нима қилиш керак?

Прокурор халқ депутатлари Кенгаши қарорига протест киритиш ваколатига эга эмас. Халқ депутатлари туман Кенгашининг қарори халқ депутатлари вилоят Кенгаши қарори билан бекор қилиниши мумкин.

Аксарият фермер хўжаликларида ишчилар ёлланиб ишлайди. Битта фермер хўжалигида ўнта ишчи ишласа, уч нафари қонуний расмийлаштирилиб, фермер хўжалиги фақат шу уч киши учун Пенсия жамғармасига пул ўтказади. Қолган етти фуқаро “ишсиз” ҳисобланиб, уларнинг келгусида пенсия олиш ҳуқуқи кафолатланмаган. Назаримизда фермер ва ёлланма ишчилар манфаатини инобатга олиб қонунларимизга бу борада тегишли қўшимчалар киритилиши керак.

Худди шундай, деҳқон хўжалиги ташкил қилиш учун ер участкаси бериш ҳам алоҳида тартиб асосида амалга оширилади. Бу масала Ер   кодексининг 55-моддаси ва “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги Қонун талаблари асосида ҳал қилинади. Оилали ва қишлоқ жойларда камида уч йил мобайнида яшаб турган фуқароларга деҳқон хўжалиги юритиш учун мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга томорқа ер участкаси суғориладиган ерларда 0,35 гектаргача ва суғорилмайдиган ерларда 0,5 гектаргача ўлчамда берилади. Бунинг учун фуқаро туман ҳокими номига ер участкасининг мўлжалланган жойини кўрсатган ҳолда ариза беради. Туман ҳокими ер участкаларини бериш масалаларини кўриб чиқувчи комиссия хулосаси асосида қарор қабул қилади.

Деҳқон хўжалиги давлат рўйхатига олинганидан кейин, бу ҳақда деҳқон хўжалиги бошлиғига тегишли намунадаги гувоҳнома берилгач ташкил этилган ҳисобланади. Деҳқон хўжалигини давлат рўйхатидан ўтказганлик учун давлат божи ундирилмайди. Деҳқон хўжалиги ер участкаси хусусийлаштирилиши ва олди-сотди, гаров ва ҳадя объекти бўлиши, бу ерда қурилишлар қилиш мумкин эмас. Деҳқон хўжалиги еридан белгиланган мақсадда фойдаланиш, бир йилгача фойдаланишга киришиш керак.

Деҳқон хўжалигида ҳақ ер солиғи тариқасида ундирилади. Деҳқон хўжалиги аъзоларининг сарфланган иш вақти Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига бадаллар тўлаб борилган тақдирда меҳнат стажига киритилади. Бунинг учун суғурта бадалларини йилига энг кам иш ҳақининг тўрт ярим бараваридан кам бўлмаган миқдорда йилнинг 1 октябрь кунига қадар тўлаш керак. Бу қоида деҳқон хўжалиги бошлиғи учун мажбурий, аъзолари учун ихтиёрийдир. Ана шунда бир йиллик иш стажи ёзилади.

Аҳоли кўпайиши билан ерга оид муносабатларни тартибга солиш, унумли фойдаланиш ва келгуси авлод учун ҳам сифатли сақлаш долзарблашиб боради. Муҳими, ҳар бир истовчи фуқарога деҳқончилик ва чорвачилик қилиши учун тенг имконият яратиб бериш керак. Ерларни адолатсиз тақсимлаш муаммо ва зиддиятлар кўпайишига сабаб бўлади.

Абдишукур ОМОНОВ,

вилоят ҳокимлиги юридик хизмат раҳбари