Сўнгги янгиликлар 16.08.2019 107

ФЕРМЕРЛАРНИ ҚАНДАЙ МУАММОЛАР ҚИЙНАМОҚДА?

Сайёр қабул

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармаси ташаббуси билан Муборак туманида сайёр қабул ташкил этилди. Унда ҳудуддаги фермер ва деҳқон хўжаликлари вакиллари иштирок этиб, ўзларини қийнаб келаётган муаммолар ҳақида маълум қилди.

Таъкидлаш жоиз, туманнинг бир қатор ҳудудларида сув тақчиллиги, сув йўлларининг таъмирталаблиги кузатилади. Бу эса фермер хўжаликлари учун экинларни парваришлашда қатор қийинчиликларни келтириб чиқармоқда. Сайёр қабулда ҳам кўпгина фермер хўжаликлари худди шундай муаммо билан мурожаат этишди.

Уларнинг мурожаатлари туман қишлоқ хўжалиги, сув хўжалиги бўлимлари иштирокида таҳлил этилиб, деҳқончилик учун ажратилган сувларнинг барча ҳудудларга бирдек етиб боришини таъминлаш, айрим жойларда эса ер ости сувларидан фойдаланиш, носоз сув иншоотларини таъмирлаш бўйича амалий чоралар кўриладиган бўлди.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги фаолиятини ташкил этиш учун ер ажратиш, фермер хўжаликларига берилаётган ёнилғи-мойлаш маҳсулотларининг камлиги масаласида ҳам қатор саволлар бўлди. Бу мурожаатларнинг бир қисми шу жойнинг ўзида ҳал этилган бўлса, айримларини ўрганиб ҳал этиш тегишли масъулларга юклатилиб, ижроси назоратга олинди.

Сайёр қабулда умумий ҳисобда 20 та мурожаат кўриб чиқилиб, шундан 7 таси жойида ҳал этилди. Яна 9 таси юзасидан тегишли тушунтириш берилган бўлса, 4 тасини ҳал этиш бўйича аниқ чоралар белгиланди.

Сарвиноз  ИСМОИЛОВА,

Ўзагроинспекциянинг вилоят бошқармаси бош инспектори