Тиббиёт 23.08.2019 125

ГЕПАТИТ А: БЕЛГИ БЕРМАСЛИГИ ҲАМ МУМКИН

Дўхтир огоҳлантиради

Мутахассисларнинг таъкидлашича, иссиқ мавсум вирусли касалликлар авж оладиган палла ҳисобланади. Масалан, ёз ойларида ошқозон-ичак инфекцияси, тери ва аллергик хасталиклар кенг тарқала бошлайди. Шунингдек, бу мавсумда юқумли гепатит, айниқса, гепатитнинг А тури бирмунча хавф туғдиради. Хўш, бу қандай хасталик? У қай тарзда юқади ва асоратлари қандай? Ушбу саволлар билан вилоят юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори Ҳамза      ЭРНАЗАРОВга мурожаат қилдик.

- Вирусли гепатит А - юқумли касаллик бўлиб, аксар ҳолларда болаларда учрайди. Бунда вирус жигар ҳужайраларини зарарлайди. Касаллик вирус билан зарарланган сув ва озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш натижасида оғиз орқали юқади. Бемор кўпинча икки ҳафта оғир бўлиб, кейинги бир ёки уч ой давомида қувватсиз бўлади. Кўз оқидаги хасталик туфайли пайдо бўлган сариқ ранг йўқолганидан сўнг ҳам уч ҳафта ўтгунга қадар бемордан атрофдагиларга вирус осонгина юқади.  

Ушбу касаллик ҳаводан юқмайди, балки болалар қўлини ювмасдан овқатланганида, қайнатилмаган сув ичишлари сабабли касалликка чалинишади. Шу билан биргаликда, болалар мактабгача таълим муассасаларида, мактабда ўзаро мулоқот жараёнида ҳам гепатит юқтириб олишлари мумкин. Табиийки, уйда ўтирган болалар камроқ шу касаллик билан оғришади.

Белгилари қандай?

- Хасталик дастлаб яширин кечади. Бу давр 35 кун бўлиб, айтарли аломатлари сезилмайди. Ҳар бир организмда ўзининг иммунитетига қараб касаллик кечиши турлича бўлади. Айрим беморларда 15 кун, баъзиларда эса 35 кунда гепатит белги беради. Бу албатта, организмга тушган вируснинг қанча миқдордалиги ва иммун тизимининг ҳолатига боғлиқ. Хасталикнинг илк даврида беморда сариқлик аломатлари бўлмайди, лекин ундан олдинги белгилар бўлади. Нафас йўлларининг яллиғланиши, ич кетиши, грипп ва ўткир респиратор вирусли инфекциялар  каби аломатлар юзага чиқади. Касалликнинг ушбу даври 5 кундан 7 кунгача давом этиши мумкин. Сўнг организмда сариқ касаллиги белгилари бошланади. Ота-оналар кўпинча бизга айни ўша аломатлар бошланган пайтда мурожаат қилишади. Шифокорга аввалроқ мурожаат қилиш мақсадга мувофиқ. Сабаби, ушбу даврда вирус асосан ахлат ва пешоб орқали ажралиб чиқади ва касаллик анча юқумли бўлади. Беморнинг териси ва кўз оқлари сарғайганидан 2-3 кун ўтгач эса касаллик юқмайди. Касалликнинг юқумли даврини болалар боғча ёки мактабда, уйда ўтказиб юборишади. Шунинг учун ҳам гепатитнинг тарқалиши тезлашади, кўпаяди.

Даво турлари қандай?

- Гепатит А сурункали давом этмайди, 6 ойдан сўнг бемор соғлом кишилар қаторига қўшилади. Эътибор қилиш керак бўлган жиҳати шундаки, бемор тузалгандан кейин ҳам белгиланган парҳезларга амал қилиши шарт. Чунки жигар тўқималари тикланиши учун кўп вақт керак бўлади. Мана шу давр мобайнида бемор ёғли, аччиқ ва шўр овқатларни истеъмол қилиши мумкин эмас. Кейин жигарни зўриқтириш ҳам тақиқланади. Беморга 3 килограммдан ортиқ юк кўтариш ман этилади. Ота-оналар мана шу жиҳатларга жиддий эътибор бериб, назоратга олишса, бемор касалликдан буткул фориғ бўлади.

Тозалик - энг яхши даво

- Биринчи галда тозаликка эътибор бериш керак. Ота-оналар иложи борича болаларнинг гигиена қоидаларига тўла амал қилишларига эътиборли бўлиши, болалар қайнатилмаган сувни ичмасликлари, тўғри овқатланиши зарур. Албатта, катталар болада гепатит белгиларини сезгудек бўлишса, дарҳол шифокорга мурожаат қилишлари зарур. Чунки касалликнинг биринчи белгилари қон, пешоб, ахлатни лабораторияда текшириш орқали аниқланади. Гепатит касаллигининг сариқлик билан кечувчи тури ва сариқ бўлмаган турлари бор. Эҳтимол бемор ушбу касаллик билан оғриса ҳам сариқ касаллиги ўзининг белгиларини бермаслиги мумкин. Буни фақат жигарни текшириб кўриб аниқлаш мумкин.

Ш.БОЗОРОВА