Иқтисодиёт 25.06.2019 191

ФЕРМЕР ҚОЗОҒИСТОНГА ПИЁЗ ЖЎНАТДИ

Қашқадарё ва дунё

Мамлакатимизда  деҳқончиликка яроқли ер кўп. Аҳолини муҳим қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан бутун йил давомида таъминлаш асло муаммо бўлмаслиги керак. Аксинча, салоҳиятимиз шу даражага етадики, истеъмолдан ортганини хориж  бозорига ҳам тақдим этиш мумкин. Бу эса деҳқонга ҳам, иқтисодиётимиз учун ҳам фойда.

Нишон туманидаги "Нишон агро мева экспорт" фермер хўжалиги ташкил топганига ҳам 2 йил бўлган. Фаолият бошлашдан кўзланган мақсад хўжаликка танланган номдан ҳам билиниб турибди. Аҳолини турфа ноз-неъматлар билан таъминлаш, чет элликларни ҳам бундан баҳраманд этиш. Хўш, бу вазифа қандай уддаланмоқда?

- Пахта ва ғаллачилик билан ҳам шуғуллансакда, сархил сабзавот маҳсулотлари етиштиришга ҳам катта аҳамият бераяпмиз, - дейди фермер Шерали Шукуров. - Қишлоқ хўжалигининг бу тармоғини фаол йўлга қўйганмиз. Сабзавотни асосий ва такрорий экин сифатида парвариш қилаяпмиз. Бу йилдан ташқи бозорга ҳам йўл топа олдик. Қозоғистонга ўтган йилги ҳосилдан 400 тонна пиёз юклаб жўнатдик. Айни пайтда бозорни яхшилаб ўрганаяпмиз. Бошқа маҳсулотларни ҳам таклиф этиш ниятимиз бор.

Фермернинг айтишича, бугунги кунда хўжалик тасарруфидаги 30 гектар майдонда сабзи парваришланмоқда. Тез орада ҳосил йиғиштириб олинади. Бу ҳам экспортбоп маҳсулот. Боиси, унга харидор бор. Фақат қанча миқдорда сотиш масаласида келишувга эришилса бўлгани.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.