Иқтисодиёт 07.06.2019 140

ФИНАЛДА ҚАШҚАДАРЁ ШАРАФИНИ КИМ ҲИМОЯ ҚИЛАДИ?

Ташаббус-2019

Тадбиркор ишига холис баҳони қандай бериш мумкин? Албатта, муайян давр мобайнида ўз фаолиятида инновациялар, илм-фаннинг илғор ютуқларини қай даражада қўллай олгани, истеъмол бозорида нақадар мустаҳкам ўрин эгаллаганига қараб. Бизнесини доим шу ёндашув асосида ташкил этувчи ишбилармондан бирор ташаббус, янгилик кутса бўлади. Ташаббускорлар эса ҳеч қачон эътибордан четда қолмайди, муносиб рағбат топади, намуна қилиб кўрсатилади.

Бугун Қарши шаҳрида Президент соврини учун ўтказиладиган "Ташаббус-2019" кўрик-танлови вилоят    босқичидан ҳам ана шу мақсад кўзланган. Ўтган фурсатда ўз соҳасида аъло натижаларни қўлга киритган хусусий сектор вакиллари, албатта, қўллаб-қувватланиши даркор. Ғолиблик учун даъвогарлар эса 5 та асосий йўналишда баҳс олиб боради.

Ушбу нуфузли тадбирда вилоятимизнинг барча ҳудудларидан келган 70 дан ортиқ тадбиркор, ҳунарманд, фермер ўзи ишлаб чиқараётган маҳсулот, кўрсатаётган хизматлар кўргазмаси билан иштирок этади. Қатнашчилар тегишли мезонлар асосида ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилади. Ишлаб чиқариш жараёнида юқори маҳсулдорлик қайд этгани, ўзига хослиги билан яққол ажралиб тургани ишбилармонлар учун юқори ўринларни кафолатловчи асосий омил бўлиб хизмат қилиши лозим. Фақат бу жараёнда холислик ва шаффофлик таъминланса бўлгани.

Таъкидлаш жоиз, кўрик-танлов иштирокчилари орасидан "Саноат соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори", "Хизмат кўрсатиш соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори", "Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори", "Йилнинг энг яхши фермери", "Йилнинг энг яхши ҳунарманди" сингари асосий йўналишлар бўйича ғолиблар сараланади. Улар танловнинг ҳал қилувчи босқичида вилоятимиз шарафини ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлади.

М.ШУҲРАТОВ