Сўнгги янгиликлар 28.02.2019 103

ФИРИБГАР АЁЛЛАРГА СУД ҲУКМИ ЎҚИЛДИ

ФИРИБГАР АЁЛЛАРГА СУД ҲУКМИ ЎҚИЛДИ

1966 йилда Қамаши туманида туғилган, муқаддам содир этган турли жиноятлари учун 5 маротаба судланган Гулсанам Хўжамова (барча исм ва фамилиялар ўзгартирилган) ҳамда 1975 йилда Қарши шаҳрида туғилган Фарида Масрурова фуқаро Гулзода Тожиевадан 2018 йил 26 ноябрь куни “Жиянингизни Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтига ўқишга киритиб қўямиз” деган ваъда билан 4 минг АҚШ долларини олишган.

Аслида Гулзода Тожиеванинг жияни Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтига ҳужжат топширган ва тест синовларида етарли балл тўплай олмаган. Шундан сўнг қўшимча шартнома асосида ўқишга кирмоқчи бўлган. Бу ҳақда эшитган икки аёл эса пулни қўлга киритиш мақсадида Гулзода Тожиевага “юқорида” ишлайдиган танишлари орқали жиянини Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтига ўқишга киритиб қўйишини айтиб, бунинг эвазига 4 минг АҚШ доллари сўраган.

Аммо фирибгар аёлларнинг режаси амалга ошмайди. Улар айтилган пулни энди қўлга киритган вақтларида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан ушланган.

Жиноят ишлари бўйича Нишон туман судининг очиқ сайёр суд мажлисида Гулсанам Хўжамова ҳамда Фарида Масруроваларга нисбатан юритилган жиноят иши кўриб чиқилиб, уларнинг ҳар иккисига 1 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда, 2 йилу 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Ж.БОЙМУРОДОВ