Жараён 06.08.2019 82

Геотуризм: СИРЛИ МАНЗИЛЛАР САРИ ЙЎЛ

Қашқадарё ва дунё

1-3 август кунлари вилоятимизда ўтказилган I Халқаро геотуристик форуми якунига кўра, ЮНЕСКО Ўзбекистоннинг мамлакат ва бутун МДҲ ҳудудидаги биринчи геопаркни яратишга оид ташаббусини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди ва 2020 йилда шу мавзуда ҳамкорликда конференция ўтказишни таклиф қилди. 

Илгари хабар берганимиздек, юртимизда илк бор уюштирилган халқаро геотуристик форуми Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш ҳамда Геология ва минерал ресурслар давлат қўмиталари ҳамкорлигида ташкил этилди.

Асосий қисми воҳамиздаги ноёб табиий ҳудуд - Китоб давлат геология қўриқхонасида бўлиб ўтган форум Шаҳрисабз маданият саройида тантанали равишда очилди. Маросимда ўзбекистонлик ва чет эллик олимлар, геология ва минерал ресурслар соҳасида фаолият юритувчи мутахассислар иштирок этди.

- Биринчи геотуристик форумнинг Китоб давлат геология қўриқхонаси ҳудудида ўтказилиши рамзий аҳамиятга эгадир, зеро жаҳон океанидан қуруқликка чиққан ҳаётнинг бошланиш жойи мамлакатимизда геотуризмни ривожлантириш учун айни муддаодир, - деди очилиш маросимида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари вазифасини  бажарувчи Улуғбек Касимходжаев. - Форумнинг мақсади Ўзбекистонда гео- ва палео-туризмни ривожлантириш учун янги истиқбол ва имкониятларни очиш, жаҳоннинг геология ва палеонтология илм марказлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ўрнатиш, илмий ва амалий тажриба алмашиш, янги туристик маҳсулотларни яратиш, мавжуд туристик дастурларни бойитишдан иборатдир.

 Шундан сўнг тадбирда маҳаллий ва хорижий олимларнинг чиқишлари ташкил этилиб, улар "Ўзбекистонни 2030-йилгача бўлган даврда барқарор ривожлантиришда миллий мақсад ва вазифалар ҳамда замонавий геотуризм", "Геопарклар фаолиятини йўлга қўйиш орқали геотуризмни ривожлантириш ва бунда ЮНЕСКОнинг геофанлар ва геопаркларга оид халқаро амалий тажрибасидан фойдаланиш" каби мавзуларни қамраб олди.

Форумнинг бевосита Китоб геологик қўриқхонаси ҳудудида ўтказилган қисмида иштирокчилар Зинзилбон кесимида жойлашган девон тизимининг халқаро стратиграфик эталонларидан бири - 1996 йилда геология фанлари халқаро уюшмаси томонидан ратификация қилинган эмс ярусининг қуйи чегараси стратотипини бориб кўришди. Тадбирда айтилганидек, Ернинг геологик тарихига оид бу ноёб табиий-илмий ёдгорлик шу пайтгача фақат олимлар учун очиқ бўлган. Форум доирасида эса унинг ташкилотчилари бу палеонтологик-стратиграфик объектни барча сайёҳлар ҳам келиб кўришларига рухсат бериш режалаштирилаётгани ва бу борада янги геотуристик йўналиш очилиши мумкинлигини билдиришди.

Форумда иштирок этган олимлар эса қўриқхонанинг бутун ҳудудини ўрганиш бўйича зарур илмий ва маркетинг тадқиқотларини ўтказиш, Ўзбекистонда халқаро тажриба асосида биринчи геопаркни яратиш бўйича "йўл харитаси"ни ишлаб чиқиш ва унда, албатта, геологик ёдгорлик ва атрофидаги табиатни асл ҳолида сақлашни назарда тутиш зарурлигини таъкидлашди.

- Мазкур форум геотуризмни ривожлантириш ҳамда шу мавзудаги муҳокамаларни давом эттиришга туртки бермоқда, - деди тадбирнинг якуний қисмида  ЮНЕСКОнинг Марказий Осиёдаги офиси табиий фанлар бўлими бошлиғи Кристина Товмасян. - Бу ерда геопаркни ривожлантиришга бўлган катта қизиқишни кўрар эканмиз, ЮНЕСКО Ўзбекистоннинг геопарк яратишга доир ташаббусини қўллаб-қувватлашга тайёр. Афсуски, МДҲ мамлакатлари ҳудудида ЮНЕСКО глобал геопарклар тармоғи, шунингдек, бу тармоқни ривожлантиришга оид тажриба йўқ. Шу боис биз келгуси йилда Ўзбекистон билан ҳамкорликда геопарклар бўйича конференция ўтказишни таклиф қиламиз.

I Халқаро геотуристик форум доирасида унинг иштирокчилари томонидан экологик ва геологик туризмни ривожлантиришда ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатиш, тажриба алмашиш, янги туристик маҳсулотлар яратиш ва мавжуд дастурларни бойитишга доир протокол имзоланди. 

Ўз мухбиримиз

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.