Қишлоқ хўжалиги 05.06.2017 1649

ГИЛОС - ТАННИ ЭТАР СОЗ

Мавсум туҳфаси

ГИЛОС - ТАННИ ЭТАР СОЗ

Бирин-кетин пишиб, рангга кирган мевалар бугун дастурхонимизга кўрк, танимизга қувват бахш этмоқда. Улар орасидан эртапишари - дарахт барглари орасидан майин мўралаган гилос  тотли ва тўйимли мевадир. Тарихи 8 - 9 минг йилларга бориб етадиган бу ўсимликнинг ҳосили шифога кон. 

 Минг йиллар мобайнида ўзининг мўъжизавий кучини инсониятга ато этиб келаётган гилос дарахти барги ва мевасида кўп миқдордаги фойдали моддалар, витамин ва минераллар мавжуд. Шу боис бу дарахт инсонлар томонидан қадрланиб, парваришланади. Шунингдек, қийғос гуллаган гилос гулларидан фойдали ва шифобахш асал олинади. Мутахассисларнинг айтишича, асаларилар бир гектар гилосли боғдан ўртача 35 килограмм тоза асал йиғиб олар экан.

- Гилос меваси таркибида вужудимизда кечувчи моддалар алмашинуви жараёнида муҳим аҳамиятга эга бўлган кальций, темир, магний, фосфор, калий, натрий  минераллари бор, - дейди биотехнолог Муродулла Ҳалимов.  – Шунга кўра, камқонликдан азият чекаётганлар бу мевадан етарлича истеъмол қилишса, дарддан халос бўладилар. У органик кислоталар, сахароза, РР ва В6 витаминлари, йод, фтор, хром, кремний, никель, рух, марганец сингари микроэлемент­лар, пектинлар, флавоноидлар гуруҳига мансуб антоцианларни ўзида сақлаб, саломатлигимизни  мустаҳкамлашга кўмаклашади.

Айрим травматолог мутахассислар гилос мевасидан касалликларни даволашда фойдаланади. Асосан ёш болалар билан ишловчи шифокорлар кўпинча артрит, ревматизм ва подагра касаллиги билан оғриган болаларга гилос дамламасини ичишни тавсия этишади. Чунки бу усул нафақат дарддан халос этади, балки организм учун қувват манбаи ҳамдир.

Дамлама тайёрлаш учун янги узилган ширин гилос меваси тавсия этилади. У қуйидагича тайёрланади: 1 литр қайнаган сувга бир пиёла гилос меваси солинади ва паст оловда 7 дақиқа қайнатилади. Сўнгра оловдан олиниб, оғзи бекитилган ҳолда 20 дақиқа дам берилади. Қайнатмадан бир кунда  камида ярим литр истеъмол қилиш  лозим. Муолажани 20 кун давом эттирганлар нафақат оғриқдан халос бўлишади, балки камқонликдан қутулиб, иммунитети кўтарилади.

Халқ табобатида гилос мевасидан кўплаб касалликларни даволаш ва олдини  олишда фойдаланилади. Бу мевани истеъмол қилиш орқали буйрак ва жигар фаолиятини яхшилаш, қон  айланишини меъёрлаштириш мумкин. Шунингдек, гипертония билан оғриган беморлар пишиқчилик пайтида тўқ қизил гилосдан кунига 250-300 граммдан еса, йиллик қувватни ва шифони   олади. 

 Гилос меваси ичак фаолиятига ижобий таъсир кўрсатиш хусусиятига ҳам эга.  Шунинг учун у ичак фаолияти сусайиши, қабзият ва бошқа ички хасталикларда даво сифатида қўлланилади. Шарбати ва қайнатмаси овқат ҳазм қилиш тизими фаолиятини яхшилайди. Таркибидаги органик кислоталар мавжудлиги боис ошқозонда кислота миқдорини оширмайди ва уни гастрит билан оғриган беморлар ҳам бемалол истеъмол қилишлари мумкин.

Агар кишида гемоглобин миқдори пасайган бўлса ёки камқонлик диагнози қўйилса, гилос бу хасталиклардан қутулишда қўл келади. Бор-йўғи бир ҳафта давомида мунтазам бу  мевадан истеъмол қилиш, гемоглобин миқдорини кўтариш ва анемиядан фориғ бўлиш имконини беради.

Мутахассислар гилоснинг янги узилганини истеъмол қилишни тавсия этишади ва бунда витаминлари сақланиб қолишини айтишади. Ундан тайёрланган мураббо, компот ва пишириқларда эса гилос ўзининг мазаси ва фойдали хусусиятларини йўқотиши кузатилган.

Ҳар нарсада меъёр бўлиши керак. Зеро, гилоснинг фойдали хоссаларидан ташқари зарарли томони ҳам бор. Гилос мевасини ҳаддан ташқари кўп истеъмол қилиш организмда ортиқча суюқлик йиғилишига ва натижада танада шиш пайдо бўлишига олиб келади.

 С. АЛЛАЁРОВА тайёрлади.