Қишлоқ хўжалиги 20.11.2018 213

ФЕРМЕРГА ҲАМ, СУВЧИГА ҲАМ ЧОРА КЎРИЛДИ

Назорат ва натижа

ФЕРМЕРГА ҲАМ, СУВЧИГА ҲАМ ЧОРА КЎРИЛДИ

Маълумки, мамлакатимиз сув ресурслари билан таъминланиш ва фойдаланиш табиий шароити анча ноқулай минтақада жойлашган. Мамлакатимизда фойдаланиладиган сув ресурсларининг тахминан 10 фоизи республикамиз ҳудудида ҳосил бўлади, қолган 90 фоизи қўшни мамлакатлар орқали келадиган сувлардир.

Қолаверса, бу сувларни тўплаш, сақлаш ва экин далаларига қадар олиб бориш жуда катта машаққат ва сарф-харажатни талаб этади. Айниқса, вилоятимизда бу жиҳат янада кўпроқ сезилади. Биргина Амударё сувини оладиган бўлсак, у 45 та катта насос агрегатлари орқали 132 метр баландликка кўтарилиб, Талимаржон сув омборига ташланади. Шундан сўнгина бу сувни Нишон, Миришкор, Қарши, Касби, Ғузор ва Косон туманларидаги экин майдонларига етказиб бериш мумкин.

Бу маълумотларни келтиришдан мақсад шуки, вилоятимизда сувнинг ҳар қатрасидан тежаб-тергаб, оқилона фойдаланиш эҳтиёжи юқори. Шундагина мавжуд сувлар барча экин далалари учун бирдек тақсимланади. Аммо айрим фуқаролар томонидан экин далаларини суғоришда сувдан хўжасизларча фойдаланиш, уни исроф қилиш ҳолатларига йўл қўйилиши бошқа бир далада сув етишмаслигига сабаб бўлмоқда.

Бош прокуратура ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси Қарши туман бўлими ходимлари томонидан ўтказилган назорат тадбирлари жараёнида ҳам бир қанча ана шундай ҳолатлар фош этилди.

Жумладан, 4 ноябрь куни тумандаги "Ислом Турсунов даласи" фермер хўжалигининг ғалла майдони кўздан кечирилганда, даланинг 25 сотих қисмида 30 сантиметр баландликда сув кўллатилгани аниқланди.

Инспекция ходимлари томонидан мазкур ҳолат бўйича тегишли далолатнома расмийлаштирилиб, хўжалик раҳбари Илҳом Турсуновга нисбатан маъмурий чора қўлланди.

Худди шундай ҳолат, туман ҳудудидаги "Шамшодбек Жавоҳир", "Аслзода нигоҳи" фермер хўжаликлари ғалла майдонларида ҳам қайд этилди.

Ушбу ҳолатлар бўйича бевосита хўжалик раҳбарлари огоҳлантирилиб, сувнинг исроф қилинишига йўл қўйган ишчи ходимларга нисбатан маъмурий жазо чоралари қўлланилди.

Сув - бебаҳо бойлик, ризқ-рўзимиз манбаи ҳисобланади. Шундай экан, ундан оқилона фойдаланиш, бир томчисини ҳам увол қилмаслигимиз лозим.

Шаҳбоз ЧОРИЕВ,

инспекциянинг Қарши туман бўлими катта инспектори